1 апрелдан Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислигига номзодларни Қонунчилик палатаси маъқуллайди

янв 30 / 2019

alt

Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.
 
Фармон билан Ҳукумат фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди, деб хабар қилади "Ҳуқуқий ахборот".
 
Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 апрелдан:
 
– Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари лавозимларига номзодлар Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланади. Бунда номзодлар ўзларининг ҳаракатлар режаларини тақдим этиши лозим;
– барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар раҳбарлари фаолияти баҳолаб борилади;
– Ҳукуматнинг мавзули сайёр (очиқ) мажлислари тизимли асосда ўтказилади;
– Бош вазир Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Олий Мажлис палаталарига Давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
 
2019 йил 1 майгача вазирликлар, давлат қўмиталари, Ҳукумат тузилмасига кирувчи идоралар ҳамда хўжалик бошқаруви органларини янада ихчамлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
 
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги (янги таҳрирда) ҳамда “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинади.
 
Давлат бошқаруви органлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари меҳнат натижалари, бажариладиган меҳнат функцияларининг мураккаблиги ва жавобгарлиги билан чамбарчас боғлиқ ҳолда такомиллаштирилади.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *