Сотувга тайёрланган ҳомила

апр 27 / 2019

alt

Шу ойнинг бошларида ижтимоий тармоқлар ҳамда турли сайтларда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Янгийўл шаҳар бўлими ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган текширишда, Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлими акушер-гинекологи Руқия Ҳабибова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фуқаро Зумрад Эркинованинг жорий йилнинг 1 апрелида туғилган қиз фарзандини гўёки ўлди, дея бу ҳақда ҳеч қандай маълумот қайд этмасдан, чақалоқни 100 АҚШ доллари эвазига фуқаро Салима Мансуровага сохта ҳужжатлар расмийлаштириш орқали сотиб юборганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ушбу хабарни ўқиган онгли одамда ҳақли савол туғилиши табиий. Наҳотки, бир неча ой юрагининг остида кўтариб юрган фарзандининг ўлик туғилганига она шунчалик осон ишонса?.. Ёки ҳар бир намунали оила фарзанди ўлик туғилган тақдирда ҳам уни диний расм-русумларга асосан дафн этмайдими?..

Мазкур саволларга жавоб излаб, воқеани атрофлича ўргандик. Маълум бўлишича, чақалоқнинг онаси З.Эркинова эндигина 21 ёшни қарши олган бўлса-да, бу гўдак унинг иккинчи фарзанди бўлган. Бу аёл биринчи боласини дунёга келтиришни истамай, уни олдириб ташлаган экан. Бунга нима сабаб, дерсиз. З.Эркинова вояга етгандан сўнг ҳаётни ўз қаричи билан ўлчай бошлайди. Катталарнинг панд-насиҳатларини бир четга суради. Иффатини сақлаб, оила қуриб, бир гўшангага келин бўлиш ўрнига, ҳаётни фақат ўйин-кулгу, кайф-сафодан иборат, деб билади. Тунларни тонг­га улаб, пулдор эркакларнинг «меҳ­мон»­и бўлади. Мана шундай ҳаёт ортидан биринчи ҳомиласини орттирган Зумрадга ўз дунёсидаги «ширин» ҳаёт афзал кўриниб, ҳомиласидан воз кечади ва уни олдириб ташлайди-да, енгил ҳаётини давом эттиради. Орадан маълум вақт ўтгач, Зумрад иккинчи марта ҳомиладор бўлади. Бу сафар ҳомиласини олдириб ташлаш учун Янгийўл туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлими акушер-гинекологи Р.Ҳабибовага учрашади. Айни шу вақтда Р.Ҳабибовага «мижоз» сифатида С.Мансурова мурожаат қилиб, чақалоқ топиб беришини илтимос қилган экан. Зумраднинг «мақсад»и шифокор учун айни муддао бўлади. Р.Ҳабибова ҳомилани олиб ташлашни ортга суриб, С.Мансуровани туғруқ бўлимига ҳомиладор сифатида рўй­хатга олади. Аслида ҳомиладор бўлмаган С.Мансурова қўни-қўшнилар орасида бўйида бўлганлиги ҳақида гап тарқатиб, ўзидаги ўзгаришларни сунъий равишда амалга ошириб юраверади. Камига резина қорин сотиб олиб, унинг ёрдами билан қорнини катталаштириб бораверади. Р.Ҳабибова ҳам Зумраднинг ҳомиласи катта бўлиб қолганлиги, энди уни туширишнинг иложи йўқлиги, бола етти ойлик бўлгандагина туғдириб олишини айтади. Ҳомила етти ойлик бўлгач, шифокор Зумрадга дард чақирувчи дори бериб, туғруқни тезлаштиради ва «сохта» ҳомиладор С.Мансуровани ҳам туғруқ бўлимига чақириб олади. Зумраднинг кўзи ёригач, болани олиб, С.Мансуровага беради ва қиз фарзанд дунёга келтирганлиги ҳақида ҳужжат расмийлаштиради. З.Эркиновага эса «Боланг қорнингда ўлган экан, олиб ташладик», деб шу куннинг ўзида унга жавоб бериб юборади.

Шукрки, орамизда инсоф-диё­натли одамлар бор. Уларнинг ёрдами билан бундай жирканч қилмиш фош этилди. Айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Бир қизнинг енгил-елпи ҳаёт кечириши ортидан содир бўлган бу воқеа бизни фикрлашга мажбур қилди.

Таъкидлаш лозимки, азал-азалдан шарқона менталитетимизга, ўзбекона иффатимизга, ор-номусимизга бутун дунё ҳавас қилиб келган. Аммо таассуфки, бугунги кунда жамиятимизда шундай қусурлар пайдо бўлмоқдаки, уларни қандай ҳазм қилишни билмаймиз. Биз бугун мулоҳаза юритмоқчи бўлган мавзу ҳам ана шундай иллатлардан бири — айни дамда, минг афсуслар бўлсинки, тобора урчиб бораётган нуқсон ҳақида.

Хусусан, охирги пайтларда айрим қизларнинг юриш-туриши, аллақандай ҳою ҳавасни «муҳаббат» дея атаб, оҳу нола чекиши деярли ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Ёшлар севги-муҳаббат деганда қўл ушлашиб, пана-паналарда бир-бирининг пинжига тиқилганча беҳаё қилиқларни қилиб, бир-бирига суйкалиб юришни тушунадиган бўлишди. Ишхонамиз хиёбон яқинида жойлашган. Иш вақти тугаб, таш­қарига чиққанда кўзимиз беихтиёр пана жойга қўйилган автомашина ичида ҳеч кимдан уялмай, тортинмай, бир-бирига суйкалиб ўтирган йигит-қизларга тушади. Хизмат тақозоси билан ишхонадан кечроқ, тунги вақтларда чиқсангиз ҳам бундай «манзара»га гувоҳ бў­ласиз. Наҳотки, бир-бирининг пинжига кириб ўтирган бу йигит-қизларнинг ота-онаси, бемаҳалда қаерда юрибсан, деб тергамаса. Бу каби «сирли» учрашувларнинг ниҳояси қандай тугаётганига эса ижтимоий тармоқларда тарқалаётган баъзи «ёқимсиз» хабарлар орқали гувоҳ бўлаяпмиз. «Алданиб қолдим!», «Бойлигимга учган экан!», «Хотини, болалари бор экан!» деган иддаолар айнан қадрини арзон сотган, ибодан узоқлашган қизларнинг  сўнгги афсус-надомати.

Инсон муҳаббатсиз яшай олмайди. Бу ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат. Аммо муҳаббат дегани ўз ихтиёрини йигитга топшириш, ҳадеганда ўйноқлаб, у кўчадан бу кўчага кириш, дегани эмас. Муҳаббат — вафо, садоқат тимсоли. Ўз навбатида қайд этиш лозимки, бундай фазилатлардан йироқ кимсалар хиё­наткор, беҳаё бўлишади.

Бугун қизлар ва йигитлар билан боғлиқ бошқа бир ҳолатга ҳам дуч келаяпмиз. Хусусан, айрим йигитларимизни оиласидан ажрашган жувонлар йўлдан ураётган бўлса, баъзи қизларимиз оилали, ўзига тўқ эркакларнинг «ўйинчоғига» айланиб қолишмоқда.

— Гапни нимадан бошлашни ҳам билмайман, — дея кўнглини ёрди бир танишим. — Ҳали гўшанга кўрмаган укам бирдан ўзгариб қолди. Ўзи олий ўқув юртини тугатиб, яхши бир ишга жойлашган эди. Маоши ҳам яхшигина. Биринчи ойлигини олиб келиб, ота-онамга берганида, мен четда ўтириб, кўзимга ёш келди. Тўрт йил шартнома пулини тўлаб, қийналган ота-онам энди эккан дарахтининг мевасидан баҳраманд бўла бошлаган эди-да! Отам кўзидаги ёшини бармоғи билан артар экан, «Баракалла ўғлим, Худо хоҳласа, шу пулларни йиғиб, бошингни иккита қиламиз», деб уни дуо қилди. Хуллас, укамнинг иши юришди, топганига барака кирди. Уйдагилар уни уйлантириш учун қиз қидира бошлашди. Бироқ айни шу кезларда у тўсатдан ўзгариб, телефондан бўшамай қол­ди. Маошини ҳам турли баҳоналарни рўкач қилиб, отамга бермай қўйди. Дастлаб бунга унчалик эътибор бермадик, ам­мо уйга кеч кела бошлаганидан кейин ташвишга тушдик. Сабабини сўраганимизда, «лом-мим» демади. Кейин билсак, у бева бир аёлга илакишиб қолган экан. Аввалига тан олмади, аммо отам унинг телефонини тортиб олиб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини очиб, СМСларини кўр­сатгач, ҳақиқатни айтишга мажбур бўлди.

— У аёлни яхши кўраман, унга уйланмоқчиман! — деди дабдурустдан отамга. Очиғи, унинг бу гапидан карахт аҳ­волга тушдик. Кейин ўша аёлни яхшилаб суриштирдик, эри билан ажрашган, икки нафар фарзанди бор, ижарадаги уйда яшайдиган жувон экан. Шу­нинг­дек, укамдан аввал ҳам унинг уйига ёш йигитлар келиб турганини билдик. Ота-онам у аёлдан воз кечишини айтиб, укамни сиқувга олаверишгач, бора-бора уйга келмай ҳам қўйди…

Яна бир суҳбатдошимиз эса олийгоҳда ўқийдиган синглисининг бошидан ўтган воқеани гапириб берди.

— Синглим ўқишига шошилиб, йўл четида қўл кўтариб турса, бир машина келиб тўхтаб, уни олиб кетибди. Ҳайдовчи билан синглим йўл-йўлакай у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб боришибди. Синглим ўқишга кечга қолаётган пайтларда таксида юришини айтганида, ҳайдовчи телефон рақамини берибди ва ундан йўлкира ҳақини олмабди. Шу тариқа улар танишиб олишибди ва бора-бора, ўша одам «Ишхонам билан сизнинг ўқишингиз бир томонда экан», деб ҳар куни синг­лимни ўқишига олиб бориб қўядиган бўлибди. Кейинчалик, у синглимни ўқишдан чиқишини кутиб, уйимиз яқи­нига ташлаб кетишга одатланибди. Вақт ўтиши билан улар ўртасидаги таниш-билишлик ўрнини ошиқ-маъшуқлик эгаллабди. Талаба синглимнинг қўлида қимматбаҳо телефон, бўйнида, қўлида тилла тақинчоқлар пайдо бўлди. Сўраганимизда «Курсдошларимники, бирор кун тақиб туриш учун олгандим», деб жавоб берди. Ке­йин билсак, синглим бизга «дугонамникида қолаяпман», дея ёлғон гапириб, у одам билан кечаларни бирга ўтказган экан. Биз унинг гапларига ишониб, ғафлатда қолибмиз. Синглимнинг ҳомиласини тўрт ойлик бўлганида сезиб қолдик. У одамни сўраб-суриштириб, топдим. Ёши 44 да, оилали, уч нафар фарзанди бор, ўзига тўқ одам бўлиб, ҳатто катта қизининг тўйи белгиланган экан. Аммо унинг асл нияти нима эканлигини билгач, ўз ёғимизга ўзимиз қовурилишдан бошқа чора йўқлигини англадик.

— Синглинг ўзи шуни хоҳлади, маълум вақт менга эрмак бўлди, — деб безрайиб тураверди. — Вақтида уни пул билан таъминлаб турдим, эвазига менинг истагимни бажарди. Болага келсак, у менга керак эмас, ўзига ҳам олдириб ташлагин, деб айтганман, — деди-да, терс ўгирилиб кетди…

Юқорида гувоҳи бўлганингиз икки воқеадаги икки болали жувон ҳамда уч фарзанди бор эркак ҳақида ҳеч нарса билмаганимиз сабабли, бу ҳолатларда кимни айблаш борасида хулоса чиқара олмадик. Аммо бир нарса аниқки, йигитда ҳам, қизда ҳам ўзига яраша айб бор.

Кўриниб турибдики, бундай ахлоқсиз муносабатларнинг якуни ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Ахир зинонинг оқибати бошқа нима ҳам бўлиши мумкин?! Ҳирс, нафс бот­қоғига ботиб, ўткинчи ҳузур-ҳаловат йўлида ақл кўзини кўр қилиб қўйган инсонларнинг охири пушаймон еб қолиши кундек равшан-ку! Наҳотки инсон пул, моддий бойлик учун шунчаликка борса? Ёхуд енгилтаклик билан йигит ва қизларни йўлдан уриб, эрмак қилаётганларнинг фарзандлари келажагини бир тасаввур қилиб кўринг-а!

Ачинарлиси, бугун интернет тармоғи орқали бир-бирини тузоғига илинтираётган, бировларнинг ҳаёти, номуси билан ўйнашаётганлар талайгина. Уларнинг орасида биз тилга олган ҳолат, ёш йигит ва қизлар ўртасидаги ахлоқсиз муносабатлар ҳам талайгина. Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади. Аммо бундай ҳолатларнинг аксариятида никоҳ, оила аталмиш муқаддас ришталар билан боғланишга улгурмаган, бири куёв, бири келин бўлиш бахтига ҳақли йигит ва қиз чиркин ҳирс, нафс бот­қоғига ботмоқда, умри хазон бўлмоқда.

Истардикки, қиз-жувонларимиз ҳаё-иболарини сақлашсин, эркакларимиз ҳам ўткинчи ҳирс­ларга берилмай, тўғри йўлдан адашмасинлар.

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *