Шавкат Мирзиёев фармони билан яна уч нафар адашганлар авф этилди (видео)

мар 15 / 2019

alt

Шавкат Мирзиёев фармони билан яна уч нафар адашганлар авф этилди

Ўзбекистонда турли ёт ва ғаламис ниятли шахсларга адашиб қўшилиб қолган, диний ақидапарастликка йўғрилган ғояларга бошқаларни даъват қилишга, йўлдан оздиришга уринган яна уч нафар шахс юртимизга қайтиб келди. Бу ҳақда Ёшлар телеканали орқали эфирга узатилган “Зулмат гирдоби”  лавҳаси орқалимаълум қилинди. Улар ўз айбларига  иқрорликлари ва келажакда ушбу хатога йўл қўймасликлари, тўғри йўлни танлашлари шарти билан муҳтарам президентимиз томонидан авф этилди. Ана шундай шахслардан бири 1993 йилда туғилган Хазорасплик Абдулла Нурметов бўлади.

“Ўзбекистонда диний эркинлик йўқ, диний амалларни бажара олмаймиз” деган асоссиз фикрларни танишларига уқдирган

У 2012 йилнинг ноябрь ойида Россия Федерациясига бориб, у ерда якка тартибдаги қурилиш ишларида ишлаган маҳали Азнаур исмли шахснинг таъсири остида диний эътиқоди ўзгара бошлаган. Ислом динининг тинчликсевар тамойилларига тескари диний маърузаларни тинглашни одат қила бошлаган ва Абдулла ақидапарастликка йўғрилган диний даъватларни уяли телефонининг хотирасига жойлаб борган. “Жиҳот амалларида иштирок этиш ҳар бир мусулмоннинг фарзи, биз сурияга ҳижрат қилишимиз керак” деган ташвиқотлар унинг онгига синга борган.  “Ўзбекистонда диний экинлик йўқ, диний амалларни бажара олмаймиз” деган асоссиз фикрларни танишларига ҳам уқдиришга ҳаракат қила борган. 2018 йилнинг январ ва май ойларида худди шу мазмундаги гапларни танишлари Қурбонбоев, Йўлдошев ва Дабетовларга ҳам таъкидлаган. Уларга қўл телефони хотирасида бўлган Абдуллоҳ домланинг ушбу мазмундаги диний маърузларини эшиттирган. Мамлакатимизга қайтгач, Абдулла Нурметовнинг уяли телефонидан худди шу мазмундаги 114 та аудиофайллар борлиги аниқланган. Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш ва сақлаш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги юзасидан Абдулла Нурметовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддаси 2-қисми билан озодликни чеклаш тариқасидаги жазо тайинланган.

Ўз хатосини тушуниб етганлиги судда эътиборга олинди...

1994 йилда Хазорасп туманида туғилган Санжар Муҳаммадзиёнов 2016 -2018 йиларда мавсумий ишлаш учун Россия Федерациясига боради. Унинг пул топиб даромад орттиришдек эзгу мақсади кейинчалик салбий томонга ўзгаради. Интернет тармоғида кўрилган ва эшитилган диний мавзулар бунга сабаб бўлади. Абдуллоҳ қори, Абдували Қори, Обидхон қори ва бошқаларнинг маърузаларини мунтазам равишда кўриб, тинглаб келган Санжар Муҳаммадзиёновнинг фикрлари, дунёқараши ана шу тарзда салбий томонга ўзгара бошлайди. Ижтимоий тармоқларда турли ном ва тахаллус остида диний экстремистик ғоялар сингдирилган видео ва аудиороликларни жойлаштирган Санжар ўз навбатида бу материалларни бошқа фойдаланувчиларга ҳам юборади. Диний ақидапаратсликни тарғиб этувчи 600 дан ортиқ видео ва аудиофайлларни телеграм ижтимоий тармоғидаги каналга жойлайди. Шу тарзда у жиноий ҳатти ҳаракатларини амалга ошира боради, оқибатини эса афсуски ўйлаймайди.

Бугун ўз қилмишларидан пушаймон бўлаётган бу йигитнинг ўз хатосини тушуниб етганлиги судда эътиборга олинди ва унга ҳукм ўқилди. Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди ҳукмига кўра, судланувчи Санжар Муҳаммадзиёнов тайинланган жазодан шартли равишда озод этилган ва уч йиллик синов муддати белгиланган.

Чала муллаларга эргашиб, жарлик томон бораётанлигини англаб етди...

Улуғов Азизжон Пўлатович 1986 йил 31 августда Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. Ўзбекистон Республикаси фуқароси. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Муқаддам судланмаган. Қизилтепа тумани, “Тавоис” МФЙда яшайди.  2010 йилда унга нисбатан қидирув эълон қилинган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Атрофдаги тенгқурлари, акаси ва қариндошлари Россия томонларга ишлаш учун кетган бир пайтда, Азизжон Улуғов ҳам уларга шерик бўлишни ўзига маъқул деб билган. У ўйлаб ўтирмай, Нижний тагил шаҳрига жўнаб кетган. Ҳижратга чиқиб жиҳот қилиш, ислом давлатини қуриш, шаҳид бўлиш каби тушунчалар ғўр ва содда йигитнинг онгини шу даражада заҳарлайдики, олдин кўрганлари, таниган билганлари у учун ҳеч қандай маъно-мазмунга эга эмасдек туюлади. Чала муллаларга эргашиб, жарлик томон бораётанлигини  ватанидан ўн йил айро юриб, юртига қарши қурол ўқталмоқчи бўлганида англаб етади. Азизжон Улуғов россияга борганига кўп муддат ўтмай ёппасига диний маросимлар иштиркочисига айланади. У етти ёт бегонани ўзи учун даҳо санаган, ўз юртининг конституцион тузумини ағдариб ислом давлатини барпо этиш учун енг шимарган азаматлардан бўлган. Аммо 2017 йилда юртбошимиз томонидан қабул қилинган авф этиш тўғрисидаги фармон Санжарнинг  кўзларини мошдек очади. 2018 йил 29 июн куни у Истанбул аэропортидан юртимизга қайтади. Ҳозирда у ўз қилмишларининг нечоғлик ноўрин эканлигини юракдан ҳис этмоқда.

Бу ҳаётда ҳар бир инсон хато қилади. Бироқ хатонинг бу шаклини кечириш анчайин мушкулдир. Шу боис юқорида номлари келтириб ўтилган адашган ёшлар президентимиз томонидан берилган имкониятдан фойдаланиб, ўз ватани ва ота-онаси бағридаги тинч-осуда ҳаётга қайтганликларидан астойдил шукроналик ҳиссини туйсалар бўлгани... Муҳими эса хатони қайтармасликда.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *