Самарқандда онасини рашк қилиб, унинг танишига 35 марта пичоқ урган йигит ҳақида батафсил

апр 08 / 2019

alt

Тарбиянинг ўчоғи оила деймиз. Бизга қуёш ҳам, ой ҳам керак бўлганидек, ҳар бир болага ота-она меҳри, баъзида болаларнинг шўхлиг-у тантиқлиги ортиб кетмаслиги учун ота қаҳри ҳам керак. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди. Орамизда айрим сабаблар билан тирик етимлар учрайди. Бундай носоғлом муҳит унда камол топаётган фарзанд тар­бия­сида, руҳиятида кемтиклик пайдо бўлишига олиб келади. Бундан атрофдаги ғаразли кимсалар фойдаланиши ёки бола кўнглидаги бу бўш жойни ўзича тўлдириши мумкин.

Амира (исмлар ўзгартирилган)нинг икки нафар фарзанди бор. Тўнғичининг исми Ғулом. Аёл турмуш ўртоғи жиноий жавобгарликка тортилгач, у билан бирга яшамай қўйди. Бунга ҳам уч йилча бўлиб қолди. Турмуш ўртоғи тез-тез келиб, болаларидан хабар олиб турарди.

Амира Пўлат билан кўп йиллик таниш. Кейинги олти-етти ойлар давомида эса бу танишлик янада чуқурлашди. Улар тинимсиз Telegram ижтимоий тармоғи орқали ёзишарди. Аёлнинг бу ҳаракатлари анча-мунча нарсаларга фаҳми етиб қолган Ғуломнинг диққатини торт­ганди. Йигит қулай фурсат топиб, онаси ким билан мулоқотда бўлаётганига қизиқиб юрганди, деб ёзади “Ҳуқуқ” нашри.

Бир куни шундай фурсат туғилди. Стол устида турган телефонга СМС хабар келганини билдирувчи ишора бўлди. Хонада ёлғиз ўғил онасининг телефонини кўздан кечирди.  “Тelegram”ига хабар келибди. Хабар Пўлат исмли нотаниш кишидан келганини кўриб жаҳли чиқди. Онасининг телефон аппаратига келадиган СМС хабарларни ўзининг телефонига улаб олди. Амира булардан хабарсиз эди. Ғулом ҳам онасидан «Пўлат ким? Дадам бўла туриб, нега бошқа эркак билан гаплашяпсиз», деб сўрамади. Шундан сўнг онаси ва нотаниш кишининг барча ёзишмаларидан хабардор бўлиб юрди. Онасининг у билан учрашиши, у кимсанинг ҳар куни уларнинг ҳол-аҳволини сўраши каби хабарлардан воқиф эди. Нотаниш кишининг ҳар бир хабари Ғуломни жазавага солиб, ич-ичидан зил кетарди. Уларнинг бир-бирига юбораётган суратларидан Пўлатни таниб олди. Ўзининг телефонидан унга қўнғироқ қилди.

— Мен Амиранинг ўғлиман. Онамга бошқа хабар ёзма, — деди қаҳр билан.

— Кимсан, офисимга кел. Юзма-юз гаплашиб оламиз, — деди Пўлат манзилини айтиб.

Ғулом айтилган жойга бормади. Ўз ишлари билан банд бўлди.

Йўлланаётган хабарлар йигитни ғазаб отига миндирар, ўша кишини уриб хуморидан чиққиси келарди. Охири чидолмади, ҳаммасини унутмоқчи бўлди. “Telegram”ини ўчириб қўйди. Бироқ, йигитнинг кўнг­лида Пўлатга нисбатан адоват, нафрат уруғи ниш урганди. Қанчалик ўзини чалғитишга уринмасин, уддасидан чиқолмади. 15-20 кунлар ўтиб, қайтадан Telegram очди. Пўлат билан ўрталаридаги гаплардан хабари борлигини онасига айтишга журъати етмадими ёки бошқа сабабми, айтмади. У ота-онасининг бирга яшамаслигига Пўлат пайдо бўлгани деган фикрга келгач, нотаниш кишига бўлган нафрати тобора ортди.

Уйига улардан хабар олиш учун келган дадасига онаси ажрашиш ҳақида гап очиб, масалани кўндаланг қўйди. Ғулом ота-онасининг ажрашишларига қаршилигини билдирди. «Ота-онамнинг ўртасида Пўлат турибди, ўшани деб онам ажрашмоқчи. Ёмон бўлсаям ўзимни дадам бўлгани яхши». Ғулом ана шундай хаёллар гирдобида эди. Бу гирдоб тобора Ғуломни ўз домига тортар, кун-у тун тинчлик бермасди.

Ўша куни у ўртоқлари билан тунги клубда ўйин-кулгу қилиб, роса спиртли ичимлик ичди. Тонгга яқин уйига қайтди.

— Қаерда эдинг, шу пайтгача? — деб сўради Амира.

— Ўзимни ишларим билан юрибман, — деди Ғулом.

Ишга отланаётган Амира, ўғлининг кўчага чиқаётганини кўриб:

— Яна қаёққа кетяпсан? — деди.

Ошхонадан пичоқ олиб кетаётган йигит, «Дўконга чиқиб келаман», деди.

Ҳали шайтон васвасаси танасини тарк этмаган Ғулом тўғри Пўлатнинг ишхонасига борди. Аллақачон иш бошлаган Пўлат уни Амиранинг ўғли эканини сезгандай бўлди. У ёқ бу ёқдан гаплашди.

— Сен Валининг ўғлимисан? — деб сўради.

Ғулом бу киши уни таниганини билди. Сир бой бермасликка уринди.

— Қайси Вали, мен унақа одамни танимайман, — деди.

Ғулом хонада кузатув камерасига тушиб қолмаслик учун Пўлатни чалғитиб, бошқа хонага олиб ўтмоқчи бўлди. Аксинча, Пўлат ўзини ташқарига олаверди. Шу пайт Ғулом онасининг телефон рақамини кўр­сатди.

— Сизга танишми бу рақам? — деди кўзидаги нафратни яширмай.

— Нима бўпти? — деди Пў­лат.

Улар «сен-мен»га бориб қолишди.

Ғулом ортиқ ғазабини тия олмай пичоқни олди, сўнгра Пўлатнинг дуч келган жойига уриб, уни жароҳатлади. Анча вақтдан бери бутун вужудини эгаллаган наф­рат ўти кучини кўрсатаётганди. Шу топда йигитнинг кўзи кўр, қулоғи кар, Пўлатнинг ҳеч бир гапини эшитмас эди. Пўлат йигитдан буни кутмаганди. Жароҳатига қарамай жон талвасасида кўчага қараб қоч­ди. Аммо узоққа боролмади. Шу атрофдаги кўп қаватли би­но олдида Ғулом етиб олиб, унга яна кетма-кет пичоқ санч­ди.

Шундан кейин йўловчи машинада ИИБга борди ва бўлган воқеаларни баён қилди.

Пўлатни кўрганлар тез ёр­дамга ва ИИБга хабар беришди.

Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Ғулом Пўлатни 29 марта, тутиб олганидан сўнг 6 маротаба пичоқ уриб ўта шафқатсизларча қасд­дан ўлдиргани маълум бўлди.

Суд ҳукми билан энди 20 ёшга кирган Ғулом навқирон умрининг 20 йилини панжара ортида ўтказади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *