Самарқанд вилоятида маданият масканларидаги лоқайдликлар ҳақида

янв 06 / 2016

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги "2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида Самарқанд вилоятида мавжуд 233 та маданият уйи негизида 95 та маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ташкил этилиши белгиланган.

alt

Шунингдек, ушбу марказларнинг 2013 йилда 3 таси, 2014 йилда 18 таси, 2015 йилда 22 таси, 2016 йилда 18 таси, 2017-2018 йилларда эса 17 таси капитал таъмирланиши, реконструкция қилиниши ҳамда янгидан бунёд этилиши кўзда тутилган. Бироқ 2014 йилда таъмирланиши режалаштирилган 18 та маданият ва аҳоли дам олиш марказларидан 6 таси 2015 йилга қолдирилган. Таъмирланаётган 12 та марказнинг бирортаси бугунги кунга қадар фойдаланишга топширилмаган. Мазкур объектларга бириктирилган вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармасининг масъул ходимлари, техник назоратчилар ва пудратчиларнинг эътиборсизлиги туфайли эса ажратилган 4 млрд. 545 млн. сўм маблағнинг 877 млн. сўми ишлатилмаган.

Бундан ташқари, 2015 йилда дастурга асосан таъмирланиши белгиланган 22 та марказнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари бугунги кунга қадар тўлиқ тайёрланмаган.

Шу боис, Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори ижросини жадаллаштириш мақсадида жойларда маданият ва аҳоли дам олиш марказлари аҳволи таҳлил қилинди. Аниқланишича, Самарқанд шаҳридаги 2-сонли маданият ва аҳоли дам олиш марказининг томоша зали низом бўйича 250 ўринга мўлжалланиши лозим бўлса-да, 200 ўринли зал фойдаланишга топширилган. Айни пайтда 5 ва 6-сонли марказларда томоша заллари умуман йўқ. 4, 7 ва 8-сонли марказларда томоша заллари қурилиши кўзда тутилмаган.

Маданият ва спорт ишлари бўлимлари раҳбар ва ходимлари томонидан бу жараёнга масъулиятсизлик билан ёндашилганлиги, назорат ва мувофиқлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, ижро интизоми сусайганлиги сабабли вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай ҳолатларга гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, Каттақўрғон шаҳридаги 2 ва 3-сонли, Жомбой туманидаги 4-сонли, Оқдарё туманидаги 4-сонли, Пахтачи туманидаги 3 ва 6-сонли, Қўшработ туманидаги 1-сонли ҳамда Нарпай туманидаги 3, 4 ва 6-сонли марказларнинг томоша заллари йўқ.

Ўрганишлар давомида, шунингдек, Каттақўрғон туманидаги 2 ва 6-сонли, Тайлоқ туманидаги 1-сонли ҳамда Ургут туманидаги 6, 7 ва 8-сонли марказларнинг биноси йўқлиги, Иштихон туманидаги 2 ва 8-сонли, Каттақўрғон туманидаги 3 ва 4-сонли марказ бинолари эса техник талабларга жавоб бермаслиги аниқланди. Таажжубланарлиси шундаки, вилоятдаги мавжуд марказларда 16 нафар олий ва 6 нафар ўрта махсус маълумотли кадрлар етишмайди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан содир этилган қонунбузилишларни бартараф этиш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш хусусида вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи номига тақдимнома киритилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Huquq” газетаси

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *