Рустам Саъдиев: "Барон" дунё томошабинларига ҳам ўзбек фильми ҳақида гапирадиган даражадаги фильм бўлади деб ўйлайман

янв 19 / 2016

alt

Kinorama.uz нашри ўзбек кино оламида шов-шувларга сабаб бўлган “Барон” фильмининг режиссёри Рустам Саъдиев билан суҳбат уюштирди

Мазкур суҳбатни қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.

Фильм қанча муддатда суратга олинди ҳамда суратга олиш жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида тўхталсангиз?

—Биринчидан, мазкур фильм менинг ижодимда ҳам катта бурилиш бўлди, десам муболаға бўлмайди. Қайсидир маънода синов, энг асосийси -  бу бурч. Бу фильмни Ватан олдидаги, миллатимиз олдидаги бурчимиз, деб ҳисоблайман. Фильмга тайёрланишга саккиз ойдан зиёдроқ вақт кетди. Суратга олиш ишлари икки ярим ой давом этган бўлса, мазкур фильм ижодимдаги энг мураккаб постановкали фильм ҳисобланади. Сабаби учта давлатда, жаҳон киноюлдузлари, юртимизнинг энг кўзга кўринган актёрлари иштирокида ўткир сюжетли криминал драма жанрида суратга олинди. Бу фильм Ўзбекистон давлатинининг гиёҳвандликка қарши курашининг ҳақиқий фаолияти ҳақида. Давлатимизнинг бу фильмга эътибори жуда катта бўлди. Шу вақтгача қанча фильм олган бўлсам ҳам, бу фильмга эътибор ҳар томонлама бошқача бўлди. Ўзим номимдан, ижодий гуруҳим номидан фильм бош консултантларига миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Айнан уларнинг ёрдами билан шу фильм яратилди. Буёғини вақт кўрсатади, ўйлайманки, томошабинларга фильм маъқул бўлади. Кўплар нима учун четдан актёрларни олиб келдингиз, деган саволларни беришди. Тўғрисини айтсам, бу орқали ўзимга бино қўйиб, қўшимча бир ном орттириш эмас, аслида ўзбек киносининг географиясини кенгайтиришни мақсад қилганман. Стратегия нуқтайи назаридан Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши курашда нафақат Ўзбекистон давлатининг, балки қўшни Россия давлати билан ҳамкорлик алоқалари бўлганлигини ҳам очиб беришга ҳаракат қилдик. Мазкур фильм нафақат ўзбек томошабинига балки дунё томошабинларига ҳам ўзбек фильми ҳақида гапирадиган даражадаги фильм бўлади, деб ўйлайман.

Фильмда жуда кўп жанг лавҳалари бор. Бу саҳналарни каскадёрлар бажардими ёки актёрларнинг ўзлари уддалашдими?

—Бу фильмда каскадёрлар эмас, ҳақиқий фидойилар, яъни кўринмас фронт жангчилари мазкур саҳналарни бажардилар. Фильмда махсус хизмат ҳарбийлари иштирок этишиб каскадёрларга хожат қолдиришмади. Бир хил жангари саҳналарни актёрларнинг ўзлари каскадёрларсиз бажаришди.

Чет эллик актёрларни фильмингизда роль ўйнашга кўндириш қийин бўлмадими?

—Кўндириш қийин бўлди. Жаҳон кино актёрлари биринчи бўлиб ўзлари ўйнайдиган ролни, сценарийни сўрашади. Улар учун гонорар кейинги даражали восита. Гассан Маъсуд ўзи ўйнаши керак бўлган ролни сўраганда унга фильмнинг моҳиятини, гиёҳвандликка қарши курашга боғлиқ бўлгани учун ҳам улар фильмга бефарқ бўлмадилар. Уларни фильмда роль ўйнашга кўндириш учун икки ярим ой музокара олиб бордик. Яна шуни айтишим мимкинки, у одам дунёда оладиган гонорарини юздан бирини олди, десам тўғри бўлади. У одам биринчи ўринда фильмнинг сюжетига қараб, фильмдаги образи учун розилик билдирди.

Фильм умуман ўзгача услубда суратга олинган дейишди?

-- “Барон” 5.1-каналли Dolby Surround овозда чиқарилади. Шунингдек, жаҳон саҳналарига чиқишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда биринчи марта дунё стандартидаги 4К форматида суратга олинган бўлиб, IMAX кинозалларида томоша қилишга ҳам мўлжалланган.

 Янги режаларингиз ҳақида тўхталсангиз.

—“Эр бермоқ - жон бермоқ 2” номли кинокомедияни суратга олишни ўйлаб қўйганман. “Барон” фильмининг иккинчи қисмини суратга олиш режаси олдиндан тузилган. Режамиз бўйича бир неча ойдан кейин фильм сценарийси тайёр бўлиб, тасдиқдан ўтгандан сўнг ёзнинг охирги ойларида “Барон 2” фильмининг суратга олиш ишлари бошланиши керак.

Фильм саундтрекини куйлашни нима учун айнан Шаҳзодага ишониб топширдингиз? Ахир фильм жанговор руҳда саундтрекини ҳам бирор эркак хонанда куйласа бўлмасмиди?

—Жангавор нуқтаи назардан қарасангиз бу фильмга қўшиқни албатта эркак киши куйлаши керак эди. Аммо оиласидан керак бўлса ойлаб, йиллаб узоқда Ватанимизга таҳдид қилганларга қарши курашадиган кўринмас фронт жангчиларининг оила вакиллари, аёлларининг юрагида нималар ётибди. Шундай мард ўзбек ўғлонларининг аёлларининг садоқати, сабри ҳақида ва шу билан биргаликда сен қаерда бўлсанг ҳам менинг қалбим сен билан бирга деган фикрни айнан аёл хонанданинг тили, дили билан “Сирдошим” деб номланган қўшиқ орқали ифодаламоқчи бўлдик.

  • Мехмон
    26 янвuary 2016, 09:26

    Қойил

  • Мехмон
    23 янвuary 2016, 20:21

    Аввалом бор фильм асосчиси, уни экранга олиб чиққан режиссёр Рустамака рахмат. Ўйлайманки айнан долзарб мавзу, актёрлар ҳам жуда тўғри танланган. Бундан кейининги ижодий ишларингизда омад.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *