Психолог маслаҳатлари: Ғолибдек фикрла – Сен ғолибсан, Мағлубдек фикрла – Сен мағлубсан

апр 27 / 2019

alt

Сиз ўхшамоқчи бўлган ғолиб инсонларни эсланг. Уларга ўхшамоқчи бўлсангиз адашасиз. Чунки уларнинг даражасида етганингизда нима қилишни билмай қоласиз. Шунинг учун сизнинг фикрлаш тизимингиз ғолибларни ўзига стандарт қилиб олганида улардан ҳам устун бўлишни мақсад қилишлари керак. Ҳаётингизда нималарга эришган бўлсангиз, ўша мақсадга эришишингизга ишонганингиз учун бу маррани эгаллагансиз. Сиздан олдин маррага етадиган сизнинг бир бўлагингизнинг номи ғолиб фикрларингиздир. Бир тасаввур қилинг: фикрларингиз жудаям буюк, енгилмас, пахлавондек виқорли ва салоҳияти шунчалик каттаки ҳудди олтиндан ясалганга ўхшайди. Сизнинг фикрларингиз чиройли, кучли, ғолиб бўлса, уни нурга ўхшатсак бўлади.

Яна бир марта қуйидаги фикрни тасаввур қилиб кўринг: ожиз, касалманд, оёғи синган, юзи тирналган, қўлида яраси битмаган, оғзидан ҳид чиққан фикр албатта рак касалига айланиб, яксон бўлишга маҳкум бўлади холос.

Шу икки фикрлашни мақсад томон юргазиб юборинг. Бири шаҳдам қадамлар билан, қадди-қоматини тик тутган ҳолда етса, иккинчиси нафаси бўғилиб, оёғи оғриб, инграб мақсад йўлида яксон бўлади.

Инсон ўз фикрларининг маҳсулидир. Фикрлари ғолиб бўлса, бу инсоннинг моддий аҳволи салоҳиятли, яқинлари билан муносабатда бахтли, кайфияти эса завқли бўлади.

Қоида №8. Омадли фикрлаш сирлари

1. Ҳар сафар омадсизлик фикрлар келса, уни миянинг ақл элагида эланг ва омадли фикрларга диққатингизни қаратинг. Азобли хотира, ёдга олишни истамаган ҳолат ҳам сизга енгилиш фикрларини берса, бу фикрларга қарата “НИМА ҚИЛИБДИ?!”, “БАРИБИР МЕН ЕЧИМ ТОПАМАН ВА ЮТИБ ЧИҚАМАН!” деб айтинг.

2. Кийинишингиз, қадди-қоматингизни қандай тутишингиз, овозингиз, гапиришингизга қараб ўзингизни хурмат қилиб қўйинг. Омадли бўлиш дунёнинг энг кучли билимларини талаб қилмайди, омадли фикрларнинг пайдо бўлиши ўзингизга нисбатан ҳурмат эълон қилишингизни сўрайди.

3. Ҳаётда эришган ютуқларингиз ўзига ишонган ва ҳурматга лойиқ бўлган фикрларингизнинг маҳсулотидир. Миянгизга кичкина вазифалар беринг, у кичкиналик миқёси билан фикрлайди. Миянгизга катта салоҳиятга эга бўлган вазифаларни ечиш кераклигини айтинг, у шу йўлда ечим топади.

АҚЛНИНГ ОМАДСИЗЛИК КАСАЛЛИГИГА ЧАЛИНИШИ ВА УНИ  ДАВОЛАШ

Сиз таниган қандай омадли инсонлар бор? Уларнинг умумий бир-хиллиги нимада? Улар қандай қилиб омадли бўлиб қолган деб ўйлайсиз? Ҳаттоки бирор таом пиширмоқчи бўлсангиз ҳам, бу таомга нималар солинишини, қанча миқдорда ва қандай кетма-кетликда бажарилишини аниқлаб оласиз. Энди омадли фикрлаш “таомини” пишириш учун ҳам шудай сифатлар бор инсонларни ўрганишни бошлайсиз. Сўнгра ўша инсонларнинг қарор чиқаришларига, кун тартиби-ю, мақсадга қанчалик куч беришларига эътиборингизни қаратасиз. Худди шу ишларни бажариш учун ақлли фикрларни ҳаракатга айлантирасиз. Эрта туришни одат қилишдан ақлли фикрлаш омадли фикрлашга ҳам айланади.

Омадсиз фикрлаш ақлнинг “саратон” касалига чалиниши деб атасак, ўша “ўсимта”нинг номи БАҲОНА деб аталади. Ҳар бир омадсизликнинг омадни емирувчи баҳонаси мавжуд. Омадсиз фикрловчи мияда баҳоналар сонининг қиймати баланд, аммо қадри йўқлик билан ўлчанади. Омадсиз фикрловчи миянинг талвасага тушиб, иситмалаши ва алаҳлаши ҳам мавжуд. Талвасага тушган мия фикрлари ўзини “МЕН КАСАЛМАН” деб эълон қилади.

Ҳеч қаёққа боришни истамаган инсон ўз заҳирасида жудаям кўп БАҲОНАларни тўплайди. Бу инсоннинг фикрлари мақсадга боришдан бош тортади ва ўзини оқлаб олиш учун БАҲОНАЛАРни айтиб, тўтиқушдек сайраб тураверади. Омадсиз инсонларни жудаям тез топиб оласиз, уларга бирор фикр билдирганингизда ўзини оқлаш учун битта бўлса-да баҳона топиб бердими, демак, бу инсонни омад сари қадам қўйишга яна мингларча БАҲОНАси бор. Айниқса, БАҲОНА сизга ШАРТ қўйилиши билан якунланса, ўша инсоннинг бахтли бўлиши сизнинг зиммангизга тушиши аниқ. Омадли фикрловчи ақл ўз миясидан баҳона ўрнига имконият топиб фикрлайди. Омадсиз фикрловчи мия эса, сиз берган маслаҳатни бажармаслик учун баҳона топишни ўзига одат қилиб олади. Баҳона бир жойда қотиб қолиш. Баҳонаси бор инсон сизнинг оёғингизга бойланган занжир кабидир. Баҳона касал одамнинг отини омадсиз фикловчи ўсимта касалига чалинган ақлли деб айтамиз.

Амир Темур дунёни эгаллаганида оёғидаги азобли оғриқларни баҳона қилмаган эди. Ҳазрати имом Замашҳарий ҳам араб ва ҳам ажам устозига айланишига бир оёғининг тахтакач эканлигини баҳона қилмаган эдилар. Рузвельтнинг оёғи паралич эди-ю, баҳонаси йўқ эди. Жаноб Кеннеди президент бўлишга жудаям ёшлик қиламан демаганлар. Баҳона касалларнинг биринчи душмани, ўша баҳонасини исботлаб берган одамлардир. Агар, кўзга кўринмас баҳона билан сизга исботласа-ю, бош оғриғини, қалб оғриғини кўриб бўлмайди, бу сенинг баҳонанг деб айтсангиз, улар сизга кўрсатиб қўядиган касалликни пайдо қилишади ва йиринглаган тизза, чириган суякниям энди кўриб, таниб олаверасиз. Баҳона касалини операция қилиб кесиб ташлаб бўлмайди. Баҳона касал яшайдиган уйдаги фарзандлар ҳам шу тарбияни олишади ва баҳона топувчилар байрамини нишонлашда биринчи ўринни эгаллайдилар. Битта баҳона касал билан касалланган одам оиласини, ишхонасини, фарзандларини ҳам ақлини булғайди. Энди баҳона топувчининг яқинлари ҳам баҳона қилиш касалини юқтириб олишади. Ахир халқимизда “Қуш уйида кўрганини қилади”, деб бежиз айтишмаган экан. Тўғриси битта мақол психологиянинг битта йўналишини аниқ тушунтириб бера олишини тушунгандирсиз. “Ишлаш учун дипломим йўқ”, “Агар ёш бўлганимда борми...”, “Шу касаллик бўлмаганида...”, “Шу эрни (хотинни) деб...”...

Баҳона касали бор инсон куни билан ишлайди. Унинг иш вақти умрининг ҳар бир сониясини ўғирлайди. Баҳона касал нима учун омадсизлигини оқлаш учун ишлайди. Сизнинг энергиянгиз бахтли бўлиш учун сарфланса, омадсиз одам энергияси нима учун омадсиз эканлигини исботлаш учун сарфланади. Ўзини қутқаришни сўраб, илтижо қилган жовдираган кўзлар, ингровчи овоз, қарғайдиган тил, борса-келмас душманлик бу инсон фикрлари маҳсулотидир. Яна жудаям қақшатувчи оғриқлар ҳақида соатлаб гапириб бериш ҳам омадли фикрлашдан қочиш учун баҳона қилиш имкониятидир. Ҳақиқатдан ҳам ўша оғриқлар омадсиз инсоннинг танасида мавжуд бўлади, фақат бу оғриқлар, аввало, омадсиз фикрловчи одамнинг миясида омадли фикрламаслик учун баҳона тарзида пайдо бўлади. Бу инсонлар танасининг йиринглашидан қутилиш учун “Мен тузаламан!” демайдилар ва “Шунча йирингни танада кўтариб юришимни кўриб ҳам менга раҳминг келмайдими!” деган жаҳл билан сизни эзишни яхши кўришади. Энди “онаизорнинг”, “жигарингнинг”, “биродарингизнинг” бу аҳволидан эзилиш касалига сиз ҳам чалиниб бўлдингиз, сизга ҳам баҳона касал юқди. Чунки омадсизнинг баҳона касалидан қутқариш учун унга ҚУТҚАРУВЧИ вазифасига ёлландингиз. Куни билан ўзингизнинг омадли фикрларингиз қолиб омадсизни бу азоблардан қутқариш ҳақида фикрлашни бошлайсиз. Гриппнинг юқиши қанчалик тез бўлади. Баҳона касалнинг омадсиз фикрлашининг ҳам юқиши сизни қутқарувчига айлантириш билан амалга оширилади. Ҳар бир ҳаракатингиз уни қутқаришга сафарбар қилинади. Қанча пулингиз борлигидан қатъий назар бу омадсизни азоблардан қутқариш учун вақтингизни, пулингизни, фикрларингизни унга аямай қўясиз. Сизга омадсиз фикрлаш юқиб бўлди. Ҳар бир инсон ўзи касалдан фориғ бўлиши керак. Бунинг учун “МЕН ТУЗАЛАМАН”, деган мақсад қўйиши керак. Ўзини қутқарувчи ролига сайлаган инсон ҳам бекорга бу ишни қилмайди. Ўз мақсадидан чарчаганида, мақсадларига етиш учун баҳона қидириб юрганида яқинининг омадсиз фикрлаши ва “мени қутқариб ол!” деб зорланиши қўл келиб қолади. Энди баҳона билан фикрловчиларнинг сафи кенгайиб олди. Омадсиз фикрловчи актёрлар энди қандай йўл тутишар экан-а?...

ШОҲОНА БАҲОНА – «ЎЗИ КАСАЛ БЎЛСАМ...”

Омадсиз фикрлаш учун биринчи баҳона, уни шохона баҳона деб атасак ҳам бўлади, иложсизлик баҳонасидир. Бу инсонлар омадсиз фикрлаш учун йиллар давомида меҳнат қилишади. Шифокорларнинг энг “буюклари” ҳам касаллик топиб беришмаса, уларни “ўқимаган”лар сафига чиқариб қўйилади. Касалликни кўрсатиш учун барча одамлар пулини тикиши керак, деб ҳисобланади. Қарабсизки омадсиз оиланинг бизнесмени омадсиз фикрловчи баҳонакаш бўлса, бу бизнес билан шуғулланувчилар ўша ОМАДСИЗ ФИКРЛОВЧИнинг ёлланма ишчилари ҚУТҚАРУВЧИлардир. Омадсиз фикрловчи бир қўшиқда куйланганидек “ЯНА, ЯНА, ЯНА” янги омадсиз фикрлар ишлаб чиқараверади, унинг маҳсулотини тановвул қилувчилар бутун вужудлари имконлари, пуллари, соғликлари билан ҚУТҚАРАВЕРАДИЛАР.

-Менинг касаллигим туфайли болаларим ўқимади.

-Менга қараб эримнинг бири икки бўлмади.

-Менинг касаллигим туфайли яхшироқ уй ҳам қура олмадик.

-Топганлари менга кетганлиги учун уларда айб йўқ.

Қутқарувчиларга бу гаплар ёқмайди деб ўйлайсизми? Албатта бу фалсафани сиз синдира олмайсиз ҳурматли суҳбатдошим. Қўшнингиз, яқинингиз, биродарингиз, ҳамкасбингиз, турмуш ўртоғингиз ҳам омадсиз фикрлашини таниб олган бўлсангиз, ўзингизга омадсиз фикрлашни юқтирманг. Уларни қутқариш ролига кириб қолмаслик учун ўзингизга “Менинг ўз мақсадим бор!”, “Сиз ўзингизга мақсад қўйинг” деб айтинг.

ШОҲОНА БАҲОНАНИНГ МИНГ ЙИЛЛИК ТАРИХИ

Омадсиз фикрлашнинг минг асрлардан бери ёзилиб келинаётган тарихи бор. Бу тарихни авайлаб қадрига етувчиларнинг исми “ДОИМ ЧАРЧАЙДИГАН” инсонлар деб аталади. ДОИМ ЧАРЧОВЧИЛАРнинг зуваласи жудаям пишиқ бўлиб, уларни дам олишлари учун мингта шарт керак. Улар тинч хонада ҳам ухлай олишмайди. Дори билан ухлаганларида ҳам мия дам олмай “БЕЗРАЙИБ ҒУВИЛЛАБ, ЧАРЧАБ, КАРАХТ” бўлиб тураверади-да... Бу инсон чарчоқдан қутилиш учун мақсадларини орқага суриб қўйишни афзал билади. Ҳар сафар мақсадлари ёдига тушганида “юраккинаси эзилиб”, нима қилай илож бўлмаяпти-ю, ҳаёт қийинлашиб кетган бўлса, дейишади ва омадсиз фикрлаш корхонасини шакллантириб олишади. Бундай инсонлар шохона баҳона тилини ўрганиб олгунларича “чарчаш тили” билан гаплашиб туришади. Ҳар бир мақсадга “МЕН ЧАРЧАБ КЕТДИМ!” деганларнинг омадсиз фикрлаши сизга юқиб қолмаслиги учун зудлик билан уларнинг олдидан қочиб қолинг. Мақсадига ўзини масъул деб сайламаслик учун, яъни мақсад учун директорликдан бўшаш ҳақидаги биринчи ариза-арз-доднинг номи “МЕН ЧАРЧАБ КЕТДИМ!” деб бошланади.

Психолог Зебинисо Аҳмедовада маслаҳатлари

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *