ОАВ: Муайян туман, шаҳарда икки ёки ундан ортиқ маҳаллаларга бир ном берилиши мумкин эмас

дек 16 / 2015

alt

2011 йил 12 октябрда Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилингач, бошқа топонимик объектлар қатори маҳаллалар номлари қайта кўриб чиқилди. Кўпгина тушунарсиз ёки ҳеч қандай маъно англатмайдиган номлар ўзгартирилиб, қайта номланди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлим бошқаруви масъул котибининг сўзларига кўра, ҳанузгача айрим маҳаллалар миллий маънавиятга хос бўлмаган ёки ўзбек тилига ёт, маъноси мавҳум, тушунарсиз номлар билан аталмоқда.

Масалан, вилоятнинг Оқдарё туманидаги Арпа, Кўксоқол, Сарка, Пайариқ туманидаги Бўри, Муҳаммади, Райим, Пахтачи туманидаги Кўрпа, Самарқанд туманидаги Ўрташиқ, Кўсахо, Шўрбоича, Тайлоқ туманидаги Бачки, Ургут туманидаги Пахмоб, Сатанг, Аълохотин, Нуробод туманидаги Эшат, Калта, Каттақўрғон шаҳридаги Кўчахўр, Булунғур туманидаги Хўжабачча, Хўжамазгил, Бўдана маҳалла фуқаролар йиғинлари номлари ушбу қонун талабларига мос келмайди.

Қонунда муайян туман, шаҳарда икки ёки ундан ортиқ маҳаллаларга битта ном қўйиш мумкин эмаслиги белгиланган. Бироқ шунга қарамай, Каттақўрғон туманида Пайшанба шаҳарча фуқаролар йиғини ҳамда Омонбой қишлоқ фуқаролар йиғини таркибидаги маҳаллаларга «Дўстлик» номи берилган. Шунингдек, Нарпай туманидаги ва Оқтош шаҳридаги маҳаллалар Алишер Навоий номи билан аталади. Бундан ташқари, айрим ҳу-дудларда йиғинлар номларига рақамлар тиркалган. Жумладан, Оқдарё туманидаги Янгиравот-1, Янгиравот-2, Чорбоғ-2, Самарқанд туманидаги Хўжа Аҳрори Вали-1, Хўжа Аҳрори Вали-2 номлари бунга мисол бўлади.

Бу эса жойларда маҳалла фуқаролар йиғинларининг номларини қайта кўриб чиқиш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган номларни ўзгартиришни тақозо этади.

Қайд қилинганидек, амалдаги тартибга кўра, айрим тарихий номларни тиклаш зарур бўлганда, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаган аббревиатура, рақам ёки сўз бирикмаси билан белгиланган бўлса ҳамда Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг номини бериш зарур бўлганда маҳаллалар номларини ўзгартириш мумкин. Шунингдек, туман, шаҳар доирасида икки ёки ундан ортиқ маҳаллаларнинг номлари бир хил бўлганда ҳам мазкур амалиётга рухсат берилган.

Манба: "Маҳалла" газетаси

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *