Максим Шацких: Ўзбекистон - менинг ватаним, аммо шунчаки сайёҳ бўлиш учун термада қолгим келмади

янв 26 / 2016

alt

Киевнинг "Динамо" клуби собиқ ҳужумчиси Максим Шацких Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятини якунлаши ва Украина фуқаролигини олиши ҳақидаги саволларга жавоб бериб ўтди.

- Сизда ҳозир икки давлат фуқаролиги борми?
- Йўқ. Икки давлат фуқаролигига эга бўлиш Украинада ҳам, Ўзбекистонда ҳам таъқиқланган.

- Демак ҳозирда сизда фақат Украина паспорти бор.
- Ҳа.

- Паспорт қачон берилганини айта оласизми?
- Йўқ, бунинг учун паспортга қарашим керак. Менимча бунинг аҳамияти ҳам у қадар катта бўлмаса керак.

- Балки сананинг аҳамияти бўлмаслиги мумкин, аммо Ўзбекистон миллий терма жамоасида шунча йил ўйнаганингиз ва у ерда энг яхши футболчи сифатида тан олинганингиздан сўнг фуқароликни ўзгартирганингиз... Нима учун бундай қилдингиз?
- Киевга илк бора келганимиздан сўнг оилам бу ерда яшаб қолишга қарор қилган эди. Хотиним ва фарзандларим Киевни жондан ортиқ яхши кўрадилар. Аммо мен шунда ҳам Ўзбекистон терма жамоасида ўйнашда давом этавердим. Фақат терма жамоанинг асосий таркибига кириш қийин бўлишини англаб етганимдан сўнг бирор муаммо бўлмаслиги учун фуқаролигимни ўзгартиришга қарор қилдим. Терма жамоада шунчаки сайёҳ бўлиб юришни эса истамадим. 

Агарда икки давлат фуқаролигини олиш мумкин бўлганида, бу жуда ва жуда ажойиб иш бўлар эди. Ўзбекистон, Тошкент - бу менинг Ватаним. Айнан шу тупроқ менга катта ҳаётга йўлланма берган ва айни вақтдаги даражамга чиқишимда дебоча бўлган. Ўзбекистонда ҳозир ҳам ота-онам ва бир нечта дўстларим яшайдилар. Футболдаги дўстларим эса жуда кўп.

- Ота-онангиз ёнига тез-тез бориб турасизми?
- Улар кўп келиб турадилар. 

- Охирги марта Ўзбекистонда қачон бўлган эдингиз? У ерда сизни қандай кутиб олишади? Нон-туз биланми?
- Йўқ, одатдагидек, хотиржам. Охирги марта у ерга Ўзбекистон терма жамоасидаги ҳайрлашув учрашувимда иштирок этиш учун борган эдим. Ўшанда уч киши терма билан ҳайрлашганмиз ва ўртоқлик ўйинида майдонга тушганмиз. Бу таҳминан 2009, 2010 ёки 2011 йилда бўлган. (Максим Шацких, Виктор Карпенко ва Улуғбек Бақоевларнинг ҳайрлашув учрашуви Уммонга қарши 2014 йилнинг 29 май санасида бўлиб ўтган ва 0:1 ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси мағлубиятга учраган эди - Uff.uz изоҳи).

- Шунча вақт уйда бўлмадингмизми?
- Биринчидан, вақтим йўқ эди. Чунки мен ҳар доим бандман. Иккинчидан, ота-онам шундоқ ҳам гоҳ меникида, гоҳ эса акамникида бўлгач, қаерга ҳам борардим? Боз устига ҳозир самолётда тўғридан-тўғри рейсларни олиб ташлашди ва айланма йўллар билан учиб бориш керак. Ўзбекистонга бориш бироз ноқулай бўлиб қолди. Менимча барибир шунга қарамай яқин вақтлар ичида уйга бориб келсам керак.

Манба: www.uff.uz   

  • Мехмон
    03 феврал 2016, 09:17

    Хали узбек футболига кайтмаса хам ўзбек нонини согиниб кайтади.

  • Мехмон
    31 янвuary 2016, 16:34

    Узбек нонини йеб кочиб кетиш яхшимас.

  • Мехмон
    31 янвuary 2016, 16:33

    Терма жамоани хамма уйинигахам келмасди!

  • Мехмон
    28 янвuary 2016, 20:55

    Узи терма жамоада булганда бирон нарсани коил килганмиди!

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *