Ўзбекистоннинг Қаҳрамон аёллари

мар 07 / 2019

Қаҳрамон аёллар

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Халқимизда меҳрибон оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз доимо эъзоз ва эътиборда бўлган. 

Аёлларнинг жамиятдаги мавқеи ва мақомини юксалтириш, уларнинг олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, кучли ижтимоий ҳимоялаш, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқларини ошириш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга оид эзгу саъй-ҳаракатлар дунёда намуна олса арзигулик ишлар сифатида эътироф этилмоқда. 

Мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаол ва фидокорона меҳнат қилган, ёш авлоднинг таълим-тарбияси, маънавиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрўси ва нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшган ўндан ортиқ фидойи, фаол, ташаббускор аёллар Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак номга муносиб топилган. 

1-Халчахон Мирзаева.jpg

Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойилари Халчахон Мирзаева, Патилахон Эргашева, Сиёсатхон Абдуллаева, маҳоратли педагоглар Манзура Мадалиева, Мавлуда Исматова, Вера Пак, Анора Маҳмудова, Муҳаббат Шаропова, атоқли навоийшунос олима Суйима Ғаниева, устоз шифокорлар Малика Абдуллахўжаева, Ойшахон Қўчқорова, Онесия Саитова, қўли гул ҳунармандлар Муяссар Темирова, Мартия Раҳматова сингари ҳамюртларимизнинг фаолияти юртимизнинг маънавий-маърифий, иқтисодий, илмий-маданий ҳаётида алоҳида аҳамият касб этган.

2-Патилахон Эргашева.JPG

Маҳоратли педагоглар Манзура Мадалиева, Мавлуда Исматова ёшлардаги иқтидор қирраларини эрта аниқлаш, уларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва қизиқишини ошириш, ўқувчилар билан ишлашнинг илғор услубларини амалиётга жорий этган бўлса, Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 5-мактаб директори Анора Маҳмудова математиканинг нечоғли жозибадор ва мафтункор фан эканини ўқувчиларга исботлаган. Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси Муҳаббат Шаропова қанчадан-қанча муносиб шогирдларни тарбиялаган. Унинг ўқувчилари халқаро миқёсдаги фан олимпиадаларида муваффақият қозонгани муаллима опа учун тенгсиз мукофотдир. 

3-Сиёсатхон Абдуллаева.JPG

Кўнгли ярим болаларга меҳр бериш, уларни ўз фарзандидек кўриш, истиқболи, келажаги тўғрисида муттасил қайғуриш узоқ йиллар мобайнида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйида фидокорона меҳнат қилган Вера Пакнинг умр мазмуни, ҳаёт шиори, иймон-эътиқодига айланиб кетган эди, десак янглишмаган бўламиз. Самимий инсон, меҳрибон устоз, фидойи педагог сифатида ҳамюртларимиз хотирасида мангу қолган Вера Борисовна ўзининг 57 йиллик педагогик фаолияти мобайнида ота-она меҳрига ташна кўплаб болаларнинг юрагида ҳаётга, келажакка мустаҳкам ишонч уйғотган эди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари мустақил ҳаётга қадам қўйганидан сўнг ҳам уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, ёш йигит-қизларнинг касб-ҳунар ўрганиши, оила қуриб, уй-жой билан таъминланиши йўлида жонбозлик кўрсатди. 

4-Мавлуда Исматова.jpg

Атоқли навоийшунос олима Суйима Ғаниева буюк аждодларимизнинг бой ва бетакрор маънавий меросини уммонга менгзар эди. Ҳаётини шу битмас-туганмас уммондан дуру гавҳар қидириш ва ундан адабиёт мухлисларини баҳраманд этишга бағишлаган фозила устозимизнинг Алишер Навоий ижодига бағишланган кўплаб асарлари, рисола, монографиялари, илмий мақолаларини наинки юртимиз, балки хорижий давлатлардаги навоийшунос олимлар, тадқиқотчилар, илмий изланувчилар катта қизиқиш ва эътибор билан ҳамон ўрганмоқда. 

5-Вера Пак.jpg

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги ”Хадича ая” фермер хўжалиги раиси Халчахон Мирзаева тадбиркорлик, ердан зар ундиришнинг ҳадисини олган. Фарғона вилояти Бувайда туманидаги ”Патилахон” фермер хўжалиги раҳбари Патилахон Эргашева аслида оддий қишлоқ аёли. Тунларни тонгларга улаб тиним билмаган бу онахон ҳалол меҳнат инсонга чин зийнат бағишлашини амалда исботлаган. Биринчилар қаторида фермер хўжалиги ташкил қилган. 

6-Анора Маҳмудова.JPG

Малика Абдуллахўжаева, Ойшахон Қўчқорова, Онесия Саитова каби шифокор-олима аёллар миллатимиз генофондини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни камолга етказиш, оила, оналик ва болалик манфаатларини ҳимоялаш борасида муносиб ҳиса қўшган. Уларнинг ҳалол ва самарали меҳнати халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилган. Қўлигул чеварлар Муяссар Темирова, Мартия Раҳматоваларнинг миллий ҳунармандликка доир анъаналаримизни келгуси авлодга етказишга катта меҳнати сингган. 

7-Муҳаббат Шаропова.jpg

Аслида меҳнатсеварлик, тиниб-тинчимаслик, ишнинг кўзини билиш, фидойилик юртимиз аёлларининг қон-қонига сингиб кетган фазилат. Ҳар йили Мустақиллик айёми, касб байрамлари билан боғлиқ саналарда мукофотланган ҳамюртларимиз сафида муҳтарам хотин-қизларимиз ҳам юртимизнинг орден ва медаллари, фахрий унвонлари билан тақдирланиши яхши анъанага айланган.

8-Суйима Ғаниева.jpg

Ватанимизнинг энг олий мукофоти Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига эса энг ташаббускор, меҳнатдан бахтини топган онахонларга берилаётгани жонажон диёримизнинг барча аёлларига бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиром, улкан рағбат ва эътиборнинг амалдаги ёрқин намунасидир. 

9-Малика Абдуллахўжаева.jpg

10-Муяссар Темирова.jpg

ЎзА

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *