Ўзбек разведкачиси қандай қилиб фашистларнинг "Учинчи фронт" режасини йўққа чиқарганди?

мая 08 / 2019

alt

Баҳром Иброҳимов — фашистлар Германияси Марказий Осиёда амалга оширмоқчи бўлган “Учинчи фронт” режасини барбод қилган ўзбек разведкачиси.

“Уруш даврида ўзбек — афғон чегарасининг мустаҳкам ҳимоясини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этди. Ҳар ҳолда республика Жанубий чегаралари, қуролли қўпорувчиларнинг хуружлари ва кичик отишмаларини ҳисобга олмаганда, фашистлар Германияси разведкаси резидентурасида муваффақиятли фаолият кўрсатган ўзбек разведкачиси Маҳмудбек Ойқорли (Баҳром Иброҳимов)нинг алоҳида хизматлари эвазига тинч эди. Худди шу одам — афсонавий Баҳром Иброҳимов гитлерчиларнинг Ўзбекистон жанубида янги фронт очиш юзасидан мўлжаллаган ишларини режали равишда барбод қилиб турди”.

“Разведкачиларимиз жасорати” (1994 йил)

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси, генерал-лейтенант Ғулом Алиев

Баҳром Иброҳимов 1908 йил 5 май куни Самарқанд (ҳозирги Жиззах) вилоятининг Бахмал туманидаги Усмат қишлоғида таваллуд топган, ота-онасидан эрта етим қолиб, Отажон исмли буваси қўлида тарбия кўрган. Самарқанд шаҳридаги мактаб-интернатда таълим олган. Озарбайжоннинг Ганжа шаҳридаги педагогика билим юртида ўқийди. Усмонли турк ва немис тилларини пухта ўрганади, дўстлари билан ҳамкорликда “Ойдин” газетасини чиқара бошлайди. Ўқишни аъло баҳоларга тамомлаб келгач, Самарқандда нашр этиладиган “Аланга” газетасида масъул котиб лавозимида ишлайди. Йўқсил тахаллуси билан шеърлар ёзади. 24 ёшида ўзбек нолегал разведкаси сифатида ишга киришади.

Архив манбаларига кўра, унга “муҳожир” деган тўқима ёрлиқ ҳам ўйлаб топилган. У гўёки шоир, ёзувчи ва таржимон бўлиб, Шўро ҳокимиятининг “душмани” сифатида қувғинга учраган ва Бирлашган давлат сиёсий бошқармасининг (ОГПУ) тазйиқларидан қўрқиб, жонини сақлаш мақсадида хорижга кетишга мажбур бўлган. Унга марказ томонидан Эрон, Туркия ва Афғонистонда фаолият олиб бораётган туркистонлик муҳожирларнинг ишончини қозониш, имконият бўлган тақдирда, Европа мамлакатларидаги, жумладан, Франция, Германия ва АҚШ ҳудудларида истиқомат қилувчи муҳожирлар ташкилотлари билан муносабат ўрнатиш вазифаси юклатилган. 1932 йилда Баҳром Иброҳимов нолегал разведкачи сифатида мазкур мамлакатга чиқарилганда, унга топширилган муҳим вазифалардан бири муфтий Садриддинхўжа билан яқин муносабат ўрнатиш, ишончини қозониш белгиланган. Разведкачимиз ушбу топшириқни аъло даражада бажариб, Садриддинхўжанинг ишончли одами, ўнг қўлига айланган. Ўша пайтларда муфтий Англия разведкасининг Машҳад шаҳридаги резиденти Хамбер Лянсело Георг билан яқин алоқада эди. Баҳром Иброҳимов муфтийнинг бевосита ёрдами туфайли инглиз разведкачиси билан ҳам ишончли муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, у Садриддинхўжа эшоннинг раҳнамолигида ўша даврда бошқа муҳожирлар қаторида “Шарқ” (Туркистон миллий иттифоқ жамияти) номи билан аталган ташкилотнинг асосчиларидан бири бўлиб қолади. Натижада разведкачимиз мазкур жамият ҳамда унинг раҳбарлари муфтий Садриддинхўжа ва бошқалар мамлакатимизга қарши олиб борган фаолиятларини уларнинг ичида туриб кузатиш имкониятига эга бўлади, қўлга киритган муҳим маълумотлари ҳақида марказни ўз вақтида огоҳлантириб туради.

Баҳром Иброҳимовнинг 1932 йилда “Истиқлол” миллий озодлик ҳаракатининг “Жанговар бешлиги” таркибига киради, 1930 — 1940 йилларда немис ва япон махсус хизмат ходимлари билан яқин алоқа ўрнатади, Марказий Осиё республикаларига юборилаётган жосусларнинг ишларига чек қўяди.

Разведкачи нафақат “Учинчи фронт” тайёргарликларини назоратида тутган, балки мазкур фронтнинг жанговар ҳолатини мустаҳкамлаб туриш учун немис фашистлари ва бошқа Ғарб мамлакатларидан юборилган қурол-яроғлардан иборат карвонларнинг Эрон ва Афғонистон ҳудудларининг ўзидаёқ яксон этиш операцияларига бошчилик қилган ва бу ишларни хуфиёна амалга оширишга муваффақ бўлган.

Фашистлар Германиясининг “Учинчи фронт” деб аталмиш қабиҳ режаси собиқ Совет Иттифоқининг жанубий чегаралари орқали мамлакатга бостириб кириш, Марказий Осиё республикаларида сиёсий ва иқтисодий вазиятни кескинлаштириш, мазкур минтақадаги қонуний ҳокимиятга қарши унсурлардан фойдаланиб давлатни заифлаштиришга қаратилган ғаразли ниятларни назарда тутган. Бунинг учун улар Эрон ва Афғонистон ҳудудларида муҳожирлар томонидан тузилган миллатчилик ташкилотларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларни етарли қурол-аслаҳалар билан таъминлаб, пировардида мамлакатимизга қарши урушга сафарбар этишни режалаштиришган ва мазкур операцияга “Учинчи фронт” деб ном беришган. Фашистларнинг бу режасини унинг иттифоқчилари разведка хизматлари қўллаб-қувватлаган ҳамда Эрон ва Афғонистон ҳудудларида фаолият кўрсатган резидентуралари орқали муҳожир миллатчилик ташкилотларига Марказий Осиё республикаларида қўпорувчилик ишларини амалга ошириш борасида ҳар томонлама ёрдам беришган.

“Учинчи фронт” режаларидан яқиндан хабардор бўлган машҳур разведкачи сифатида дунёга танилган доктор Рихард Зорге Баҳром Иброҳимовнинг фаолияти ҳақида “Бизнинг шарқий чегараларда “пўлат қўл” ишлаяпти. Токи у бор экан, “Учинчи фронт” ҳаргиз очилмагай”, дея ишонч билан ёзган.

Баҳром Иброҳимов ўзи учун тўқилган таржимаи ҳолидаги ролини шундай моҳирлик билан ижро этганки, ҳатто немис резидентурасининг раҳбари Расмус Ўрта Осиё муҳожирларининг Ватанни шўролардан озод этиш борасидаги барча тадбир назоратини Баҳром Иброҳимовга ишониб топширган. Разведкачимизга Расмус томонидан белгиланган асосий вазифа чегара орқали ўтган немис агентлари ёрдамида Марказий Осиё республикаларидаги шўроларга қарши шахсларни аниқлаб, улар орқали Кавказ, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларини гўёки немислар томонидан босиб олинганлиги ҳақидаги бўҳтон маълумотларни тарқатишдан иборат бўлган. Ундан ташқари, Баҳром Иброҳимовга Туркистон ҳарбий округи тасарруфидаги совет қўшинлари ҳақида маълумот тўплаш иши ҳам топширилган эди.

Аммо Баҳром Иброҳимов Германиянинг Ўрта Осиё ҳудудларига қўпорувчилик ишлари билан шуғулланиш учун юборилган кўплаб диверсантлари ва агентлари ҳақида маълумот етказиб турган ва улар ўз вақтида махсус хизматлар томонидан зарарсизлантирилган. Баҳром Иброҳимов фашистларнинг “Учинчи фронт” операцияси бўйича бошқа тадбирларига тааллуқли барча маълумотни ҳам ўз вақтида марказга етказиб турган. Жумладан, уларнинг режасига мувофиқ, 12 минг нафар яхши қуролланган муҳожирлар қўшини Амударёдан от ва мешқопларда ўтиб, Чоржўйдаги кўприкни эгаллаб, Красноводск (ҳозирги Туркманбоши) — Тошкент трассасини бузиб, фронтга жўнатиш учун тайёрланган ёнилғи омборхоналарини портлатиши, Ўзбекистонга махфий юборилган айғоқчи-жосуслар орқали республикамизда қўзғолон тайёрлаш ҳақидаги маълумотларни СССРнинг Кобулдаги резидентурасига маълум қилган. Фашистларнинг ушбу “Учинчи фронт” операциясини Германиянинг Афғонистондаги резиденти Карл Расмус бошқарган, унга туркман миллатига мансуб айғоқчилар билан ишловчи немис разведкачиси Вицел ёрдам берган. 1942 йил 8 июлда СССР НКВД (Совет Иттифоқи Ички ишлар халқ комиссарлиги) Давлат хавфсизлиги Бош бошқармаси раҳбари номига Совет қўмондонлигининг Ғарбий фронтдаги кучини заифлаштириш мақсадида мамлакатнинг жанубий чегараларида “Учинчи фронт” очилишига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида шошилинч хабар келади. Унда 13 октябрь куни Термиз шаҳридан 50 км. узоқликда жойлашган ҳудудда қуролли кучлар жанговар ҳолатда шай туриши ҳақида айтилади.

Хуллас, фашистлар Германиясининг Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида “Учинчи фронт” очиш режаси барбод этилди, ўзбек разведкачиси Баҳром Иброҳимовнинг фидойилиги туфайли Афғонистонда иш олиб бораётган Германия разведкасидан устун келинди. Мабодо, фашистлар Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларига ҳужум қилганда, тиш-тирноғигача қуролланган душманга қарши куч топилиши қийин эди. Чунки собиқ Иттифоқнинг асосий ҳарбий кучлари Ғарбий фронтга, фашистларга қарши курашга ташланганди. “Учинчи фронт” ғояси барбод бўлгач, немис резиденти, штурмбаннфюрер Карл Расмус ўз жонига қасд қилади.

1943 йил март ойида Афғонистон хавфсизлик органлари томонидан муҳожирларнинг 48 нафар фаоли ҳибсга олиниб, Кобулдаги “Демазанг” зиндонига ташланади. Улар ичида Баҳром Иброҳимов ҳам бор эди. Уни қаттиқ қийноққа солишади, у салкам икки йил елка ва оёқларига ўн икки килолик темир занжирлар осилган ҳолда якка авахтада сақланади. Орадан беш йил ўтиб, 1948 йили у марказнинг ўзбекистонлик разведкачилар иштирокида ўтказган махсус операцияси натижасида қамоқдан озод этилиб, разведкавий фаолиятини Покистоннинг Пешовар шаҳрида давом эттиради.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ)нинг разведка бўлими бошлиғи К. А. Тенякшевнинг раҳбарлиги остида архив ҳужжатлари ўрганилиб, Баҳром Иброҳимовнинг жасорати қайд этилгач, республика раҳбари Шароф Рашидов унинг Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига лойиқлиги тўғрисидаги ҳужжатга имзо чеккан. Аммо марказ 1960 йилнинг бошларида Баҳром Иброҳимовга жанговар “Қизил Байроқ” ордени бериш билан кифояланган.

Ватанга қайтгач, оммавий ахборот воситаларида, жумладан, “Ўзбекистони сурх” газетасида маданият бўлими мудири, Давлат сиёсий нашриёти Шарқ бўлимида бош муҳаррир ва 1963 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими сифатида фаолият кўрсатди. Ўзбек разведкачиларининг янги авлодини тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшди. “Интилиш”, “Мирзода ишқи” китобларини нашр эттирди. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлди. Мустақиллик йилларида унга “Жасорат” медали берилиб, хотираси ёдга олинди ва умр йўлдоши Холида Иброҳимова Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси мақомига тенглаштирилди. Бугун пойтахтимизнинг обод кўчаларидан бири шу инсон номи билан юритилади.Совет разведкаси топшириғини бажариш учун тайёрланган ҳарбий бўлмаган шахсга ҳарбий унвон берилмаган, аммо Баҳром Иброҳимов совет разведкаси тарихида подполковник ҳарбий унвонини олган биринчи нолегал разведкачи ҳисобланади.

"Халқ сўзи"

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *