"Чидайсан, болам". Халқ шоирининг дўстлари, болаларини ҳўнг-ҳўнг йиғлатган шеъри

ноя 05 / 2016

‚ alt

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Давлат мадҳиясининг муаллифи Абдулла Орипов 2016 йилнинг 5 ноябрь куни оғир хасталик туфайли 75 ёшида вафот этди.

Шоир Алишер Назар ўзининг Facebook'даги саҳифасида қуйидаги шеърни эълон қилди ва унга "Абдулла Орипов бу шеърни ёзиб, ўқиб берганларида ёнидаги дўстлари, болалари ҳўнг-ҳўнг йиғлаган эдилар. Ҳатто бу шеърни эълон қилмаймиз деб туриб олгандик. Начора, мана, эълон ҳам қилдик. Минг афсус...", деб изоҳ қолдирди.

ЧИДАЙСАН, БОЛАМ

Жисмимни кўтариб турибди тупроқ,

Ернинг устидаман, йўқ зарра нолам.

Ўзи чорлар бир кун бағрига, бироқ

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

‚ 

Ҳай дунё, ўзингни бир пулга сотдинг,

Калава топдинг-у учин йўқотдинг.

Мен каби охири ғафлатда қотдинг,

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

‚ 

Инсон эзгуликдан топгай фароғат,

Нима зарур унга зулму қабоҳат.

Кимдир уриштириб, қилгайдир роҳат,

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

‚ 

Ерни ҳам, кўкни ҳам айладим тавоф,

Лекин ҳеч биридан чиқмади жавоб.

Бўғзимда "Нега?" деб қотди бир хитоб,

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

‚ 

Дунёга боқмадим мен асло ёвдек,

Гоҳо тўсса ҳамки йўлимни ғовдек.

Ҳар ҳолда, гаплашдик икки соқовдек,

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

‚ 

Абдулла Орипов

Ўзбекистон халқ шоири

‚ 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

  • Мехмон
    09 ноябр 2016, 16:12

    ЎЗБЕК ҲАЛҚИ УЧУН ЯНА БИР ЙЎҚОТИШ

  • Мехмон
    09 ноябр 2016, 14:05

    O'zbekiston xalq shoiri Abdulla Oripovning oila a'zolari va yaqinlariga hamdardlik bildiraman. Oxiratlari obod bo'lsin.

  • Ilmiddin
    09 ноябр 2016, 07:56

    Inson hayoti shunchalar mortki uni asrab avaylash lozim kopga kengash haqqdan qolma

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *