Бобургонми ёки Говургон?

апр 24 / 2019

alt

Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани Хўжаанқо қишлоғи яқинидаги баланд тепалик устида жойлашган қадимий қўрғон бир неча асрдан буён ”Бобуртепа”, “Бобурқўрғон” номлари билан атаб келинади. 16-асрда ҳарбий истеҳком вазифасини ўтаган мазкур қадимий қўрғонни археологлар ва олимлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур қурдирган деган тахминни илгари сўришади. Уларнинг фикрича, кенглиги 50 метр, эни 2 метрли тош девор билан ўраб олинган бу манзилни Бобур Афғонистон ва Ҳиндистонга ўтиб кетиш вақтида, истеҳком учун қурдирган.

Шунингдек, Боботоғ тизмаларида ҳам баъзи бир ғорлар Бобур номи билан боғланади. Ана шу тарихий маълумотларни ва табиатни ўрганиш, бу ҳудудларга сайёҳларни эътиборини тортиш борасида янги имкониятларни ўрганиш ва янги экотуризм маршрутини аниқлаш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва “Asia Adventures” сайёҳлик компанияси Сурхондарё вилоятининг Боботоғ тизмасига экспедиция ташкил этди.

alt

Қайд этиш жоизки, Боботоғ – Сурхондарё вилоятидаги 125 километрга чўзилган тоғ тизмаси бўлиб, энг баланд нуқтаси – 2290 метрли Заркоса чўққиси ҳисобланади. Мазкур ҳудуд “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалигига тегишли бўлиб, табиати ўзига хослиги билан ажралиб туради.

– Боботоғнинг Говургон дараси, пистазор майдони, Тошқутон тизмасини ўрганиш учун тоғ бағрига 40 километр ичкарилаб бордик, – дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг мутахассиси Фурқат Чарангаев. – Инсон оёғи кам етган, бориш қийин бўлган мазкур ҳудуддаги тарихий жойлар, шифобахш булоқлар ва шаршараларни кўрдик. Ҳайратомуз манзилларни кўриб, бу ҳудудлар экстремал сайёҳликка мос жойлар эканига гувоҳ бўлдик. Сайёҳлик компанияси Боботоғга Япония ва Европа давлатларидан келган сайёҳларни олиб келишни мўлжалламоқда.

alt

Экспедиция аъзолари Боботоғда Бобургон номли жойнинг пайдо бўлиш тарихи ва ғорда топилган хом ғишт қолдиқларига ҳам тарихий манбалар ва аҳолининг фикрларига таяниб изоҳ берди.

– Мирзо Бобурнинг Ургутдан Ҳиндистонга ўтиб кетиши учун иккита йўл бор эди. Бири узоқ ва хавфсиз, иккинчиси яқин, бироқ хавфли. Шунда у Боботоғдан ўтишни афзал билиб, тоғ тизмаларидан ўтмоқчи бўлади ва икки ой давомида қишлаб қолади. Тоғдаги йирик қоя тошлар, айвон сифат қияликлар аскарларга макон бўлгани ҳақида ривоятлар мавжуд. Бобургон номи билан аталган бу ерларда Бобур даврига хос бўлган хом ғиштдан қурилган биноларни излари ҳозир ҳам учрайди. Шунингдек, 16-асрга тааллуқли сопол синиқлари ва бошқа тарихий ашёлар ҳам топилган бўлиб, ҳозир ҳам бу жойда Бобурнинг хазинаси беркитилгани ҳақида мулоҳазалар бор.

Айни вақтда эса бу манзиллар ҳозирда Говургон номи билан аталмоқда. Яна бир ривоятга кўра, пастдаги қишлоқлар атрофида илонлар кўпайиб, аҳолига ва уларнинг чорвасига кўп зарар келтиради. Шунда, инсонларни хавфдан асрамоқчи бўлган диншунос аллома Сўфи Оллоёр дуо билан илонларни водийдан қувиб, Говургонга бориб яшашни буюради. Шу тариқа бу жойларга катта-катта саккиз-ўн метрлик ва ундан кичик илонлар галаси келиб жойлашган. Аҳоли эса илонлар ташвишидан қутилган.

Экспедиция аъзолари уч кун давомида яна бир қатор табиат мўъжизалари ва ажойиботларини кўриб келди. Энг қизиғи, бу гўзал масканлар ҳақида маҳаллий аҳоли, сурхондарёликларнинг ўзлари ҳам кўп нарса билмайди. Туризмни ривожлантириш мақсадида ана шундай экспедициялар уюштирилиб турилса, ажаб эмас юртимизнинг янада қизиқарли манзиллари ва улар ҳақидаги ривоят-у, афсоналарни кўпроқ билиб олсак.

alt

Айни вақтда “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги вакиллари Боботоғнинг кўркам манзилларида ўтов тикиб, сайёҳларни кутиб олишга ҳозирлик кўрмоқда.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *