Абдураҳмон Бобоев: Фуқаролар йиғинига сайловлар юқори савияда ўтади

апр 27 / 2016

alt

Саноқли кунлардан сўнг республикамиз бўйлаб фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бошланади. Маҳаллалар ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён бўлган бу тадбирга мамлакатимиз бўйлаб юқори савияда тайёргарлик кўрилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида мазкур комиссия аъзоси Абдураҳмон Бобоев ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди: 

– Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунида сайловга тайёргарлик кўришдан бошлаб уни ўтказишгача бўлган барча жараён тартибга солинган. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ сайлов жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтади. 

Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловни юқори савияда ташкил этиш учун Сенат Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси тузилган ва унинг таркиби тасдиқланган. Мазкур комиссия томонидан сайловга тайёргарлик билан боғлиқ кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланган Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режасига мувофиқ маҳаллаларда аҳолининг барча қатламини қамраб олган ҳолда сайловнинг аҳамияти, бу жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқларини тушунтиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. 

Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш масалалари ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларининг тарғиботи бўйича ҳам ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Шу асосда газета ва журналларда мақола ва суҳбатлар, телерадиоканалларда ток-шоу, кўрсатув ва эшиттиришлар, интернет сайтларда сайлов билан боғлиқ материллар бериб борилмоқда. Кўмаклашувчи комиссиялар ҳузурида сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишнинг барча босқичларида очиқлик ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида сайловларни ёритишга масъул бўлган ахборот хизматларининг фаолияти йўлга қўйилгани бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. 

Фуқаролар йиғинлари раислари маслаҳатчилари ҳам қонун талаблари асосида сайланиши керак. Зеро, фуқаролар йиғинлари томонидан шакллантириладиган органлар тизимида маслаҳатчилар етакчи ўринни эгаллайди. 

Маслаҳатчилар тегишли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудида яшаши ва доимий рўйхатдан ўтган бўлиши шарт. Ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиси лавозимига номзодларни шакллантиришда алоҳида эътибор Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунининг 18-моддасида белгиланган талабнинг таъминланишига ҳам қаратилиши керак. Унга кўра, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларга раҳбарлик, қоида тариқасида, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари томонидан амалга оширилади. Маслаҳатчилар учун овоз бериш сайлов куни фуқаролар йиғини раиси сайлангандан сўнг амалга оширилади. 

Бир сўз билан айтганда, сайлов жараёнида қонун талабларига тўла риоя этиш, унинг юқори савияда ўтишига ҳисса қўшиш нафақат шунга масъул шахсларнинг, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Чунки бу муҳим тадбирда кутилган натижага эришиш келгусида маҳаллаларимиз равнақига, пировардида мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади. 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *