2015 йилнинг энг оммабоп хабарлари - Сараланган

дек 30 / 2015

UZ24 ахборот портали якунланаётган йилда Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига оид воқеалар орасида энг кўп ўқилган, муҳокамаларга сабаб бўлган ҳамда муштарийларнинг диққат марказида бўлган хабарлар кетма-кетлигини эълон қилади.

Халқ банкининг "Омад кулганда" лотереяси натижалари

alt

Халқ банкининг “Омад кулганда” тиражли, пул–буюм ютуқли лотереясининг ютуқлар тиражи 10 февраль куни Хива шаҳрида ва 24-25 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Мазкур ютуқлар тиражларида лотереянинг битта разряди бўйича умумий суммаси 2 497 440 040 сўмлик 235 800 та пул-буюм ютуқлари ўйналди.

Ҳар икки тиражларнинг натижалари ўқувчиларимиз диққат эътиборида бўлди. Гарчи натижалар жадвалини хабар ичида ҳавола орқали кўрсатиб ўтган бўлсакда, ўқувчилардан "натижаларни билиб беринг", деган изоҳлар ҳамон қолдирилмоқда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафоти

alt

Ўтаётган йилнинг 10 март куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 63 ёшларида оламдан кўз юмдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистон ва ислом дунёсидаги энг машҳур олимлардан эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини сўнгги манзилга кузатиш маросими Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳаси, “Шайх Зайниддин” жомеъ масжидида ўтказилди. Хабарларга кўра, жаноза маросимида республикамизнинг турли вилоятлари ва бошқа юртлардан ташриф буюрган тахминан 200 000 киши иштирок этди. Жаноза намозига ташриф буюрганлар сафи жомеъ масжидидан ташқарига чиқиб, 1 километргача чўзилди. Зиёратчилар зичлигидан елкага сажда қилинди.

Шайх ҳазратлари билан боғлиқ ҳар қандай хабар йил давомида ўқувчиларимизни қизиқтириб келди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови

alt

 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 нафардан 18 миллион 942 минг 349 нафар сайловчи овоз беришда иштирок этди. Сайлов натижаларига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 17 миллион 122 минг 597 нафари ёки 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовни ёқлаб овоз берди. Амалдаги қонунларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ислом Абдуғаниевич Каримовни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди.

2015 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг инаугурация маросими бўлиб ўтди.

Идиш-товоқлари ариқ сувида ювилаётган кафе

alt

Сергели деҳқон бозори атрофида олинган “ҳайратланарли” суратлар асосида тайёрланган хабар фойдаланувчилар томонидан энг кўп муҳокама қилинди. Суратларда Сергели бозори атрофидаги кафелардан бирида кўча бўйидаги ариқ сувида идиш-товоқлар ювилаётгани акс этган. 

Ёнғинлар: автобуслар, бозорлар...

alt

Жорий йилда ҳам пойтахтимизда Mercedes Benz русумидаги автобусларнинг ёниб кетиши ҳолатлари кўп бор кузатилди. Бу ҳодиса фақатгина ёзнинг жазирамасида эмас, балки қишнинг совуқ кунларида ҳам юз берди.

Хусусан, “Чилонзор буюм бозори” дан Сергели туманига кетиш йўлида Mercedes-Benz маркали йўловчи автобусининг ёниб кетаётгани акс этган суратлари ва видеоси интернет тармоқларида энг кўп тарқалди. Суратларга кўра, автобус бутунлай ёниб кетган.

Шунингдек, бир қанча бозорларда ҳам ёнғинлар содир бўлди. 23 июнь куни Зарафшон шаҳридаги кейим-кечак бозорида электр тармоқларининг носозлиги туфайли ёнғин келиб чиқди. Ёнғиндан кейин дўконларнинг темир қисмлари қолган, холос.

18 август куни Тошкент шаҳрининг “Беруний” метро бекатидаги “Ўзкўргазмасавдо” биноси яқинида жойлашган озиқ-овқатлар бозорида ёнғин содир бўлди. Ёнғинни ўчириш учун ўнга яқин ўт ўчириш машинаси жалб этилди. 

21 август куни пойтахтимизда жойлашган "Бек Барака" бозорида ёнғин юз берди. Ёнғин бозор ичидаги овқатланиш шохобчасида келиб чиққан ва ўт ўчириш ходимлари томонидан бартараф этилган. 

Бундан ташқари, 24 август куни Тошкент вилояти Юқори-Чирчиқ туманида газ қувури портлаши оқибатида очиқ ҳудудда ёнғин келиб чиққан. Соғлиқни сақлаш вазирлиги фалокат оқибатида ҳеч ким жабрланмаганлигини маълум қилди. Бу пайтда ижтимоий тармоқларда воқеа тафсилотлари билан боғлиқ турли асоссиз гап-сўзлар тарқалди.

18 сентябрь куни Тошкент шаҳри Олой бозори яқинида жойлашган Бизнес марказда бинонинг иситиш тизимида олиб борилган пайвандлаш ишлари пайтида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаганлиги оқибатида ёнғин содир бўлди.

Урганч фожиаси

alt

8 август куни Урганч шаҳрининг «Ёшлар кўли» маданият ва истироҳат боғидаги кўприк тўсиқларининг қулаб тушгани ва қурбонлар ҳақидаги янгилик кутилмаганда ҳаммани ларзага солди. Кўл ўртасидаги сунъий оролда хонанда Наврўз Собировнинг концерти ўтказилиши муносабати билан юзлаб одамлар кўприк устига тўпланган. Концерт томошабинларнинг жўшқин қарсаклари остида бошланди, аммо тез орада тўсиқларнинг синиши ва сувга қулаётган томошабинларнинг шовқини билан тўхтаб қолди.

Махсус Ҳукумат комиссияси содир бўлган воқеанинг сабаблари ва оқибатларини ўрганаётган бир пайтда, Интернет тармоғида ушбу фожиали воқеа кенг муҳокама этилди. Кимдир кўприк қурувчиларини ишга лаёқатсизликда айблаб, кўприк шунчаки талаб этилган хавфсизлик меъёрларига жавоб бермаганини қайд этди. Бошқалар томошабинларнинг шу қадар кўп бўлишини олдиндан кўра билиши ва зарур чоралар кўриши керак бўлган концерт ташкилотчиларни айблади. Учинчилар эса ўзини ўта жўшқин тутган ва кўприк дош бера олмаган одамларнинг ўзини айбдор санади.

Давомли зилзилалар

alt

Якунланаётган йил кўпчиликнинг ёдида зилзилалар кетма-кетлиги билан сақланиб қолса, ажаб эмас. 2015 йил давомида республиканинг ҳудудлари бўйлаб магнитудаси 3-4 атрофида эпимаркази қўшни мамлaкатларда бўлган бир неча зилзилалар кузатилди. Ноябрь ойининг ўзида, 17- 22 ноябрь оралиғида тўрт маротаба ерости силкинишлари сезилди. Шундан сўнг аҳоли ўртасида яқин кунларда Тошкентда 10 балли зилзила юз бериши ҳақидаги гап-сўзлар тарқалди.Сейсмология институти томонидан Тошкентда ер силкиниши содир бўлиши ҳақидаги прогноз институт томонидан берилмаган ва бундай зилзиланинг содир бўлиш эҳтимоли йўқлиги таъкидланди. Охирги марта 26 декабь куни кечаси Ўзбекистоннинг олти ҳудудида ерости силкинишлари юз берди.

Нархи оширилган GM Uzbekistan автомобиллари

alt

GM Uzbekistan автомобилларининг нархлари 30 фоизгача оширилди.

Spark, Cobalt, Lacetti, Оrlandо ҳамда Маlibu автомобилларининг 1-2 позициясига тўлов хорижий валютага ўтказилди. Уч цилиндирли Маtiz 08 ҳажмли автоулов, Nexia 1,5 Sonc нархи арзонлашган. Ушбу автоуловлар аввал ҳам хорижий валютада эди ва ҳозир ҳам ушбу валютада қолди.

Мазкур хабардан сўнг, автомобилга олдиндан тўловларни амалга оширган мижозлар бизга кўплаб саволлар билан изоҳларда мурожаат этишда давом этишмоқда.

Олиш муддати узайтирилмаган, улгурмаганларга жарима белгиланган, кейинроқ 2018 йилга қадар узайтирилган ва жарима бекор қилинган БИОМЕТРИК ПАСПОРТ

alt

 “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан паспорт олиш ёшига етган барча фуқаролар 2015 йилнинг 31 декабрига қадар биометрик паспорт олишлари зарурлиги белгилаб қўйилганди.

Кейинроқ, аҳоли орасида “биометрик паспорт олиш муддати 2017 йилгача узайтирилар экан”, деган миш-мишлар тарқалди. Лекин, мутасадди вкиллар томонидан белгиланган муддатнинг узайтирилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қанақа расмий ҳужжат қабул қилинмаганлиги маълум қилинди. Шунингдек, жорий йил охиригача эски намунадаги паспортини биометрик паспортга алмаштиришга улгурмаган фуқароларга нисбатан жарима белгиланди.

Бироз вақтдан сўнг эса Ўзбекистон фуқароларининг эски намунадаги паспортларини биометрик паспортларга алмаштириш муддати 2018 йил 1 июлгача узайтирилгани ва йил сўнгига қадар биометрик паспортларни олишга улгурмаган фуқаролар жаримага тортилмаслиги расман эълон қилинди

  • Мехмон
    09 янвuary 2016, 14:59

    1111

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *