Махсус янгиликлар 0 Шархлар 679 кўрилди

Зумрад баҳор таровати – Наврўз муборак!

мар 21 / 2019

alt

Баҳор – борлиқни яшнатиб, юракларимизни қувватга, билакларимизни кучга қайта тўлдирмоқда.

Шу кунларда турмуш юмушларини бироз унутиб, табиатнинг беқиёс ҳодисаларию сержилва манзараларини кузатдингизми? Табиатнинг уйғонишига маҳлиё бўлиб, ундан баҳра олган сайин қалбингизни фараҳбахш туйғулар тобора қамраши, шубҳасиз.

Баҳорни соғиндингизми?

Ҳар фаслнинг ўз зийнати бор, албатта. Аммо баҳорнинг латофати ва таровати барибир бошқача. Қиш қаҳратонидан сўнг бутун борлиқ яшил либосга бурканса, табиат кўклам насимларга юз тутса, ҳар бир одамнинг қалбида беихтиёр завқ-шавқ жўш уради. Чунки айни баҳор палласида одамзотнинг юраги қувватга, билаклари эса кучга қайта тўлади. Боз устига, у ўзини ва бутун оламни янгидан кашф этгандек бўлади. Бинобарин, унинг дунёқараши ҳам янгиланади. Бу ҳол ҳар баҳор такрорланади. Шу тариқа одамзот умри мобайнида ўз моҳиятини кашф этиб, камол топиб бораверади. Буларнинг барчаси аслида мўъжиза эмасми?

Баҳор меҳнатга чорловчи фаслдир. Баҳорнинг ҳар бир куни, айниқса, ризқу барака ғазначилари бўлмиш деҳқонлар ва боғбонлар учун бир йилга татийди. Қуёш ҳамал буржига ўтар-ўтмас, бободеҳқон кетмонини олиб, даласига чиқади. У қиш уйқусидан уйғонаётган ерга меҳр билан ишлов бериб, уруғ қадайди. Шу тариқа баракали ҳосилга мустаҳкам замин яратилади. Дов-дарахтлар панасига сув югурадиган, ниҳоллар тупроқдан қувват олиб, барг ёзадиган кўкламда боғбонлар ҳам тиним билмайди. Улар мевали ва манзарали дарахтларга шакл беради. Анвойи гул кўчатларини экади. Янги боғлар яратади. Ушбу юмушларда бунёдкорлик, ободлик ва фаровонлик, бинобарин, эзгулик яққол акс этади.

Азалий байрам ҳикмати

Табиатнинг уйғониш ва яшариш фаслида нишонланадиган Наврўз байрами ҳар бир қалбга ўзгача жозиба ва сурур бағишлайди. Одам ва олам уйғунлигининг улуғ неъматидан барчани баҳраманд этувчи мазкур байрамининг келиб чиқиши энг қадимги замонларга келиб тақалади.

Бундан бир неча минг йил илгари, хусусан, зардўштийларнинг муқаддас китоби – “Авесто” яратилган даврда ҳам аждодларимиз табиат билан ҳамнафас бўлиб, Наврўз нашидасини сургани қадимий манбалардан маълум. Зардўштийлар даври ривоятларига кўра, эзгулик худоси Ҳурмуз билан ёвузлик худоси Ахриман ўртасидаги ўзаро курашда Ҳурмуз ҳамиша ғолиб бўлар экан. Бу музаффарият ҳар гал баҳорнинг биринчи кунига тўғри келган. Наврўз байрами ана шу санадан келиб чиққани ҳақида яна бошқа ривоятлар ҳам бор.

Буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўзни коинотнинг яратилишига боғлаб таърифлайди: “Худо қуёшни яратган. Ниҳоят, у туфайли муддатнинг йиллар, ойлар, кунлар ва бошқалардан иборат бўлаклари яширинликдан маълумликка айланган ва ҳисоб боши улардан бошланган”.

Маҳмуд Қошғарий ҳам “Девону луғотит-турк” асарида мучал йиллари, ой, ҳафта ва кунлар ҳақида маълумот бериб, Наврўз оламнинг яратилишидаги биринчи кун эканлигига ишора қилади.

Алишер Навоий ижодида эса Наврўз мадҳи алоҳида аҳамиятга молик. Буюк мутаффакир шоир “Хазоинул-маоний” девонида қуйидаги байтни келтирган:

Васли аро кўрдум, Тенг эмиш бўйию сочи,

Тун-кун тенг экан, зоҳир ўлур бўлди чу Наврўз.

Наврўз нафақат кеча ва кундуз вақт жиҳатидан ўзаро тенглашадиган, балки аразлашганлар ярашадиган, танишлар дўстлашадиган айёмдир. ўтмишда Наврўз байрами арафасида низолар унутилган, жанглар тўхтатилган. Ушбу айёмда одамлар ўртасида шоду хуррамлик ҳукм суради, жажжи болажонлардан нуроний оқсоқолларгача чиройли либослар кийиб, сайлларга чиқишади. Навоий бобомиз бутун башарият ҳамиша шундай ҳаёт кечиришини орзу қилиб, қуйидаги эзгу тилакларни билдирган:

Ҳар тунинг қадр ўлубон,

Ҳар кунинг ўлсун Наврўз.

Қадриятларини ардоқлаган халқнинг қадри юксак

Муқаддас диёримизда Наврўз умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Мустақилликка эришганимиздан сўнг йилларида Наврўз фалсафаси ва файз-таровати одамларни табиат билан уйғун яшашга ундаётгани жамиятимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, бунёдкорлик ва хайр-саҳоват муҳитини тобора мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан юксак аҳамият касб этаётир.

Шу кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида яқинлашиб келаётган Наврўз шодиёналарига ҳозирлик қизғин паллага кирган. Маълумки, Наврўз кунларида инсон ўзини табиат билан узвий боғланганини, унинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қиладиган маънавий-маърифий тадбирлар ўзгача шукуҳ бағишлайди.

Наврўз байрами олдидан умумхалқ ҳашари ўтказиш, иш ва яшаш жойларини ободонлаштириш эзгу анъанага айланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шаҳару қишлоқларимизда, маҳаллаларимизда бир текис қилиб оқланган дарахтлар, сув сепилиб, супурилган кҳчалар, бинобарин, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳар бир одамга кўтаринки, байрамона руҳ бахш этиши шубҳасиз.

Юртимизда Наврўз тантаналари карнай-сурнай садолари, шўх-шодон наволар билан бошланади. Эрта тонгдан сайл ва базмлар ўтказилади. Бунда кураш, кўпкари каби оммавий спорт мусобақалари ва турли кўнгилочар томошалар байрам завқини янада оширади.

Наврўз тантаналари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўзига хос тарзда, уюшқоқлик билан ўтказилади. Байрам тадбирларида кексаларимиз одатдагидек қўлларини дуога очиб, Яратгандан барчага узоқ умр, юртимизга доимо тинчлик-хотиржамлик ва равнақ, дастурхонимизга қут-барака тилайдилар. Бундай эзгу ниятлар замирида теран маъно бор.

Аслида байрамлар ҳаётнинг энг катта воқелигидир. Байрамлар турмушимиз маромини янгилаб, унга ўзгача файз-мазмун ва шукуҳ бағишлайди. Шундай хосияти билан келган Наврўз барчамизга қутлуғ бўлсин!

ОЛЛОҲнинг назари сизларга бўлсин, 
Қалбингиз янада иймонга тўлсин, 
Шукурким етказди улуғ кунларга, 
НАВРЎЗ айёмингиз муборак бўлсин! 
Ҳар бир кунингиз байрамдек ўтсин!

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *