Махсус янгиликлар 0 Шархлар 922 кўрилди

Туркманбоши британ Бош вазирига ҳадя қилган отнинг саргузаштлари

янв 11 / 2019

alt

Буюк Британия Миллий Архиви томонидан эълон қилинган дипломатик баённомалар Туркманистоннинг марҳум президенти Сапармурот Ниязов томонидан Британия собиқ Бош вазири Жон Мейжорга тортиқ этилган тулпорнинг Англияга етиб боргунга қадар қандай воқеаларни бошдан кечиргани ҳақида ҳикоя қилади, деб ёзмоқда The Guardian нашри.

Ҳужжатлардан маълум бўлишича, Максат лақабли бу тулпор Туркманбоши Франция собиқ президенти Франсуа Миттеранга берган бошқа бир от билан бирга Туркманистондан Россияга қадар 3,200 километрни поездда босиб ўтган.

Ҳужжатларда британ дипломатларининг отни импорт қилиш борасида рус бюрократияси билан қандай қилиб аёвсиз «жанг олиб борган»и ҳам атрофлича тасвирланган.

Туркманистондан келаётган Максатни Москвада вагондан тушириб, Англияга жўнатиб юборгунга қадар бир дунё қоғозбозлик босқичларидан ўтиш талаб қилинар эди.

Олий даражали тулпорни кутиб олиш вазифаси Буюк Британиянинг Москвадаги элчихонаси гарданига юклатилади.

Элчихонадан отни қабул қилиб олиш учун божхонага юборилган ходима «икки бечора туркман оти тўрт ярим кундан бери тик оёқда келаётгани»ни айтиб, ёлворгандан сўнггина ундан кутиб туришни сўраётган қарта ўйнаш билан машғул божхоначилар ҳужжатларни расмийлаштира бошлаганини ўз хотираларида ёзиб қолдирган.

Божхонада керакли ҳужжатларни тайёрлатиб, отни олиш мақсадида вокзалга борган ходимага эртаси куни келишни айтадилар.

Ходиманинг мақолада келтирилган хотираларида баён этилишича, эртанги кун бутунлай янги саргузаштлар билан бошланади. Москвадаги вокзал ходимлари дипломат аёлдан ветеринар сертификати ва маълум миқдорда тўлов талаб қилади.

alt

Ходима Туркманбоши отларга ҳамроҳ қилиб юборган йигитлар фақат отлар учун мўлжалланган вагондан "қоп-қоп картошка, пиёз, сабзи ва камида 200 та қовун"ни тушираётганини кўриб, ҳайрон қолгани ҳақида ҳам ёзади.

Отбоқарлардан бири ҳайратда қолган аёлга «пуллари йўқлиги, Ашхободга қайтиш билети учун бу маҳсулотларни сотишлари лозим»лигини айтади.

Яна ёзилишича, йўлда қозоқ йўлтўсарлари поездни талаб, қовунларнинг анчасини олиб қолган ҳам экан.

Ниҳоят отлар вагондан туширилади ва эндиликда, расмиятчиликка кўра, вагонлар дезинфекция қилиниши лозим эди.

Ходиманинг қайд этишича, беш кун ичида икки йирик зотдор от вагонни гўнгга тўлдириб ташлаган экан. Вокзалнинг ахлатхонасига гўнг тўкиш мумкин эмас ва айнан шу ерда «қовунлар ёрдамга келади.»

«Бир неча катта-катта қовунни порага олган машинист вагонни вокзалдан икки-уч чақирим нариги судраб боришга рози бўлди ва биз у ерда бу ёқимсиз моддадан халос бўлдик», деб ёзади дипломат аёл.

Ходиманинг отларни олиш йўлида кечган бир неча кунлик машаққатли кураши Бош вазир Мейжор томонидан алоҳида эътироф этилади.

«Агар бу совғани ўзим сўраб олганимда эди, у келтирган ташвишдан қаттиқ хижолатга тушган бўлардим», дейди жаноб Мейжор.

Мақолада ниҳоят Буюк Британияга етиб келган Максатнинг отлар намойишида чемпион бўлгани, пойгаларда иштирок этгани ва 30 та тойчоқнинг отасига айлангани тилга олинади. Аммо, у ҳаддан ошиқ шижоати туфайли, Мейжор истаганидек, Қиролича гвардиясига қабул қилинмаган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *