Махсус янгиликлар 0 Шархлар 2279 кўрилди

"Тошкент денгизи"даги отишма бўйича суриштирув бошлаган журналист ҳудуднинг хароб ҳоли ҳақида мақола тайёрлади

авг 10 / 2018

alt

Жорий йилнинг июль ойида “Тошкент денгизи”да сурхондарёлик йигит дам олиш масканининг икки ишчисини пневматик тўппонча билан жароҳатлагани ва қочиб кетгани, ИИВ томонидан унга нисбатан қидирув эълон қилингани ҳақида хабар қилган эдик

Ушбу воқеа тафсилотларини ўрганиш учун “Тошкент денгизи” деб аталувчи Туябўғиз сувомборига борган "XXI asr" нашри мухбири дам олиш масканидаги ҳолатни ўрганиб, унинг абгор аҳволи ҳақида танқидий мақола тайёрлади. 

"Сувомбори ҳудудига кириб борганимизда, тушдан сўнг соат 15:00 бўлишига қарамай, жазирама куйдирар, қуюқ дарахтзор оралаб салқин соҳилга яқинлашишга ошиқардик. Соя бўлса-да, негадир об-ҳаво димиқ, бўғиқ эди.

Олди-атрофимиз тумонат одам, машина кириш жойида “стоянка” учун бир йигит пул ундирарди. Ўнг тарафда бир-бирига қарама-қарши, олдинма-кейин тартибсиз қурилган сўрилар. Супаларнинг атрофи эски газламалар ёки клёнкалар билан ўралган. Тўшанчилар эса оёқ остида ётавериб, ранги униқиб кетган, кирланиб қорайган. Кўрпа-тўшак, ёстиқларнику айтмаса ҳам бўлади, ҳатто ямоқ ҳам солинмаган.

Сўриларни нархини суриштирдик. Кечга яқин борганимиз учунми, мижоз бир оз сийраклашган экан. Ёш йигит уч-тўрт соат учун 30 минг сўмга битта супа ажратиб беришини айтди.

Атрофга назар ташлаймиз. Клёнкалар, сўри тагида уйилиб ётган ашқол-дашқоллар – ахлат тиқилган селофанлар, бижғиб ётган пиво баклажкалари, ароқ шишалари... Ўша тарафга сал яқинроқ юрсангиз, қўланса ҳид димоққа уради. Дайди ит-мушуклар эса очиқ қолган бир идишни ҳидлаб, ичини яларди. Тарвуз ва пиёз пўчоқлари, қорамол суяклари сўри ости яқин орада супурилмаганини айтиб турибди.

Ҳамма хизматлар учун ўзи билганича нарх белгилайди, тартиб масаласида биров ғинг демайди", – деб ёзади муаллиф.

alt

Қайд этилишича, маскан “Паризод Омад” МЧЖга қарашли бўлиб, ҳар бир ижарачининг санитар-эпидимеологик ҳолати текширилади. Ҳар куни эмас-у, онда-сонда. Мижозларни йўқотиб қўймаслик учун спиртли ичимликлар ҳам сотилади. Албатта, бу ер бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги ва тез орада қайтадан қурилиши ҳақидаги гап-сўзлар бор. Ижарачилардан бирининг сўзларига кўра, ёз мавсуми учун “Паризод Омад”га 5 миллион сўм тўлаб қўйилган. Одам эса фақат дам олиш кунлари кўпроқ, бошқа пайтлари кимдир келишини кутиб ўтиришади.

– Сўриларда шароит яхши эмас, – дейди дам олувчилардан бири, самарқандлик Обид Аллаёров. – Қўшни супалардан турли гап-сўзлар эшитилиб қоларкан. Уруш-жанжал шундан чиқади.

Ишчиларнинг айтишича, сурхондарёлик йигит ҳам жой талашиб ишчилар билан уришиб кетган.

alt

Чўмилиш ҳудудида болалар учун мўлжалланган алоҳида муҳофаза ҳудуди йўқ, қутқарув хизмати фаолияти йўлга қўйилмаган. Аёллар ҳам, болалар ҳам, маст-аласт кишилар ҳам аралаш-қуралаш бўлиб сувга шўнғимоқда. Турли хил оқиндилар, дам олувчиларнинг ўта беписандлиги, экологик маданиятга эътибор қилмаслик оқибатида сўв бўтаналашган, ифлосланган.

alt

Ўртачирчиқ туман ҳокимининг кичик саноат зоналари, инвестиция ва туризм бўйича ўринбосари Н.Гаппарованинг маълум қилишича, дам олиш маскани инфратузилмасини яратиш мақсадида хитойлик инвесторлар билан қиймати  20 млн долларга тенг шартнома тузилган. Лойиҳа балиқчилик ва қисқичбақачилик бўйича махсус ҳудуд ва замонавий типдаги тематик парк барпо этиш каби икки йўналишдан иборат.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *