Махсус янгиликлар 0 Шархлар 2908 кўрилди

Тимур Ҳакимов яна футбол майдонида. «У ҳали ўз сўзини айтиши мумкин...» (интервью)

мар 30 / 2019

alt

Бир пайтлар футбол оламида Тимур Ҳакимовнинг номи бирдан қулоққа чалиниб, унинг голлари кўплаб шов-шувларга сабаб бўлди. У бир вақтнинг ўзида кўплаб  футбол иштиёқмандлари ва клублар раҳбарларининг назарига тушиб улгурган эди. Аммо айтиш жоизки, ўша вақтларда Тимур Ҳакимовнинг муваффақият пиллапояларидан кўтарилишига баъзи нарсалар тўсқинлик қилди. Бора-бора кам эслайдиган бўлишди ва унинг футболни бутунлай тарк этганлиги  ҳақида миш-мишлар тарқалди. Айнан мана шу гап-сўзларнинг нақадар ҳақиқатга яқинлигини билиш мақсадида биз футболчини излаб топдик ва айни дамда Ўзбекистоннинг «Қўқон 1912» футбол клубида тўп сураётган футболчи билан суҳбат уюштирдик. 

Тимур, бора-бора футбол оламида сизнинг номингиз эшитилмай қолди. Сиз ҳақингиздаги “футболни тарк этган” деган гаплар қай даражада асосли?

 Одамлар гапираверади(жилмайиб). Лекин бу мен ҳақимда тарқалган асоссиз гаплар шунчаки. Худога шукр унақа бўлмади, бўлмайди ҳам.

alt

alt

Футболда сиз бир муддат яхши натижалар кўрсатдингиз. Ваҳолангки, буни давом эттиришингиз мумкин эди. Қолаверса, сизни барча футбол мухлислари  “U-17” жаҳон чемпионатида таниди. Баъзилар сизга ўзбек футболи эрталаридан бири дея баҳо берган эди ўшанда.  Бироқ, ўзингиз тўп сурган футбол клубларида сизни етарли даражада ўзини кўрсата олди деб айтиш бир оз мушкул.  “Футбол оламида тез порлаб тез сўнди” деган фикрларни ўзингиз қандай изоҳлайсиз?

Тўғри, мен бир муддат болалар футболида ўзимни яхши кўрсата олдим. Лекин профессионал футбол билан болалар футболи ўртасидаги фарқ жуда катта. Шунингдек, ўйиндаги масъулият ҳам. Бирон бир футбол клубида ўзимни етарли даражада кўрсата олмаганимни тан оламан. Буларнинг барига эса ўзим айбдор эканлигимни биламан. Сабаби,  бу менинг ўша пайтларда ҳаётдаги нотўғри яшаш тарзим, юлдузлик касаллигига чалинганлигим билан боғлиқ десам тўғри бўлади.  Чунки бир муддат юлдузлик касалига чалинган инсон ўзига ортиқча баҳо бериб юборади. Кўча-кўйда сизни ҳамма танийди. Одамлар доим мақтайди. Ўша пайтларда ўзимни бошқача ҳис қилардим. Бироқ ҳеч қачон бесабаб бирорта машғулотни ўтказиб юбормаганман. Мен ўшанда анча ёш эдим ва ҳамма танигани учунми, ўзимни зўр футболчи бўлдим деб ҳисоблардим. Ҳаммаси зўр бўлади, мени четга жўнатишади деб ўйлардим. Лекин бундай бўлмади ва шу ерда қолишимга тўғри келди. ЎФАда ишлайдиган Олим Арифов деган киши бор. Шу ака менга Қатардан клуб топиб берганди. Қишда “Олмалиқ”қа қарши сунъий майдонда ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Ўйиндан кейин билсам Қатардан менга самолёт чиптасини юборишган экан. Кетаман деб жуда хурсанд бўлганман. Аммо Бабаян олдимга келиб бу таклифни рад қил, сен “Пахтакор”да қоласан деган. Кейин мажбур қолдим ва ўша мавсум ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда 90 дақиқача ўйнадим.                        Футболда халқни алдаб бўлмайди. Бунинг учун футболчи ўзини машғулотларга тўлиқ баҳш этиши керак.  Шу орқалигина у ютуққа эриша олади. Агар одам юлдузлик касалига чалиниб, мен қила оламан барибир деб ташлаб қўйса,ўз-ўзидан мағлубият томонга қадам босиб қўйганлигини билмай қолади.   Ёшларга маслаҳатим - ҳеч қачон юлдузлик касалига чалинманг. Фақат шуғулланиш, майдонга тушиб ўйнаш керак. 

2010 йил Тошкентда U-16 Осиё чемпионати бўлиб ўтганди. Ўша мусобақада сиз тўпурар бўлгансиз. Турнирдан қандай хотиралар қолган?

Бу турнир мен учун катта ва илк турнир эди. Шундай бўлдики, Худонинг хоҳиши билан ғалаба қозондим ва турнирнинг энг яхши ўйинчиси деган эътирофга сазовор бўлдим.  Шуларни ҳисобга олганда ушбу турнирдан ижобий хотиралар қолган.

Жаҳон чемпионати-2011 дан сўнг сиз билан бир қатор Европа клублари қизиқиб қолган эди. Ўшанда сизнинг Европага йўл олишингиз нима сабабдан амалга ошмай қолди?

Шундай таклифлар бўлганлигини биламан ва бунда ҳеч ким айбдор эмас. Шунчаки “Пахтакор”  клуби мени қўйиб юборишни  истамади, деб ўйлайман.

Мексика қаҳрамонлари орасида қайси футболчи айни пайтга келиб ўзидан кутилган даражада ўйнаб кетди,  дея ҳисоблайсиз? 

Сардор Сообирхoджаев. Сардор ҳозир “Пахтакор”да тўп суряпти, жамоа лидери бўлиб.  Мексика билан бирга ўйнаган ҳар доим. У мен учун кучли футболчи. Кўпинча яхши жамоаларда ўйнайди. 

Қолаверса, у футбол майдонида ўз ҳаракатларини яхши назорат қила олади, ўйин темпини ушлай олади. Ўтган йили у ва унинг жамаоси бизнинг чемпионатимиз ассистенти бўлиб, гол ўтказиб беришди.

alt

Сардор Раҳмонов ҳам яхши ўйнайди ҳимояда, голлари яхши. У ҳимоячи бўла туриб, ҳужумни ҳам яхши бошлаб бера олади.

Яна Одил Аҳмедовни Ўзбекистоннинг энг кучли футболчиси деб биламан.  Ўзимизда бунақа футболчи ҳозир йўқ. Бизнинг миллий терма жамоамиз лидери.

alt

  Нафақат футбол майдонида, балки майдондан ташқари ҳам Одил аҳмедовни яхши биламан. Айниқса, майдондаги ўйин давомида қийин жараёнлар юзага келганда, вазиятни ўнглаш учун бор масулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимайди. Жуда тезкор ва кучли техникага эга футболчи.

alt

alt

Айни дамда “Қўқон 1912” футбол клубида тўп сураётган экансиз. Айтингчи, жамоага қандай қилиб келиб қолдингиз ва сизни жамоа аъзолари қандай кутиб олишди? Умуман жамоадаги муҳит сизга маъқул бўляптими?

Бош мураббий Нўъмон Хасанов билан у “Пахтакор”да фаолият юритаётган вақтларидан бери таниш бўлганмиз. Декабр ойларида у киши билан телефон қўнғироғи орқали боғланиб, мени ушбу жамоага олишларини сўраганман. Чунки ўша пайтларда менда бошқа вариантлар йўқ эди. Нўъмон Хасанов билан кўришдик, машғулотларимни кўрди. Мен ҳам ўзимни яхши кўрсатишга ҳаракат қилдим.  Нўъмон акага катта раҳмат,  мени жамоага қабул қилинишимда ёрдам бериб, менга яна бир имконият берганлиги учун. Ҳозир ёшим катта бўлиб қолди, энди кўпроқ ўзимни катта ўйинларда яхши натижалар билан кўрсатишим керак.  Жамога келсак, улар сафига келиб қўшилганимдан буён ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Жамоа аъзолари билан ҳудди ака-укадек бўлиб кетдик. Бунақа аҳил жамоа камдан-кам учрайди.  Жамоамиз эришиб келаётган ютуқлар ҳам ёмон эмас. Мен учун яхши танлов бўлди ушбу жамоа ва шу жамоа сафида тўп сураётганлигим менинг омадим десам тўғрироқ бўлади.

Оилангиз ҳақида камдан-кам интервью берасиз. Бир пайтлар севган қизингиз бор эди. Лекин ҳалигача оила қурмадингиз...

Оилада беш кишимиз, мен, бувим, бувам, онам ва акам. Тўғри, бир пайтлар севган қизим бор эди. Муносабатларимиз тугаганига анча бўлган. Шахсий ҳаёт масаласида эса ҳозирча ўйламаяпман. Мен учун ҳаёт мазмуни бу — футбол. Ўзим кутган натижаларга чиқиш ҳозирги кундаги асосий мақсадимдир.

Осиё чемпионати пайтида терма жамоадаги муҳит ҳақида нималар дейсиз?  
— У пайтлар зўр даврлар эди. Мен ҳалигача мураббийимиз Аҳмаджон Мусаев билан гаплашиб тураман. Жуда аҳил жамоа эдик. Майдонга қайси таркиб тушмасин, ҳаммамиз жипслашиб фақат ғалаба учун ўйнардик. Ўйиндан олдин футболчилар доира бўлиб туради, ўшанда Аббос Махситалиев айтарди: болалар охиригача ўйнаймиз, жонимизни берсак ҳам шу майдонда берамиз, лекин ғалаба қозонамиз. Жамоамизда турли миллат болалари бўлса-да, ҳаммамиз бир оила эдик. Битта хонага йиғилиб, ўзбекча концерт ёки кино кўрардик. Кўпчилик Аббос иккаламизни жуда қалин дўст деб билади. Жамоадаги ҳамма бир-бири билан аҳил эди. Фақат Махситалиев иккаламиз олдинда ўйнаганимиз учун мухлислар бизни кўпроқ гапирарди. Одамлар доим гол урадиган футболчиларни гапиради. Аслида ҳамма жойда шунақа. Осиё чемпионати чорак финал Сурияга қарши баҳсда Сардор Раҳмонов очиқ дарвозадан тўпни қайтариб юборган. Жанубий Корея билан кечган беллашувда ҳам ўзини кўрсатган. Аммо унинг қаҳрамонликларини ҳозир кўпчилик эсламайди. 

alt

Бўш вақтларингизда нималар билан машғул бўляпсиз?

Ҳар куни икки соат вақт ажратиб, машғулотлар билан банд бўламан. Қолган вақтларда уйда ўтириб, ҳар хил футбол клублари ўйинларини кузатаман.  Бўш вақтларимда ўртоқларим билан кўришамиз. Кечки вақтларда кўчага чиқмайман. Асосий вақтим уйда ёки стадионда, машғулотлар билан ўтади.

Ўзингиз қайси футбол клубининг мухлисисиз?

alt

Футболга кириб келган пайтларимдан буён “Манчестр Юнайтед” жамоаси ўйинларини мунтазам равишда кузатиб келаман.

Адашмасак, Германиянинг қайсидир клубига трансфер бўлишингиз керак эди?

Ҳа, мен билан Штутгарт ҳам қизиқиб кўрган. Мен ўшанда “Пахтакор” жамоаси аъзоси эдим. Лекин жаҳон чемпионатидан сўнг нима бўлганлиги, менинг тақдирим масаласида қандай келишув бўлганлигидан хабарим йўқ. Бу борада жамоа раҳбариятининг ўзи қарор чиқаришган.

 Яна шундай таклифлар бўлса, ўйлаб курасизми?

Албатта, ўзимни хорижий жамоаларда синаб кўришни истайман. Аммо бунинг учун аввал Ўзбекистондаги жамоада тўп суриб, яхши натижаларни кўрсатиб олишим керак. Қолаверса, айни дамда асосий мақсадим ҳам шу — ўз миллий терма жамоамиз орқали жаҳон чемпионатига чиқиш, “Қўқон 1912”  жамоаси таркибида яхши натижалар кўрсатиш, жамоани биринчиликка олиб чиқиш.  

alt

 “Қўқон 1912” футбол жамоаси мураббийи Нўъмон Ҳасанов жамоа ўйинчиси Тимур Ҳакимов ҳақида:

alt

- Ҳакимовни анчадан бери биламан. Менга телефон қилиб, Нўъмон ака, агар иложи бўлса мени жамоангизда синовдан ўтказинг деб сўради. Кейин чақирдим, кўрдим, машғулотларда жуда катта тер тўкмоқда. Анча ўзгарипти. Футболчилар ҳам кўришмоқда, Тимур Ҳакимов жуда меҳнаткаш футболчига айланган. Тўғри, унинг ҳозирги жисмоний ҳолати 45 дақиқа ўйнашга йўл қўймайди. Лекин шу рўсинда тер тўкаверса, ишласа, тез орада спорт формасини тиклайди. Бунинг учун вақт керак. Унинг техникаси ҳали ҳам ўзгармаган, жуда кучли ажойиб.  Менга унинг машғулотлардаги ҳаракати ёқмоқда. Шу боисдан ҳам уни қолдирдим. Балки мени ўрнимда бошқа мураббий бўлганида қолдирмасди, лекин мен унга имконият бердим. Ҳакимов ҳали ўз сўзини айтиши мумкин.

alt

Тимур билан суҳбатлашиб, кўплаб футбол мухлисларини қизиқтирган саволларга ойдинлик киритиб олдик. Қолаверса, унинг айни дамда футбол майдонида эканлиги ва атроф-муҳитдаги айрим салбий қувватларга осонликча таслим бўлиб қолмаганлигига хурсанд бўлдик. Тез орада футболчидан яна аввалгидек, ҳатто ундан аъло натижалар кўрсатишини кутиб қоламиз.

 

 Моҳичеҳра Эшмирзаева Uz24.uz учун

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг  

 

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *