Махсус янгиликлар 0 Шархлар 2263 кўрилди

Таваккалчиларнинг ўқишга кириш эҳтимоли камаяди

ноя 27 / 2019

alt

Тест синовларида нотўғри жавоб учун жарима балл берилиши мумкин. Бу ҳақда ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ўзининг телеграм каналида ёзмоқда.

Хабарингиз бор, келгуси йилги тест синовларида жиддий тизимли ўзгаришлар кутилмоқда. Масалан, 5 та фандан тест бўлади. Шундан 3 таси ҳамма йўналиш учун мажбурий (она-тили, Ўзбекистон тарихи, математика) фанлар, қолган 2 таси эса йўналишга қараб мутахассислик фанлари бўлади.

Олинган маълумотларга кўра, янгиликлардан яна бири - келгуси йилдан таваккалчиларга қарши курашиш мақсадида нотўғри жавоб учун жарима баллари берилиши мумкин. Яъни нотўғри жавоб учун маълум бир балл минус қилинади.

Бунда ҳар бир нотўғри жавоб учун жарима балл тўғри жавобга бериладиган баллнинг тўртдан бир (25%) қисмига тўғри келади.

Жумладан, қуйидагича бўлиши мумкин:

3 та мажбурий фанлар учун

тўғри жавобга - 2,1 балл;

нотўғри жавобга - минус 0.525 балл.

2 та мутахассислик фанлар учун

тўғри жавобга - 3,1 балл;

нотўғри жавобга - минус 0.775 балл.

Нотўғри жавоб учун балл минус қилиш халқаро майдон учун нотаниш эмас, бунақа тизим кўп жойда бор.

Бундай тизимдан асосий мақсад - ечимини билмасдан туриб, таваккал жавоб берадиганларни эҳтимолий ўқишга кириб қолишининг олдини олишдир. Шунда абитуриентлар фақат билган саволига жавоб белгилайди, билмаган саволларини очиқ қолдиради (очиқ қолдирилса, балл минус қилинмайди). Эндиликда фақат битта ҳарф ёки зиг-заг қилиб белгилаганлар ўқишга кира олмайди.

Сўзининг якунида Хушнудбек Худойбердиев ушбу ўзгариш расман тасдиқланмагани, ҳозирча фақат лойиҳа мақомида эканлигини таъкидлаб ўтган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *