Махсус янгиликлар 0 Шархлар 2868 кўрилди

Сенатор Мақсуда Ворисова: Тўй қилувчи иккала тараф ўртасида "Тўй шартномаси" имзоланиши керак

сен 11 / 2019

alt

Мақсуда Ворисова, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

Одам яралибдики орзу-ҳавас билан яшайди. Ўзида йўқ нарсаларга эга бўлишни, атрофдагиларда ҳавас уйғотишни истайди. Орзу-хаёлларидан чўпчак тўқийди ва чўпчакка аввало ўзи ишонади. Аксарият эртакларимиз “қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериб, мурод-мақсадларига етибди”, деган жумла билан якунланади. Ҳаётимиз фаровонлашиб боргани сайин орзуларнинг кўлами ҳам кенгайиб, ўзимиз орзунинг қулига айланиб қолаяпмиз.

Айниқса, тўйларимиз ва бошқа маросимларимиз меъёрни билмаслигимиз оқибатида аксар оилаларга қувонч ўрнига ташвиш олиб келмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз электорати манфаатлари ҳимояси йўлида, хусусан, аҳоли кенг қатламлари талаб-истакларини ўрганиб, оилалар фаровонлигини таъминлаш, улардаги ажралишларнинг олдини олиш, меҳнат билан топилган маблағларни фарзандлар камоли учун сарфлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан меъёрий ҳужжат ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблайди.

Сенат томонидан қабул қилиниши лозим бўлган меъёрий ҳужжатда қуйидаги масалаларга аниқ ечим берилиши лозим:

Биринчидан, Сенат томонидан Ўзбекистонда тўй ва бошқа маросимларда ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик, исрофгарчиликнинг олдини олиш, сохта обрў қозониш мақсадида, бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга барҳам бериш, ҳар бир ҳудуднинг ўз яхши анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, тўй ва маросимларнинг аниқ меъёрини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиниши лозим.

Иккинчидан, никоҳланувчилар ўртасида иккала томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган, оилавий ҳаётда ва ажрим рўй берган ҳолатда бажарилиши зарур бўлган вазифалар аниқ белгиланган «Никоҳ шартномаси» тузилиши мажбурий жорий этилиши зарур.

Учинчидан, тўй қилувчи иккала тараф ўртасида томонларнинг вазифалари ва мажбуриятлари аниқ кўрсатилган, Сенати қарори талаблари асосида тузилган «Тўй шартномаси» амалга татбиқ қилиниши керак.

Тўртинчидан, тўй ва бошқа маросимларнинг Сенат қарори асосида ўтказилиши назорати маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳудудий ички ишлар органлари томонидан назорат қилиниши керак.

Бешинчидан, барча жамоат ташкилотлари, вазирликлар, оммавий ахборот воситалари томонидан аҳоли орасида дабдабабозлик ва исрофгарчиликка қарши тарғибот ишлари олиб борилиши керак.

Олтинчидан, бу ишларда барча даражадаги раҳбар ходимлар шахсий намуна кўрсатишлари лозим.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсади халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ва фарзандларимизнинг бахтли келажак эгалари бўлишидир!

ЎзА

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *