Махсус янгиликлар 0 Шархлар 2276 кўрилди

Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш бўйича энг муҳим саволларга жавоблар

янв 27 / 2020

alt

Сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларда коммунал хизматлар бўйича ҳисоблаш ускуналарини қиёслаш билан боғлиқ шарҳлар кўп учрамоқда. Давлат хизматлари агентлиги қуйида энг долзарб ва кўп саволларга сабаб бўлаётган муаммоларга аниқлик киритиб ўтди.

1. Ҳисоблагичларимизни қиёслашдан ўтказишимиз учун қаерга мурожаат қилишимиз керак?

Ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан, 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб, электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сув ҳисоблагичларини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш учун аризаларни Давлат хизматлари маркази (ДХМ) ёки электрон шаклда my.gov.uz портали орқали амалга оширилиши белгиланган.

2. Ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш хизмати пулликми?

Юқорида айтиб ўтилган қарор билан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сув ҳисоблагичларини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш хизматини кўрсатишнинг тартиби белгиланган.

Маъмурий регламентга кўра, электр энергияси ҳисоблагичларини қиёслаш учун фуқаролардан ҳеч қандай йиғим ундирилмайди. Бироқ, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 % (бугунги кунда 44 680 сўм) миқдорида йиғим кўзда тутилган.

Юридик шахслардан мазкур хизматни кўрсатганлик учун барча турдаги ҳисоблагичлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари (бугунги кунда 334 500 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

3. Давлат хизматлари марказига ҳисоблагичларни қиёслаш учун ариза берган бўлсам ҳам, нима учун шу пайтгача хизмат кўрсатилмади?

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда масъул идоралар томонидан қарор талаблари белгиланган муддат бажарилмади. Ушбу ҳолатлар бўйича Давлат хизматлари агентлиги томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг масъул ходимлари бир неча марта расман огоҳлантирилган бўлса-да, қарор талаблари ўз вақтида бажарилмади.

Оқибатда, фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан коммунал хизматлар ҳисоблагичларини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича аризаларни ДХМ ёки онлайн тарзда юбориш имконияти яратилмади.

Мазкур ҳолатлар юзасидан юқорида айтиб ўтилган ташкилотларнинг масъул ходимлари Агентлик томонидан маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ҳозирда, ушбу давлат хизматларини кўрсатиш бўйича тизим ишга тушган бўлиб, фуқаролардан аризалар қабул қилинмоқда.

Бироқ, таъминотчи ташкилотлар белгиланган муддатда электрон тизимга уланмаганлиги сабабли, ҳозирда ушбу соҳада мурожаатларнинг ортиб кетганлиги ва навбатма-навбат кўриб чиқилаётганлиги, шу билан бирга таъминотчи ташкилотларда ходимлар сонининг етарли эмаслиги электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, мазкур хизматларни кўрсатиш муддати чўзилмоқда.

4. Агар мен аризамни ўз вақтида топширган бўлсам-да, мутасадди ташкилот ҳисоблагични белгиланган муддатда ечиб кетмаган бўлса, ким айбдор бўлади?

Аҳоли томонидан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ҳисоблагичларини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича Давлат хизматлари марказлари ва электрон шаклда ўз вақтида берилган аризалар бўйича таъминотчи ташкилотлар томонидан белгиланган муддатда кўриб чиқилмаганлиги учун фуқаролар жавоб бермайди!

5. Ҳисоблагич қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда, мазкур коммунал хизматлар учун тўловлар қандай амалга оширилади?

Ҳисобга олиш ускунаси талабгорнинг айбисиз вақтинчалик бузилганда ёки қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда, етказиб берилган электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сув учун ҳисоб-китоб маҳаллий Мажбурий ижро бюросини хабардор қилган ҳолда, ҳисобга олиш бузилишига ёки қиёслашдан ўтказишга қадар бўлган олдинги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф бўйича аниқланади. Ҳисоб-китобнинг бундай тартиби бир ойдан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас.

Ҳисобга олиш ускунаси бир ой муддатда ўрнатилмаган ҳолларда ҳисоб-китоб ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.

6. Ҳисоблагичларни 2019 йилнинг октябрь ойида қиёслашдан ўтказган бўлсам, кейинги қиёслов ишларини қачон амалга оширишим керак?

2019 йил 1 ноябрдан кейин келиб тушган аризалар бўйича ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги фуқаролар учун 8 йил, тадбиркорлар учун эса 4 йил этиб белгиланди.

2019 йил 1 ноябрдан аввал топширилган аризаларга нисбатан эски тартиб қўлланилади. Яъни, жисмоний шахслар учун – 4 йил, юридик шахслар учун – 2 йил.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *