Махсус янгиликлар 0 Шархлар 585 кўрилди

Ҳайвонларни идентификация қилиш тартиби қандай? Муҳим саволларга жавоблар

ноя 28 / 2019

alt

Ҳайвонларга идинтефикацион рақам (паспорт) бериш юзасидан фуқаролар ўртасида, хусусан, ижтимоий тармоқларда турли тушунмовчиликлар, кескин муҳокамалар, турли эътирозлар кузатилмоқда. “Ҳуқуқий ахборот” канали бу масала муҳокамалар марказига чиққанини инобатга олиб қуйидаги маълумотларни эслатиб ўтмоқда.

Ҳайвонларни идентификация қилиш ўзи нима?

Биркалаш, тамғалаш, жетонлаш ва чип ўрнатиш орқали ҳайвонларга индивидуал рақам бериш, ҳайвонлар тўғрисида маълумотларни электрон ахборот тизимига киритиш ва уларга ветеринария паспортини расмийлаштириш.

Ветеринария паспорти нима?

Ветеринария паспорти – бу ҳайвоннинг идентификация рақами, унинг эгаси, ҳайвонларнинг касалликларга қарши эмланганлиги, даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган ҳужжат.

Барча ҳайвонлар идентификация қилинадими?

Йўқ. Фақат қорамол, қўй, эчки, чўчқа, от, эшак, туялар, итлар ва мушуклар идентификация қилинади.

Паррандалар, қуёнлар ва бошқа ҳайвонлар идентификация қилинмайди.

Илгари ҳам ҳайвонлар идентификация қилинганми?

Ҳа. Илгари ҳам итлар ва мушуклар идентификация қилинган.

Идентификация қилиш тартиби қандай?

Ҳайвон эгалари ҳайвон туғилгандан сўнг доимий яшаш жойидаги ветеринария хизматининг вакилига қуйидаги муддатларда мурожаат қилишлари лозим:

• қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари 14 кундан кейин;

• қулунлар ва хўтиклар 4 ойлигидан кейин;

• чўчқа болалари 1 ойлигидан;

• ит ва мушуклар 3 ойлигидан кейин.

Идентификация учун ҳайвонларни ветеринария бўлимларига олиб бориш керакми?

Шарт эмас. Ветеринария хизмати вакилининг ўзи ариза келиб тушгандан сўнг 3 кун ичида жойига бориб ҳайвонларни идентификация қилади. Ҳайвон эгасининг хоҳишига кўра, ит ва мушуклар ихтиёрий равишда ветеринария бўлимларига олиб борилиши мумкин.

Ҳайвонларни идентификация қилиш шартми?

Ҳа шарт. Ушбу шартни бажармаслик ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш ҳисобланади ва тегишли жавобгарликка олиб келади.

Идентификация қилиш хизматлари учун тўлов мавжудми?

Ҳайвонларни идентификация қилиш хизматлари учун ҳайвон эгасидан қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:

• ҳар бир қорамол, от, эшак ва туялар учун – 4 460 сўм;

• ҳар бир қўй, эчки ва чўчқалар учун – 3 345 сўм;

• ҳар бир ит ва мушуклар учун – 2 230 сўм.

Ҳар бир бош ҳайвонга ветеринария паспорти алоҳида расмийлаштириладими?

Қўй ва эчкиларга гуруҳ усулида ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мумкин. Бироқ, паспортда ҳар бир ҳайвоннинг алоҳида идентификация рақами кўрсатилади. Бошқа ҳайвонларга эса ветеринария паспорти алоҳида расмийлаштирилади.

Ҳайвон сўйилса ёки нобуд бўлса нима бўлади?

Бу ҳолатда ҳайвон эгалари 7 кун муддатда доимий яшаш жойидаги ветеринария хизматининг вакилига тегишли бирка ва жетонлар билан бирга ветеринария паспортини ҳисобдан чиқариш учун тақдим этади.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *