Махсус янгиликлар 0 Шархлар 1437 кўрилди

Наманганлик аёл жазмани билан эрини ўлдириб, Қозоғистонга қочиб кетди

янв 31 / 2019

alt

Наманганда эрини ўлдириб каналга оқизган аёл ва унинг ўйнаши қидирилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текшириш давомида қуйидагилар аниқланди.

Маълум қилинишича, Дилшод (исми ўзгартирилган) турмуш ўртоғи 1989 йилда туғилган Нигора (исми ўзгартирилган) билан яқин қариндоши – амакисининг ўғли, 1992 йилда туғилган Даврон (исми ўзгартирилган) билан ўзаро ишқий муносабатда бўлиб келганлигидан шубҳа қилиб, 18 январь куни спиртли ичимлик ичиб, турмуш ўртоғи Нигора билан уйида ўзаро жанжаллашган.

Бундан хабар топган Даврон телефон орқали Дилшодни ўзини хонадонига чақириб, холасининг ўғли Тоҳир (исми ўзгартирилган)га темир болтани бериб, Дилшод келиб, жанжал қилиши билан унинг бош қисмига болта билан қасддан уриши ҳақида кўрсатма берган.

18 январь куни соат 21:30 ларда Дилшод амакиси Холмат (исми ўзгартирилган)нинг уйига келиб, турмуш ўртоғи Нигора ва Даврон ўртасидаги ишқий муносабатларни Холмат билан муҳокама қилаётган вақтида Даврон ҳам жанжалга аралашган пайтда, Тоҳир унинг орқасидан келиб, қўлидаги темир болта билан Дилшоднинг бошига бир марта урган. Дилшод мувозанатини йўқотгандан сўнг Холмат болтани олиб, Дилшоднинг бошига болта билан 2 марта урган. Дилшод ерга йиқилгандан сўнг, Даврон келиб, Дилшодни бош қисмига қасддан тепган. Оқибатда Дилшод воқеа жойида вафот этган.

Шундан сўнг, Даврон ва Тоҳир жиноят изларини яшириш мақсадида Дилшодни жасадини кўрпага ва полиэтилен селофанга ўраб, Давроннинг отаси Холматга тегишли Lacetti’нинг юкхонасига солиб, Наманган шаҳар, Машад МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган «Шимолий Фарғона канали»га ташлаб юборишган.

Жиноятни содир этилишида фойдаланилган темир болтани Чортоқ тумани, Гулшан МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган «Чортоқ сой» ариғи қирғоғига ташлаб юборишган.

Мазкур ҳолат юзасидан 26 январь туман прокуратураси томонидан Даврон, Холмат ва Тоҳирларга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «п» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Марҳум Дилшоднинг жасади 27 январь куни Тўрақўрғон тумани, Узумзор МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган «Шимолий Фарғона канали»дан кўрпа ва полиэтилен селофанга ўралган ҳолатда тан жароҳатлари билан топилган.

Юқоридагиларга кўра, Холмат ва Тоҳирлар ЖКнинг 97-моддаси 2-кисми «п» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган, 28 январь Холмат, Тимурларга ЖКнинг 97-моддаси 2-кисми «п» банди билан жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб этилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Даврон терговдан яшириниб Қозоғистонга марҳум Дилшоднинг турмуш ўртоғи Нигора билан биргаликда қочиб кетганлиги сабабли 28 январь унга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «п» банди билан сиртдан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақида қарор қабул қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланилди ва қидирув эълон қилинди.

Ҳозирда жиноят иши вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими иш юритувига олинди. Жиноят иши бўйича тергов Бош прокуратура назоратига олинди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *