Махсус янгиликлар 0 Шархлар 888 кўрилди

"Мурувват" ортидаги тузоқ

фев 18 / 2019

alt

“Ҳожатбарор”

Фирибгарлик жинояти жой ҳам, жабрланувчи ҳам танламас экан. Сабаби, товламачилик йўлини тутганларнинг нафси йўлдами-чўлдами ҳакалак отиб кетаверар, унинг йўриғида ҳаром бўлса-да осонгина даромадга эга бўлишга интилаверишар экан. Энг ёмони, улар ўзларининг бундай чиркин мақсадига эришиш учун ҳатто оғир беморларни зор қақшатишдан ҳам қайтишмас экан...

Яқинда жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар суди очиқ суд мажлисида ана шундай кимсаларнинг жиноятлари фош этилди. Суд залида ўтирганлардан кимдир фарзанди оғир хасталикка чалинган онанинг фирибгарлар тузоғига тушганига ачинган бўлса, яна кимдир бебурдларни қарғади, биров ҳайратдан ёқасини ушлаш билан кифояланди, холос. Фирибгарлар ҳам бегона эмас: ака-ука Баҳодир ва Баҳром, уларнинг тумандоши Дилшод (исм-фамилиялар ўзгартирилган).

...Баҳром телеграм ижтимоий тармоғидаги “Эҳсон” каналига уланди-ю, фикри ўзгарди-қолди. Бу каналда асосан ёрдамга муҳтожлар (ва ўзини муҳтож кўрсатувчилар ҳам) ҳожатбарорлардан маълум миқдорда моддий ёрдам сўрашар ва мабодо кимдир бунга рози бўлса, пул кўчиришлари учун пластик карта рақамларини эълон қилишар эди.

“Қизим оғир дардга чалинган, хорижий клиникада жарроҳлик амалиёти ўтказишимизга ёрдам беринг! Акс ҳолда, 20 ёшли дилбандимдан айрилиб қоламан”. Илтимосноманинг остига пластик карта ва уяли алоқа рақамлари қолдирилган. Роксана исмли аёлнинг ушбу илтимоси Баҳромни сергак торттирди. У хаёлига келган шум фик­рини амалга ошириш учун дарҳол аёлга хабар юборди:

“Опажон, дилбандингиз операция­си учун қанча маблағ етишмаяпти, қўлимдан келса ҳаммасини тўлашга ҳаракат қиламан”...

Табиийки, бундай “меҳрибонлик”дан Роксананинг қувончи ичига сиғмади ва дарҳол жавоб берди:

 “30 миллион!”

“Ҳа, яхши, қолгани тайёрми ахир, айтган суммангизни тўласам, уни асраб қолишга улгурасизми?”

“Албатта, 20 миллион сўм йиғилди, сиз каби яхши одамлар кўп экан, укажон”...

“Хўп, опажон, мен сизга қисқа муддатда хабар бераман”.

Баҳром ҳожатманд жувон берган маълумотлардан нусха олиб, аввал акаси Баҳодирнинг телеграмдаги рақамига юборди. Бу вақтда Баҳодир Дилшод билан бирга Қашқадарё вилоятидаги меҳмонхоналардан бирида суҳбатлашиб ўтирган эди. Укасидан келган муждани ўқиб, унинг мақсадини дарҳол тушунди.

– Сизга маълумотларни юбордим, 20 миллионлик даромадни бой берманг, ўзгалар илиб кетмасин, – деди укаси унга қўнғироқ қиларкан. 

Дилшоднинг маслаҳатига биноан рус тилини яхши билгани боис Роксана билан Баҳодир гаплашадиган бўлди. Фақат шахсий рақамидан эмас, шаҳарлараро сўзлашув тармоғи орқали.

– Биз сизга ёрдам бермоқчимиз, операцияга керак бўлган ҳамма пулларни ўтказиб юбораман ҳозир, фақат бунинг учун менга пластик картангизга уланган клик рақамини ҳам айтишингиз керак, бўлмаса бундай катта сумма ўтмайди.

Ҳожати равон бўлаётганидан умид­вор Роксана “ҳожатбарор”га лаққа тушди

– Икки кунда ҳисобингизга пул ўтказаман, қизингиз тузалиб кетсин, – дея хайрлашди Баҳодир клик рақамини олгач...

Роксана бечора эса узундан узоқ раҳмат айтганча қолди.

Икковлон тонгни бетоқатларча оттиргач, Шаҳрисабз шаҳридаги “Кеш” деҳқон бозорига қўйилган банкомат ёнига боришди. Шу орада кўринишидан соддалиги билиниб турган бир отахон келиб, пластигидаги пулни банкомат хизмати орқали нақдлаштириб олди. Сўнг кетишга чоғланган ҳам эдики, Баҳодир у кишига яқинлашиб, саволга тутди:

Отахон, сиздан бир илтимосим бор эди?

– Қўлимдан келса бажонидил, болам, – дея кўринишидан бошқа вилоятнинг кишиси эканлиги билиниб турган йигитга разм солди отахон.

– Биз мол олгани водийдан келувдик. Аммо пулимиз камлик қиляпти. Керакли пулни у ёқдан машина орқали келишини кутсак, вақт йўқотамиз. Агар бизга пластик картангизни бериб турсангиз, танишларимиз ҳозироқ пул ташлайди, биз уни нақдлаштириб олиб, сизга қайтариб берамиз.

– Майли, бўтам, мусофир экансизлар, мана олинг...

Устомонлар клик хизмати орқали бирпасда Роксананинг пластик картасидаги маблағни қўлларидаги картага ўтказиб олишди. Сўнг дўкондорлардан бирига учрашиб, 20 миллион 300 мингни 5 фоиз эвазига нақдлаштириб беришни сўрашганди, у киши  ҳам кўна қолди. Ахир, йўқ жойдан 1 миллион сўм даромад қоринни оғритадими? Дўкондор ечилган суммадан ўз ҳақини чегириб, нақ 19 миллионни Баҳодир ва Дилшоднинг қўлига тутқазди. Бўшаган пластик карта  эса отахонга қайтарилди. Ярим соатда яхшигина сармояли бўлган икки фирибгар дўппини осмонга отишганча тезда уйларига – Андижонга жўнаворишди. Табиийки, “даромад” уч ҳамтовоқ ўртасида тенг тақсимланди...

Нохуш хабарлар

Энди гапни Роксанадан эшитинг. У нотаниш “ҳожатбарор”га шахсий  клик рақамини айтгач, кечаси билан кўнгли ғаш тортди. Ҳисобидаги пулни укасининг пластик карта рақамига кўчириб беришни сўраш учун Ангрен шаҳридаги тегишли банкка йўл олди. Аммо у молия муассасаси остонасига етар етмасдан, телефонига кетма-кет СМС­лар кела бошлади. Хабарлар унинг ҳисобидаги пуллари ечиб олинганидан дарак берарди...

Шундоқ ҳам жигаргўшасининг дардида куйиб адо бўлаёзган онаизор ҳушидан айрилишига бир баҳя қолди. Яхшиямки, банк ходимлари ўз вақтида унга биринчи ёрдам кўрсатишди. Сўнг Роксананинг мурожаати билан унинг пластик карточкасидан ечилган пулларнинг рўйхатини тақдим этишди. Унда аёлгинанинг маблағлари қаердан, қай усулда ўзлаштирилгани ҳақида барча маълумотлар мужассам эди. Воқеа юзасидан жабрланувчи Роксананинг қонуний вакили – қайнукаси дарҳол туман ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат этди. Тезкор суриштирув ишлари натижасида барча жиноятлар фош бўлди. Жиноят изларини беркитиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини чалғитиш мақсадида Баҳодирнинг ўз уяли алоқа телефони туриб, шаҳар таксофонидан Роксанага қўнғироқ қилгани, ўз пластик картаси бўлса-да, нотаниш инсоннинг картасига пулларни ўтказиб олиб, сўнг уни нақдлаштиргани, ҳамма-ҳаммаси бирин-кетин исботини топди.

Жиноят жазосиз қолмайди

Суд судланувчилар, жабрланувчининг қонуний вакили ва гувоҳнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши бўйича тўпланган ҳужжатларни атроф­лича ўрганиб чиқди. Уларни таҳлил қилиб, судланувчи Дилшод Рустамов ва Баҳром Зиёдуллаевнинг (Баҳодир Зиёдуллаев хорижга кетиб қолгани учун унга нисбатан жиноят иши алоҳида иш юритувига ажратилган) айби ўзларининг тўлиқ иқрорлиги, пластик карточкасидаги пул ўтказиш операциялари, уяли алоқа телефонларидаги кириш-чиқиш қўнғироқлари ҳақидаги маълумотлар ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини тўлиқ топган деб ҳисобланди. Дилшод Рустамов ва Баҳром Зиёдуллаев содир этган жиноят Жиноят кодексининг  169-моддаси 3-қисми “б” банди билан дастлабки тергов органи томонидан тўғри малакаланган деб топилди.

Судланувчи Дилшод Рустамовга жазо тури ва меъёрини белгилашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, шунингдек, унинг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб қилмишидан пушаймонлиги, оилалилиги, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, жабрланувчига етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани, шунингдек, унинг муқаддам судланган (бир неча марта) бўлиб, бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмасдан яна жиноят содир қилгани, жабрланувчининг қонуний вакили оғирроқ қонуний чора кўришни сўраганини инобатга олиб, унга ўзи айб­ланаётган модда санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайин­ланди.

Баҳром Зиёдуллаевга эса жазо тури ва меъёрини белгилашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг бир гуруҳ бўлиб ёрдамга муҳтож шахс­нинг мулкини ўғирлагани, жабрланувчининг қонуний вакили қонуний чора кўришни сўрагани, муқаддам судланмагани, яшаш жойидан ижобий тавсифланиши, ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани инобатга олинди. Унга ўзи айбланаётган модда санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинланди.

Суд Дилшод Рустамовни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Тайин­ланган жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди. Баҳром Зиёдуллаев эса 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди. Зарарни қоплаш мақсадида Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасининг депозит ҳисоб рақамига топширилган 20 300 000 сўм пул жабрланувчининг қонуний вакилига қайтариб берилиши ҳам суд ҳукмида қайд этилди.

Манба: “XXI asr” газетаси.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *