Махсус янгиликлар 0 Шархлар 2432 кўрилди

Миллий электромобиль — Al-Fraganus: тўлиқ яратилиш муддати, сарфланган харажат ва илк мижоз ҳақида

мар 01 / 2019

alt

Хабарингиз бор, 2018 йилнинг сентябрь ойида фарғоналик ёш олимлардан иборат жамоа Бухоро вилоятида ўзининг электромобилини яратишга киришганди

Куни кеча, қатор нашрларда ўзбек миллий электромобили яратилгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Лойиҳа муаллифи Саидбек Ғуломовнинг UZ24'га маълум қилишича, бугунги кунга келиб лойиҳани моделлаштириш ишларигина якунланган. 

— Электромобилни яратиш ишлари ҳали якунига етмади, — дейди лойиҳа муаллифи Саидбек Ғуломов. — Илк прототипини ишлаб чиқариш жараёни тахминан 4 ойга мўлжалланган эди. Афсуски, бу ерда (Бухорода) бир ўзим ишлаяпман, бирга ишлайдиган кадр топилмагани учун муддат сал кечикяпти, жамоамиз аъзолари масофадан туриб кўмаклашишяпти. Ҳозир лойиҳа якунланишининг аниқ муддати ҳақида бир нима дейиш қийин. Негаки, айрим эҳтиёт қисмларини топишда бироз муаммолар бўлиб турди. Шуларни топа олсак, бир ойга қолмасдан электр машинани яратиш ишларини тўлиқ якунлай оламиз. 

Лойиҳага асли ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароси Шамсиддин Ҳасанов ҳомийлик қилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёни Когон тумани ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Когонремстройкомлект” Ўзбекистон –Россия қўшма корхонаси ҳудудида бормоқда.

alt

Электромобиль дизайнини яратишда Фарғона дўпписидаги безаклар нусхасидан фойдаланилган. Электромобилнинг кузови юз фоиз алюминийдан тайёрланган. Узунлиги 4 метр 75 сантиметр, эни 2 метр, баландлиги 1,53 метрни ташкил қилади. 18 дюмли ғилдираклар ишлатилади. 6,5 секундда 100 километр соат тезликда ҳаракатланади. Бир марта тўлдирилган қувват 350 км дан ортиқ масофагача ҳаракатланиш учун етади. 

alt

Аввалроқ, лойиҳа муаллифи электромобилнинг бир дона нусхасини яратиш учун 50 минг долларга яқин маблағ керак бўлишини маълум қилганди. 
— Прототипни яратиш жараёнида кўп деталлар ўзгарди. Керакли кадрлар топилмагани учун композит материалдан эмас алюминдан фойдаландик, қайта ҳисоб-китоб қилдик. Харажат 50 минг долларга бормайдиган бўлди. Ҳозирча 40 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Энди яна 20 минг долларга яқин харажат қолган — Саидбек Ғуломов.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, электромобиль нархи 110-150 миллион сўмга баҳоланмоқда.
 
alt
 
Электромобиль "Saidbek dream cars" бренди остида Al-FRAGANUS номи билан сотувга чиқарилади.
— Электромобилни харид қиламан деганлар талайгина. Лекин биринчи мижоз ўзим бўламан, худо хоҳласа. Қолган мижозлар уни миниб кўриб, индивидуал буюртма беришлари мумкин бўлади. Буюртмалар кўпайса, ишлаб чиқариш ҳажмини орттириб бораверамиз. Ҳомий томонидан бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган — Саидбек Ғуломов.
Электромобиль бўйича патентга эга бўлиш учун республика Интеллектуал мулк агентлигига зарур ҳужжатлар топширилиб, дастлабки хулосалар олинган.
 
Лойиҳа яралиши ва ишлаб чиқарилишида Саидбек Ғуломов билан бирга Фурқат Мирвалиев, Рафиқжон Абдуллаев, Шермуроджон Ўктамжонов, Аҳаджон Собиржоний, Жасурбек Толибов, Элдиёрбек Тожибоев, Ҳаётжон Абдураҳмонов, Илҳом Нишонов, Хуршид Худоёров, Жаҳонгир Равшанбеков, Исмоил Турсуналив ва Абдулазиз Ҳусанжоновлардан иборат катта жамоа меҳнат қилмоқда. 
 
Ўзбек миллий электромобилини яратишга ўз ҳиссасини қўшиш ва жамоа билан бирга ишлаш истагида бўлганлар +998 93 2702451 рақамига мурожаат қилишлари мумкин.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *