Махсус янгиликлар 0 Шархлар 1720 кўрилди

"Медиа парк"даги фирибгар 40 нафар фуқарони 225 миллион сўмга чув туширди

ноя 29 / 2018

alt

Маълумки, бугун жамиятимизда энг оғриқли нуқталардан бири — фирибгарликка қўл ураётган инсонларнинг учраётганлигидир. Бу ҳақда ҳар биримиз кўп бора эшитганмиз, кимлардир эса бундай жирканч қилмишга рўпара бўлгандир ҳам.

Фирибгарлик жинояти содир этилишига аксарият ҳолларда айбдор шахснинг хизмат мавқейи ёки унинг шахсий ёки қариндошлик муносабатлари сабаб бўлмоқда. Масалан, “ўқишга киритиб қўяман”, “уй олиб бераман”, “ишга жойлаб қўяман”, дея ишончни суиистеъмол қилиб, пул маблағлари қўлга киритилади. Бундай ҳолатлар афсуски, сўнгги пайтларда жуда кўп учрамоқда.

Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятининг умумий жиноятчиликдаги салмоғи ортиб бораётгани сабабли 2016 йилнинг 26 декабрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, Жиноят кодексининг фирибгарлик, деб номланган 168-моддасининг санкцияси оғирлаштирилди.

Хусусан, 2018 йилнинг 10 ойи давомида Сергели туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-мод­даси билан жами 77 та жиноят ишлари тергов қилинган. Ушбу жиноят ишлари бўйича 98 нафар айбланувчига ЖКнинг 168-моддаси турли қисмлари билан айблов эълон қилиниб, судга юборилган бўлиб, айбланувчиларнинг 88 нафарини эркаклар, 10 нафарини аёллар ташкил этади.

Мазкур турдаги жиноятлар содир этилиши усули бўйича таҳлил қилинганида, улардан 26 таси автомашина, 14 таси уй-жой, 7 таси турли хизмат кўрсатиш, 6 таси ўзга шахснинг номига кредит олиш, 4 таси ишга жойлаштириб қўйиш, 4 таси пластик картадаги пулни нақдлаштириш, 4 таси маҳсулотни арзон олиб бериш ва сотиш, 3 таси қарзга пул олиш, 3 таси ўқув юртларига ўқишга олиб кириб қўйиш, 2 таси тилла буюмларни сотиб бериш билан боғлиқ эканлиги аён бўлган.

Бугунги кунда фирибгарликнинг янги кўриниши сифатида ўзга шахснинг номига кредит ёки товар олиш каби жиноятларнинг содир этилиши ҳолатлари кўп учрамоқда ва бу туркумдаги жиноятлар эпизодининг кўплиги билан долзарб бўлиб қолмоқда. Масалан, Сергели туман прокуратураси томонидан 1993 йилда туғилган З.Холдоровга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш ҳужжатларига кўра, З.Холдоров 2018 йил 7 июнь куни Сергели туманидаги “Медиа парк” маиший техника дўконида 1984 йилда туғилган М.Каримбердиевага 150 минг сўм бериш орқали ишончига кириб, унинг номига 4 миллион 936 минг сўмлик “Артель” кондиционерини кредит йўли билан олишга эришади. Сўнгра, кондиционерни ўзга шахсга арзон-гаровга сотиб юбориб, олинган кредит қарзини тўламаганлиги натижасида М.Каримбердиевага моддий зарар етказади.

Мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида З.Холдоров юқоридаги каби жиноятларни 40 нафар фуқарога нисбатан содир этиб, жабрланувчиларга жами 225 миллион сўмликдан ортиқ моддий зарар етказганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Сергели туманида янги уй-жойлар қурилиши муносабати билан фирибгарликнинг уй-жой билан боғлиқ кўриниши бирмунча кўпайган. Масалан, 2018 йилнинг 30 июль куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сергели туман бўлими ходимлари томонидан 1977 йилда туғилган фуқаро Д.Мираҳмедовга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “в” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш ҳужжатларига кўра, Д.Мираҳмедов 2018 йил июль ойида О.Эргашевга гўё яқин қариндошлари ва танишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Тошкент шаҳар ҳокимиятида ишлашини айтиб, Сергели туман ҳудудидан 2 хонали уй олишда ёрдам беришни ваъда қилади. У бундай ёлғон сўзлари билан О.Эргашевнинг ишончига кириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг расмий бланкасини сохталаштирган ҳолда, уй-жой олиш учун О.Эргашевнинг исм-фамилия­сини сохта бланк­ка киритади. Сўнгра, О.Эргашевга хонадон олиш учун давлат божи тўлаши лозимлигини таъкидлаб, ундан давлат божи учун, деб 400 минг сўм пул маблағни алдов йўли билан қўлга киритиб, берган ваъдасини бажармайди, олган пулларини эса ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.

Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида Д.Мираҳмедовга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, иш кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Айрим одамларнинг ўта ишонувчанлиги нопок инсонларга жуда қўл келмоқда. Айримлар автомашина олиш орзусида йиллар давомида йиққан маблағини “устамон” одамларга тутқазиб қўйишмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг июль ойида Сергели туманидаги автомашина бозорида фуқаролар Д.Халиков ва Ф.Бахтиёров фуқаро Д.Жумаевнинг ишончига кириб, унга ўзларини автосалонда ишловчи шахс­лар сифатида таништиришади. Д.Жумаевга 7 кун ичида автосалондан “Дамас-Лабо” автоуловини олиб беришни ваъда қилишади. Сергели туманида жойлашган автосалон ёнида Д.Жумаевдан автомашина учун 55 миллион 624 минг сўм ва 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, пулларни шахсий эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборишади.

Ушбу ҳолат юзасидан айбдорларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Бундай жиноятларнинг асосан ёшлар томонидан содир этилаётгани, уларнинг осон бойлик орттиришга бўлган иштиёқининг ошганлигини билан ифодаланишини афсус билан айтиш мумкин. Бу ёшлар наҳотки, “Меҳнатнинг таги роҳат”, “Бировнинг ҳаққи ўзгага буюрмайди”, “Қадами адашганнинг қалби ҳам адашади” каби ҳаётда ўз тасдиғини топган халқ мақолларини эшитмай улғаяётган бўлса? Бундай ҳикматларни яхши билиш баробарида, уларга амал қилган ота-оналаримиз доимо бировнинг ҳаққи­дан, ҳаромдан ҳазар қилишган. Асрлар синовидан ўтган бу ҳикматларни ёшларнинг қулоғига қуйиш, онгига чуқур сингдириш лозим. Ана шундагина, афсус надомат ҳамда пушаймонга ўрин қолмайди.

Тоҳиржон ҲУСАНОВ, 
Сергели туман прокурори

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *