Махсус янгиликлар 0 Шархлар 5296 кўрилди

Фермерлар кенгаши раиси "кўп гўшт еяпмиз", деб кўп "мушт" еяпти...

сен 11 / 2019

alt

10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжумани шов-шувларга сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди. Анжуманда қатнашган ва журналистлар саволларига жавоб қайтарган мутассаддилардан бири, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитов чорва ҳайвонлари учун озуқа захирасининг етишмаслиги, ўз ўрнида, гўшт ва сут маҳсулотлари нархига ҳам таъсир ўтказиши борасида фикр билдирган. Айниқса, унинг қуйидагича айтган фикри муҳокамаларга сабаб бўлди:

“Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар? Тўғри, озуқа етишмаслиги биринчи сабаб, иккинчидан, бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти. Буни «Америка касаллиги» дейишади, бу касаллик менда бор, сизда бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ…"

Хайитовнинг бу баёнотига блогерлар ўз муносабатини билдира бошлашди. Қизиғи, амалдорнинг фикрлари асосли эканини таъкидлаганлар ва эътироз билдирганлар ҳам бор.

Муносабат:

“Биз ростанам кўп гўшт еяпмиз...”

alt

Кеча гўшт нархи ошиб бораётгани сабаблари ҳақида тўхталиб таниқли чиновниклардан бири икки асосий омил борасида айтиб ўтибди. Озуқа масаласи ва кўп гўшт еяётганимиз.

Озуқа масаласида чиновник ҳақ - чорва моллари сонига нисбатан озуқа инфратузилмаси ортда қолмоқда. Яйловлар, ем-ҳашак етиштириш учун дала майдонлари етарли эмас. Саноат даражасида озуқа етиштириш эса 90- йиллар даражасида қолиб кетган.

Афсуски, иккинчи масаладаям чиновник ҳақ, биз ростанам кўп гўшт еяпмиз, оч-наҳорлик ёқасидаги 90- йиллар билан солиштирганда албатта. Ўзбекистон барча ўлчов ва индекслар бўйича жуда кам гўшт ейдиган мамлакатлар қаторидан чиқиб кам гўшт ейдиган мамлакатлар қаторига яқиндагина қўшилди. Менимча, чиновник шуни айтмоқчи бўлган, лекин сўз, тажриба ва ахборот бойлиги етмаган.

Кечаги прессухада яна бир ҳақиқат айтилишини кутгандим. Уям бўлса, гўшт қимматлашишда давом этаётгани сабабларидан бири бу унинг Ўзбекистонда ишлаб чиқариш усулининг ўрта асрлар даражасида қолиб кетаётганлигидир. Расмий статистикага кўра 90%дан ортиқ гўшт шахсий ва ёрдамчи хўжаликларда етиштирилади. Яъни ибтидоий натурал хўжалик муҳитида. Бу муҳитда гўшт таннархи арзонлашмайди, меҳнат ва вақт сарфи ўта юқорилигида бу имконсиз, гўшт фақат қимматлашади. Шу сабабли гўшт нархи мувозанатлашиши йўлидаги илк қадам натурал ишлаб чиқаришдан саноат ишлаб чиқаришга ўтиш бўлиши лозим. Дарвоқе, товуқ гўшти борасида 90- йиллар ва нўлинчи йиллардаги аҳволни эсланг. Ўшанда ечим ҳар бир хўжаликда товуқ боқиш билан эмас, йирик паррандачилик комплексларини яратиш орқали кўрилган ва бу тўғри бўлганини бугун парранда гўшти таклифидаги хилма-хиллик ва ҳамёнбопликдан кўриш мумкин.

Ва албатта гўшт нархи ошиши яхши сигнал, қилган хатоларни ўнглаш ва энди нима қилишимиз лозимлиги борасидаги сигнал. Фақат бу сигнални тўғри англай олишимиз лозим.

Манба

Эътироз

“... Биз “слишким” кўп яшаворяпмиз...”

Ҳурматли Актам Хайитов, сиз бу гапни ўзингизни мисолингизда айтдингизми ё статистик маълумотлар асосидами? Дунё бўйича гўшт истеъмол қилиш статистикасига кўра, биз Африка давлатлари каби истеъмол қиламиз экан гўштни. 

alt

Сизни ўша ишга нима учун қўйишган? Шу одам соҳани ривожлантирсин, халқ кўпроқ гўшт истеъмол қилсин, гўштдан қийналмасин деб қўйишганми?

Бозорлардаги қассобхоналарни олдида хеч кузатиб турганмисиз? Ёш болалар, аёллар келиб 50-60 минг сўмлик гўштни олишга қурби етмасдан менга 10 минг сўмлик тортиб беринг деганини кузатганмисиз? Ҳафтада бир марта ёки умуман гўшт емайдиган одамларни биласизми? Болаларига иложсизликдан гўшт ейиш зарар экан, одамни қаритар экан, деб чўпчак тўқиб, ичидан зил кетган онани дардини эшитганмисиз?

Кўп гўшт еяпмизмуш, қаердан келиб қолади шунақа кадрлар хайронман.  Биз шунчаки эплаб ишлай олмаяпмиз, қўлимиздан келмаяпти стабил ушлаб туриш, деб қўя қолинг ундан кўра, ҳеч бўлмаса хақгўй одам экан, деб ҳурмат қилайлик.

Ишқилиб эртага соғлиқни сақлаш вазири: Биз “слишким” кўп яшаворяпмиз, деб чиқмаса эди...

Манба

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *