Махсус янгиликлар 0 Шархлар 1839 кўрилди

Бухорода йиғлаётган адолатлар. Қонун амалдами ёхуд қоғозда?

ноя 26 / 2018

alt       

UZ24’га Бухоро вилояти, Когон туманидан ташриф буюрган Сардор Ғуломов (Исм-шарифлар ўзгартирилган) исмли йигит Жиноят ишлари бўйича шаҳар ва вилоят суди унга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқаргани, унга нисбатан асоссиз айбловлар қўйилганидан шикоят қилди.  

“Охирги умидим сизлардан. Агар сизлар ҳам шаънимни оқлаб беролмасангиз, юртимизда адолат фақат қоғозлардагина бўларкан, деган хулосага келаман”, деди у ҳорғин кайфиятда ва ўзининг айбланишига доир бир талай ҳужжатларни тақдим этди. Суд қарори ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан танишиб чиққанимизда бизда бир талай саволлар туғилди.   

ДАСТЛАБКИ СУД ҲУКМИДА...  

Дастлабки суд ҳукмига кўра, 2017 йил 20 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида 1994 йил, Бухоро вилояти, Қоракўл туманида туғилган С.Ғуломовга тегишли жиноят иши кўриб чиқилган. Мазкур суд иши ҳукмида айбланувчининг фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзгалар мулкини такроран қўлга киритиш ҳамда муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятларини содир этиб, жами 3 519 952 сўм маблағни ўзлаштирганлиги айтилади. Соддароқ қилиб айтганда, гўё у йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун тўланадиган жарима пулларини (ёки пулларнинг бир қисмини) фуқаролардан олиб, банкка камайтириб тўлаган ва ЙҲХБга топширишда квитанцияга ўзи рақамларни қўшиб ёзиб, ҳужжатни қалбакилаштирган ва пулнинг топширилмай қолган қисмини ўзлаштирган.

Ушбу айблов юзасидан айбланувчига нисбатан  ЖКнинг 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан 2 йил, ЖК 228-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан 2 йил, ЖКнинг 59-моддаси тартибида жиноятлар мажмуи бўйича қисман қўшиш орқали узил-кесил ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари тарзида тайинланган. 

Суд ҳукми билан батафсил танишарканмиз, унда келтириб ўтилган чалкаш ҳолатлар, ҳужжатлар орасидаги гувоҳлар кўрсатмалари ўзининг турфа мазмундагилиги билан ажралиб туради...    

ГУВОҲЛАР ТЕРГОВЧИ ТАЗЙИҚ ЎТКАЗГАНЛИГИНИ АЙТИШГАН...

Жабрланувчиларнинг  дастлаб “йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун жарима тўловини айбланувчи С.Ғуломовга эмас, суд ижрочиси А.С.га тўлаганликлари, айбланувчига даъвоси йўқлиги, тергов вақтида ҳаяжонланиб нотўғри кўрсатма берганликлари, бунга сабаб терговчининг тазйиқ ўтказганлиги, жарималарни шахсан ўзлари тўлаганликлари” ҳақидаги кўрсатмалари ва ушбу кўрсатмаларнинг судда ўзгариб қолганлиги каби чалкаш ҳолатлар биринчи галда тергов давомида ишнинг пухта ўрганилмагани ёки терговнинг бир ёқлама олиб борилгани ҳақидаги хулосани келтириб чиқаради.  

alt

alt

Масалан, жабрланувчи У.Зиёев “айбланувчидан жарима тўлангани ҳақида иккита сариқ ҳужжат олиб,  ҳайдовчилик гувоҳномасини ўзи ЙҲХГга бориб олгани, айбланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги”ни билдириб кўрсатма берган.

Жабрланувчи С.Равшанов дастлабки терговдаги кўрсатмасини тасдиқламасдан, “С.Ғуломовга тахминан 1 млн сўмдан ортиқ жаримаси борлигини айтгани, Сардор унга 700 000 сўм бериб, уйидан яна 600 000 сўм олиб келиб бергани, у бу пулларни Сардор билан кассага тўлаб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олгани,  тергов вақтида нотўғри кўрсатув берганлиги”ни айтган.

Жабрланувчи А.Ғуломов ҳам дастлабки терговдаги кўрсатмасини тасдиқламасдан, “2016 йилда икки марта автоҳалокатга учрагани учун 1 млн сўм қарзи бўлгани, пулга муҳтожлиги сабабли С.Ғуломовдан 500 000 сўм қарз олгани, 2-3 ой ўтиб, прокуратура терговчиси уни хизмат хонасига чақиртириб, унинг номидан тўланган, аммо ўзига номаълум бўлган тўлов ҳужжатлари қаердан келганлиги ҳақида сўроқ қилгани, у хабари йўқлигини айтгани, терговчи тазйиқ ўтказгач С.Ғуломовга 500 000 сўм бергани ҳақида нотўғри кўрсатма берганлиги, ҳақиқатда эса бундай бўлмаганлиги”ни айтган.

Энди ушбу кўрсатмаларга тескари кўрсатмаларга эътибор беринг;

Судда сўроқ қилинган жабрланувчи С.Субҳоновга кўра, у 2016 йил 22 август куни ўз бошқарувчидаги автомашинада йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги учун унга 651 200 сўм жарима тайинланган. У  500 минг сўм пули бўлган пластик карточкаси ва 100 минг сўмни С.Ғуломовга берган. Аммо орадан тахминан 4-5 кун ўтиб, А.С. унга жарима тўлангани ҳақидаги маълумотнома билан пластик карточкасини бериб кетган. С.Субҳонов ушбу маълумотнома орқали Когон шаҳар ЙҲХГ дан ҳайдовчилик гувоҳномасини олган.

Савол туғилади, мадомики С.Субҳонов жарима тўловини С.Ғуломовга берган бўлса, маълумотномани қандай қилиб А.Собировдан олган?     

Судда сўроқ қилинган жабрланувчи А.Худойбердиев ҳам дастлабки терговда берган кўрсатувини тасдиқлаб, “С.Ғуломовга жаримасини камайтириши учун 200 минг сўм бериб, А.С.дан жарима тўлангани ҳақидаги сариқ рангли маълумотномани олиб кетгани”ни айтган.  

Судда сўроқ қилинган гувоҳ АТ “Халқ банки” Когон филиали собиқ кассири Г.Нуриллаева “Н.Тўевнинг тўловини кейинчалик билишича, суд ижрочиси А.С. амалга ошириб кетгани”ни айтган.

Гувоҳ Н.Тўев ўз кўрсатмасида “2016 йил октябр ойида ижро бўлимига ҳайдовчилик гувоҳномасини сўраб бориб, жаримани ижрочи А.С.га машина ичида бергани, тўловни шахсан ўзи банкка кириб тўламагани” ни айтган.

Бундай ноаниқ чалкашликлар бошқа кўрсатмаларда ҳам мавжуд.

Судда сўроқ қилинган жабрланувчи С.Болтаевнинг кўрсатмасига кўра, С.Ғуломов унга  748 875 сўм жаримасини 375 минг сўм эвазига камайтириб беришини айтган. Сардорга 375 минг сўм бериб, Сардор билан телефонда гаплашган кассирдан иккита 745 сўм жарима тўлангани ҳақидаги квитанцияларни олган. Савол туғилади, кассир нега тўлиқ миқдорда тўланмаётган суммани қабул қилган?

ИШГА ДОИР БОШҚА КЎРСАТМАЛАРДА...

Суд ижрочиларининг Когон шаҳар бўлими ижрочиси А.С.нинг кўрсатмасида “А.Худойбердиевга тайинланган 449 325 сўмлик жарима суммасини тўланиши учун  У.Ф.нинг буйруғи асосида ҳисоб рақамини ёзиб бергани, орадан тахминан 2-3 кун ўтгач,  А.Худойбердиев бўлим бошлиғи У.Ф.ни сўраб келиб, У.Ф. уни олдига чақириб айтгани учун А.Худойбердиевнинг жаримаси тўлангани ҳақидаги маълумотнома тайёрлагани, унга бошлиқ имзо ва муҳр қўйгач, А.Худойбердиевга берганини, А.Худойбердиев маълумотномани олиб кетгани, У.Ф. эса тўлов паттасини ижро ҳужжатига тикиб қўйгани”ни айтган. Шунингдек, З.Раҳматовга ҳам худди шу тариқа, бошлиғининг буйруғи асосида ҳисоб рақами ёзиб бериб, З.Раҳматов жаримани тўлаб, иккита тўлов паттасини бошлиғига киритиб бергани, унинг буйруғига кўра З.Раҳматовга жарима тўлангани ҳақидаги маълумотнома ёзиб бергани, З.Раҳматовнинг ўзи бўлим бошлиғидан ҳисоб рақамини олиб кетгани(З.Раҳматов тўловни шахсан ўзи банкка кириб тўламаганини айтувди)ни, Н.Тўев ҳам собиқ бошлиқ  К.Х. ва У.Ф.га учраб, ҳисоб рақамни олиб кетганлигини, К.Х.нинг буйруғига кўра, унга жарима тўлангани ҳақида маълумотнома ёзиб бергани”ни айтган.  

Судда сўроқ қилинган гувоҳ, Когон шаҳар бўлими бошлиғи — У.Ф.  қарздорлар — Ф.Жумаев, А.Худойбердиев, З.Раҳматов, М.Остонов, Х.Хайруллаев, А.Ғуломов, У.Зиёев, С.Субхонов, С.Болтаевдан жарима ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари унинг бошқарувидалиги, ҳужжатлар хизмат хонасидаги махсус сейфда сақлаб келгани, сейф одатда қулфланмаган ҳолатда туриши, қарздорларнинг жарима миқдорини аниқлаштирилиб, уларга тегишли ҳисоб рақам берилиши, тўлов тўланган патта бўлимга тақдим этилиши, у шу пайтгача жарима тўлангани ҳақида маълумотнома расмийлаштириб, имзо ва муҳр қўйган ҳолда фуқарога бериб келгани, сейф калити иш юритувчи А.С.да  ҳам бўлиб, ўзи йўғида унинг ўрнидан мавжуд ижро ҳужжатлари билан ишлаш ҳаракатларини амалга ошириши, жарималар тўланиб, тўлов патталари келтирилгач, уларга маълумотномалар расмийлаштириб берилгани, тўлов патталарининг сохталаштирилганидан хабари бўлмагани”ни айтган.

Шунингдек, “хизмат текшируви давомида тўпланган ва олинган тушунтиришларга кўра, Суд ижрочиларининг Когон шаҳар бўлими иш юритувчи котиби А.С. мансаб йўриқномаси билан боғлиқ бўлмаган вазифалар билан шуғулланганлиги ўз тасдиғини топган” деган қайдлар Департамент мутахассиси хулосасида ҳам мавжуд...

Ушбу кўрсатма ва хулосаларга таяниб, айтиш мумкинки, биринчи галда Когон шаҳар суд ижрочилиги бўлимида ишга бўлган муносабат, муҳит бузилган. Акс ҳолда, қарздорларнинг маълумотномаларини расмийлаштириб, унга муҳр ва имзо қўяётган бўлим бошлиғи ва суд ижрочиси тўлов патталаридаги суммаларга эътибор қаратмаслиги мумкинми?

Гувоҳ “Халқ банки”нинг 8-кассири Ғ.С.нинг кўрсатмаси эса ўзгача. Яъни, у “жаримага тортилган А.Ғуломов, С.Равшанов, Х.Хайруллаев, С.Болтаев, З.Раҳматов, Ф.Жумаев, М.Остонов, А.Худойбердиевларнинг номидан тўловлар (жарима учун белгиланган суммада эмас, балки кам миқдорда тўланган ва квитанцияларига рақамлар қўшилиб қалбакилаштирилган)ни собиқ ижрочи ва айбланувчи С.Ғуломов амалга ошириб, квитанцияларини олиб кетгани”ни айтган. Мадомики, унинг ушбу кўрсатмаси рост бўлса, банкка тўланаётган суммадан нега ўз вақтида шубҳаланмади ёки эътироз билдирмади?” деган савол туғилади.

М.Турсуновнинг кўрсатмасига кўра эса у (2016 йилда) Бухоро юридик ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежидан амалиёт ўташ учун суд ижрочилари Когон шаҳар бўлимига жўнатилган. У ердаги амалиёт раҳбари иш юритувчи С.Ғуломов бўлиб, С.Ғуломов тахминан 700 сўмдан 3000 сўмгача бўлган миқдорда кассага тўлов амалга ошириб, квитанция келтириб беришни буюрган.  Ҳисоб рақам ва қарздорнинг исм-фамилиясини С.Ғуломовнинг ўзи ёзиб бериб, квитанцияларни у Сардор тушунтиргани бўйича тўлдирган. Тўлов ҳужжатлари йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳақидаги жарима ёки бошқа турдаги жарима бўлганини эслолмаслиги”ни билдириб кўрсатув берган.

Аммо қўлимизда М.Турсуновнинг амалиёт раҳбари С.Ғуломов эмас У.Ф. бўлганлиги айтилган йўлланма (йўланманинг коллежга қайтарилган қисмидан олинган ҳужжат нусхасида) да У.Ф.нинг исм-шарифи ва имзоси ва муҳр қайд этилган.

alt

Қолаверса, юқоридаги кўрсатмада гувоҳ М.Абдуллаева “суд ижрочиларининг Когон шаҳар бўлимида (2016 йил августдан 2017 йил апрель ойига қадар) иш юритувчи вазифасида ишлагани, айбланувчи С.Ғуломов у ишга келганига қадар бўшаб кетгани”ни айтган.

Ҳайратланарлиси, тасдиқномадаги амалиётчининг амалиёт ўтган вақти  ҳам суд қарорида ёзилгани каби 2016 эмас, 2017 йил 14.04 да эканлиги қайдлари мавжуд. Суд ижрочиси котиби С.Ғуломов (гувоҳ кўрсатмасига кўра) қандай қилиб амалиёт раҳбари бўлиши мумкинлиги қизиқ.

СУД НИМА ҚИЛДИ?

Ҳукм бўйича, судда С.Равшановнинг “айбланувчига жаримасини камайтириш учун ҳеч қандай пул бермаганлиги, тергов вақтида ҳаяжонланиб, нотўғри кўрсатма бергани” ҳақидаги, А.Ғуломов ҳамда У.Зияевнинг дастлабки юзлаштирув ва суддаги уч маротаба ўзгарган кўрсатмалари судланувчи таъсири остида берилган кўрсатма” ҳисобланиб, далиллар мажмуидан чиқарилган”.  Аммо нимага ёки қандай далилга асосланиб бу тўхтамга келинган, ҳукмда асослаб берилмаган. Ҳукмда ушбу уч нафар гувоҳлар кўрсатмаси юзасидан Когон шаҳар прокурорига хабар қилиш ва жиноят иши қўзғатилиши”, “Терговчи тазйиқи остида берилди” дейилаётган кўрсатмалар юзасидан прокурор чораси қўлланилиши сўралган ва одатдагидек, “айбланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн кун муддат ичида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судига апелляция тартибида мурожаат қилишлари мумкинлиги” айтилган.

Дейлик, айбланувчи ўзининг айбсиз эканлиги юзасидан апелляция судига мурожат қилмоқчи. Бунинг учун эса унинг айбсизлиги юзасидан кўрсатма берган гувоҳлар иштироки муҳим рол ўйнайди. Бироқ ўн кун муддат ичида ушбу гувоҳлар юзасидан прокурор нимадир аниқлашга ёки чора қўллашга, сўнг айбланувчи ушбу аниқланган ҳолатга кўра апелляция судига мурожаат қилишга улгурармиди?

СУДДА РАД ЭТИЛГАН ИШГА ДОИР ҲУЖЖАТЛАР...

Судда инобатга олинмаган бошқа баъзи ҳужжатлар бор эдики, уларнинг нега рад этилгани ҳақидаги асосни ҳукмда учратолмадик.  

Масалан, ҳукмнинг бир қисмида “иш бўйича ашёвий далил сифатида эътироф этилган ижро ҳужжатлари, тўлов патталари, жарима тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳамда бир дона сўзлашувлар ёзиб олинган CD-R диски жиноят иши ҳужжатларига илова қилинганлигини инобатга олишни лозим топганлиги”, “С.Болтаев ва айбланувчи ўртасидаги суҳбат стенограммаси жиноят ишида тўпланган бошқа далилар йиғиндиси билан ўз тасдиғини топган” дея келтирилган. Бироқ, овоз ёзиб олинган CD-R диски ёки стенограммада С.Болтаев ва айбланувчи ўртасидаги суҳбат қандай мазмундалиги, унда жиноят аломати бор ёки йўқлиги ҳақида изоҳ келтирилмаган.

РАД ЭТИЛГАН ЭКСПЕРТ ХУЛОСАСИДА НИМА ДЕЙИЛГАН ЭДИ?

Судда рад этилган яна бир ҳужжат — эксперт-криминалистика бўлими хулосасида текширув жараёнида “Халқ банки” собиқ кассири Г.Нуриллаеванинг фуқаролар томонидан тўланган жарималарни банкка С.Ғуломов эмас, А.С. тўлаганлиги айтилган. Ушбу жараён экспертиза хулосасига илова қилинган (2та) фотосуратда ҳам акс этган.

Ёдингизда бўлса, Ғ.С. (кассир) ўз кўрсатмасида “жаримага тортилган 10-12 фуқаронинг номидан тўловларни собиқ ижрочи ва айбланувчи С.Ғуломов амалга ошириб, тўлов квитанцияларини олиб кетган”  деган эди.

Эксперт эса ўз текширув хулосасида ушбу кўрсатмаларга тескари фактларни келтириб ўтиб, “ишни ўрганишдаги тадқиқот жараёнида “тақдим қилинган С.Равшанов номидан тўлдирилган (13200 сўмлик ҳамда 1320), Ҳ.Хайруллаев(7488 сўмлик ҳамда 7488 сўмлик тўлов патталари), С.Болтаев (7487 сўмлик тўлов паттаси), М.Остонов (7488 сўмлик тўлов паттаси), З.Раҳматов(7488 сўмлик ҳамда 7488 сўмлик), А.Худойбердиев (449 сўмлик ҳамда 449 сўмлик), Ф.Жумаев(651, 130, 130, 651, 130 сўмлик), А.Ғуломов(748, 748 сўмлик)нинг тўлов патталаридаги қўлёзма ёзувлар “сумма рақамда” графасидаги жарима суммаси ёзилган рақамли ёзувлар банк кассири Ғ.С. нинг ёзув намуналари билан таққослаб кўрганимизда, умумий ва хусусий белгилари билан бир-бирига мос келди” дейилган. Ушбу қайдлар хулосанинг яна бир қисмида “юқорида номлари келтириб ўтилган фуқароларнинг жарималар тўлови патталаридаги ёзувлар фуқаро Ғ.С.томонидан бажарилган”лиги айтилади.

Эксперт хулосасининг якуний қисмида эса “А.Ходжаев (2387 сўмлик ҳамда 239 сўмлик), З.Камолованинг (5920 сўмлик ва 592 сўмлик, 5381 сўмлик ҳамда 538 сўмлик), Н.Тўевнинг (651 сўмлик ҳамда 6512 сўмлик), А.Аҳмадовнинг (6512 сўмлик, 651 сўмлик, 3907 сўмлик ҳамда 390 сўмлик), С.Субҳонов (65120, 65120, 651 сўмлик ҳамда 651 сўмлик), У.Зиёевнинг(26048 сўмлик ҳамда 2604 сўмлик)тўлов патталардаги қўлёзма ёзувлари айбланувчи С.Ғуломов, А.С., Ғ.С. томонидан эмас, бошқа шахс томонидан бажарилган” дейилган. Аммо ушбу “бошқа шахс”нинг кимлиги хулосада ҳам аниқ келтирилмаган. Шунингдек, экспертнинг текширув давомида аниқлаган ушбу фактлари судда нега инобатга олинмаганлиги ҳозирча мавҳумлигича қолмоқда.

ТЕРГОВЧИ НИМАГА АСОСЛАНИБ АЙБЛАМОҚДА?

Юқорида биз сиз билан гувоҳ бўлиб турган чалкашликлар авваламбор, тергов ҳаракатлари давомида юз берган айрим ғайриоддий ҳолатлар, тўлиқ таҳлил қилинмаган ва пухта ўрганилмаган фактлар, ишдаги йўл қўйилган камчиликликлар туфайли юзага келган дейишимиз мукин. Зеро, бунга қўлимизда асосимиз бор.

Биринчидан, Когон шаҳар прокуратураси терговчисининг қарор ҳужжатида “айбланувчининг “3.519.952 сўмлик ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш ҳамда фойдаланиш мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган, мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатларни такроран қалбакилаштириш, ҳужжат қалбакилигини била туриб, ундан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 228-моддаси 2-қисми “а” банди ва 228-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилганлиги, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб, такроран фирибгарлик жиноятини қасддан содир этган”лиги айтилган. Аммо терговчи нимага асосланиб бундай хулосага келганлиги, бу юзасидан қўлида қандай (ёки нечанчи рақамли, сонли) ҳужжатлар мавжудлиги, ҳақида келтириб ўтмаган.

Умуман, ўз вазифасини холислик нуқтаи назаридан бажарган терговчининг иш жараёнида кўрсатмалар судгача ва суддан сўнг ҳам бир неча бор ўзгариб қолиши мумкинми? Ёки терговчининг кўрсатмаларга атрофлича ҳуқуқий баҳо бермай, жиддий текширмай туриб, ишни судга ошириши қай даражада тўғри?

Терговчининг ишни кўриб чиқиш давомида йўл қўйган яна бир хатоси шундаки, бу ҳақдаги қайдлар суд ҳукми(ҳусусий ажрими)да ҳам учрайди. Яъни “Ўтказилган судга оид хатшунослик экспертизаси банкдан олиниб, ижро бўлимига тақдим қилинган квинтанцияга қўшиб кўрсатилган “2” рақами суд ижрочиси А.С. томонидан бажарилган бўлиши мумкин”лиги кўрсатилган.“С.Субхоновнинг жаримаси тўлангани маълумотномасини бериш учун унга А.С. қўнғироқ қилиб, маълумотномани берганлиги кўрсатилган ҳолат бўйича А.С.нинг ҳаракатига терговчи томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаган” дейилган суд ҳукмида. Аммо нега суднинг ўзи хулосада С.Ғуломовнинг айбдор эканлиги айтилмаганлигига эътибор қаратмади? Бунда суд ишга доир ҳужжатларнинг чалкашликларини била туриб, ишни ёпишга шошилганми деган табиий савол туғилади. Шунингдек, Суд департаментининг Ички хавфсизлик инспекцияси хулосасида ҳам айбланувчининг хатти-ҳаракатларига нисбатан бирон бир жиноят аломатлари борлиги келтирилмаган.

АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ СУДИДА НИМА БЎЛДИ?

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти инстанцияси суди (2017 йилнинг 22 январ куни) айбланувчининг апелляция шикояти юзасидан суд ишини кўриб чиққан.

Апелляция инстанцияси ҳукмида айбланувчи юзасидан қўйилган айбловлар, гувоҳлар кўрсатмалари дастлабки суд ҳукмидагидек бирма бир санаб ўтилиб, “айбланувчи томонидан А.С., А.Саидов, Ғ.С. ва бошқаларнинг ҳаракатларида суд томонидан баҳо берилмаганлиги ҳақида шикоятда келтирилган бу важларини рад этади” дейилган. Бироқ, А.Саидов ким эди? Апеляция ҳукмида ҳам ушбу шахсга оид маълумот келтирилмаган.

Апелляция инстанцияси суди ишни “Дастлабки суд, айбланувчи С.Ғуломовнинг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди ва 228-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан тўғри квалификация қилган. “Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2017 йил 20 ноябрдаги С.Ғуломовга чиқарган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин” дея якунлаган.

Ишга доир тақдим этилган мавжуд ҳужжатлар, адвокатнинг айбланувчи юзасидан келтириб ўтган кўрсатмалари, экспертиза хулосалари, Суд департаменти ички хавфсизлиги хулосаси, гувоҳлар кўрсатмалари, прокурор чораси қўлланилиши керак бўлган (Дастлабки суд ўз ҳукмида келтириб ўтилганидек, тергов ишининг охирига етмагани)уч нафар гувоҳлар кўрсатмалари эса негадир апелляция инстанцияси суди эътиборидан ҳам четда қолган. Сабаби ҳақида ҳам инстанция суди ҳукмида изоҳ берилмаган.

Бундан апелляция суди дастлабки суд ҳукмининг ўзигагина таяниб ҳукм чиқармоқда деган фикрга келиш табиий. 

Айбланувчининг адвокати Ж.Рўзиев судда айбланувчи ҳимояси юзасидан апелляция инстанцияси судидан бир қанча важларни инобатга олишни сўраган. Аммо булар судда эътиборга олинмаган. Сабабига ҳам изоҳ ҳукмда келтирилмаган. Қўлимизда адвокат Ж.Рўзиевнинг судга келтирган важлари мавжуд.

Яна бир мантиққа ёпишмаётган ҳолат,  дастлабки суд сариқ бланкалар, банкка тўланган тўлов патталари бўйича кассирлар кўрсатмалари, “ЙПХ”  билан тузилган йиллик шартномаларга мансабдор — Суд ижрочиларининг бўлим бошлиғи У.Ф. жавобгар бўлиб, ҳужжатларда унинг имзоси бўла туриб, буни департамент ва эксперт мутахассислари ҳам ўз хулосасида тасдиқлай туриб, С.Ғуломов жазога тортилмоқда.  Апелляция суди ишнинг ушбу қисмини ҳам эътибордан четда қолдирган.

Аслида бир бирига зид бўлган кўрсатмаларнинг судда рад этилиши, бу бўйича (дастлабки суд томонидан) жиноий иш қўзғатилиши сўралгани ҳам апелляция суди эътиборининг қаратилишига асос бўлар эди.

Юқорида санаб ўтилган тергов ва суд қарорларига оид чалкашликлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳали С.Ғуломовнинг суд иши бўйича адолатли ҳукм чиқарилганлигига ишонч ҳосил қилишга эрта. Аввал табиий равишда туғилган саволларга асосли фактларга таянилган жавобларни топиш керак. 

Бунинг учун Адлия вазирлиги ва Олий суд томонидан ишга доир юз берган тушунмовчиликларни назоратга олиш, қайта текшириш, баҳолиқудрат ОАВ иштирокидаги очиқ судни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Шундагина Бухоро вилоятида адолат борлигига айбланувчи қатори биз ҳам ишонч ҳосил қилишимиз мумкин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *