Махсус янгиликлар 0 Шархлар 1737 кўрилди

Банкдаги найрангбозлар фош этилди

апр 04 / 2019

alt

Анвар 2008 йилдан бери банкнинг туман филиалида ишлаб келади. 2014 йилдан у шу банк филиалида бошқарувчи вазифасига кўтарилди. Қисқа қилиб айтганда, энди филиалга умумий раҳбарлик қилиш Анварнинг зиммасида эди.

“Ҳуқуқ” нашрининг ёзишича, у банк бош ҳисобчиси Ваҳоб билан тил бириктиради. Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини талон-торож қилишни режалаштирди.

Улар 2014 йил тумандаги «Каттаминг одил миришкор» ХК билан шартнома имзолашди. Шартномага асосан 60 миллион сўм кредит 1 йил муддатга 18 фоизлик устама тўлаш шарти билан спиртли ичимликлар савдоси учун ажратилган. 2015 йил ҳолатига асосий қарздан 34 миллион 600 минг сўм, кредит  фоизлари 2 миллион 34 минг 651 сўм, жами муддати ўтган қарздорликлар 36 миллион 634 минг 651 сўмлик кредит маблағларининг мақсадсиз сарфланишига йўл қўйиб, кредит маблағларини растрата йўли билан талон-торож қилишган.

Бундан ташқари, улар амалдаги қонун-қоидаларга зид равишда 60 та ҳолатда жами 100.040,0 минг сўм даромад солиқлари ушлаб қолинмасдан иш ҳақлари берилишига йўл қўйган.

Шунингдек, Анвар билан Ваҳоб мазкур банк томонидан хизмат кўрсатилаётган қишлоқ хўжалиги корхоналарига ажратилган транш маблағларини ғалла ҳосилини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредит ва кредит фоизини қоплашга, МТПлар томонидан бажарилган хизматларга, олинган минерал ўғитларга, ёқилғи-мойлаш материалларига, электроэнергия тўловларига, солиқ ва бошқа иш ҳақидан ушланмалар учун тўловларга, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари олдидаги мавжуд қарзларини тўлашга йўналтириши лозим эди. Лекин улар маблағларни банкнинг бошқа харажатларига мақсадсиз йўналтириб, давлат ва жамият манфаатларига кўп миқдорда зарар етказди.

Худди шунингдек, бу йигитлар ўз мансаб ваколатини суи­истеъмол қилиб, «Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жам­ғармаси» маблағларини амалдаги тартиб ва йўриқномаларга зид равишда асоссиз, мақсадсиз йўналтиришга йўл қўйган.

Бир йил мобайнида фермер хўжаликлари ҳисобига келиб тушган  пул маблағлари бўйича «Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб варақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг талабларига зид равишда 29 та ҳолатда 41 051,9 минг сўм пеня бюджетга зарар етказилишига йўл қўйган. Қолаверса, 7 та банк мижозига ажратилган тижорат кредитлари сифатида 261 894,6 минг сўмлик график бўйича муддати ўтган қарздорликларнинг ўз вақтида ундирилмагани натижасида жами 20 174,4 минг сўмлик пеня ҳисобланиб, банк даромадига ундирилмаган.

Ўз манфаатларини давлат ва жамият фаровонлигидан устун қўйган бу кимсалар тегишли жазога тортилди.

Фаррух САЪДУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилоят

прокуратураси нозири

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *