Махсус янгиликлар 0 Шархлар 1355 кўрилди

"Автопирамида" орқали одамларни алдаган фуқарога жазо тайинланди

мая 08 / 2019

alt

Наманганлик Аброр Мансуров 2015 йил 5 мартда Сергели туманида "TOSHKENT AVTO AGENT" МЧЖни ташкил этиб, давлат рўйхатидан ўтказган. У Нукусда одамларга автомобилни 3 йил кредитга беришини ва бунинг учун 30 фоизини олдиндан тўлаш кераклигини айтиб, пул ишлай бошлаган. Шу тариқа Аброр Мансуров 2015 йил февраль ойидан 2018 йилнинг августига қадар 112 нафар фуқарони салкам 3,1 миллиард сўмга чув туширган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Улар орасида энг катта жабр кўрган бу — Сурхондарё вилоятидаги "Жарқўрғон сифат таъмир қурилиш" хусусий корхонаси раҳбари З.Нормуратов бўлиб чиқди. Унга 2017 йил 27 ноябрь куни имзоланган №AV-1-2017-0045-сонли лизинг шартномасига асосан Аброр бир йил муддатда "Асфальтоукладчик WM-6 HES" русумли техника воситасини олиб беришини айтган.

Шунга мувофиқ, З.Нормуратов 30 фоизлик бошланғич бадал сифатида "TOSHKENT AVTO AGENT" масъулияти чекланган жамият ҳисоб рақамига 245 миллион сўм ўтказган ва шунча пулга куйиб қолаверган.

А.Мансуровга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми "б", "в"-бандлари (эски таҳрирдаги), 168-моддаси 3-қисми "б"-банди (эски таҳрирдаги), 168-моддаси 3-қисми "а", "б"-бандлари, 168-моддаси 4-қисми "а"-банди, 179-моддаси, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси 1-қисми, 19211-моддаси 2-қисми "а"-банди, 228-моддаси 2-қисми "а", "б"-бандлари, 228-моддаси 3-қисми ва 243-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди Аброр Мансуровни Жиноят кодексининг юқоридаги моддалари билан айбдор деб топиб, узил-кесил 8 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари — 73.720.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

Энг муҳими, у жабрланувчиларга етказилган 1,9 миллиард сўм ва 1100 АҚШ доллари миқдоридаги зарарни ундириши, жамият балансидаги баҳоси 678,7 миллион сўмлик 10 та автомашинани келтирилган зарарларни қоплаши, жиноят предмети саналган 4 та автомашинани қонуний эгаларига қайтариши, яна жиноят предмети деб топилган 17 та автомашинани жабрланувчиларнинг номига расмийлаштириши ҳам керак.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *