Махсус янгиликлар 0 Шархлар 9699 кўрилди

Аслида эса... Фоҳиша

мая 28 / 2019

alt

"Йўқол, қорангни ўчир, кўргани кўзим йўқ сени..."

Ёшим 28 да. Оилада икки нафар қизмиз. Отам вафот этганидан кейин онам асабий бўлиб қолди. Бўлган бўлмаган гап-сўзларга асабийлашиб, охирги пайтларда чиқишолмайдиган бўлиб қолдик. Ноҳақ бўла туриб, жанжал кўтараверди. Бир куни асабийлашиб қайчини отиб юборганди, қўлимнинг тирсагини кесиб юборди, шундан чандиқ қолган.  Бу тузалгани ҳали, ўшанда қонни оқаётганини кўриб, аламдан роса йиғлаганман. Онам аламини мендан оларди.  Бир неча марта уйдан қочиб чиқиб кетдим. Чунки баъзида онам мени “Йўқол, қорангни ўчир, кўргани кўзим йўқ сени. Ё сен чиқиб кет, ё мен ўзимни бир нарса қиламан бу уйда” деб ҳақоратларди. Шундай кунларда бир неча кун онамнинг кўзига кўринмай, қўшнилар, дугоналаримнинг уйида ётиб қолардим. Кейинчалик онамнинг менга бўлган муносабати юрагимни совитиб ташлади. Уйга боришга юрагим безиб қолди. Шунгами балки, энди мен ўзимни мустақил ва эркин ҳис қила бошладим. Онам жуда “гордый”. Ҳар доим мен кечирим сўраганман. Лекин бирон марта ўзи “болам майли, кел кечирдим сени. Бошқа қилма бу ишингни” деб айтмаган бирор хато қилсам. Мени кечирим сўраб келишимни кутарди. Мен эса кечирим сўрасам эвазига аччиқ гаплар эшитиб, онамнинг қош-қовоғига қараб яшайвериб жонимга тегди. Шундай кунларнинг бирида “одноклассники”да бир йигит билан танишдим. У биздан бир туман нарида яшар экан. Тез-тез яширинча кўришиб турдик. Ҳаётимга мазмун кириб келгандек эди.  У мени севишини айтиб, кўп  ваъдалар берарди. Аввалига ҳафтасига бир маротаба, кейинчалик кунора, кейин ҳар куни кўришадиган бўлдик. Мен бир неча кун дугоналаримнинг уйида, яна бир неча кун қариндошларимнинг уйида ётиб юрардим. Онам орқаворотдан суриштириб турарди, лекин уйга қайтиб кел деб бир маротаба қўнғироқ қилмаган.  Хуллас у йигитга боғланиб қолдим. Шу... Шундай кунларнинг бирида..  Мен... хуллас орзу-ҳавасли, бир кун яхши ниятлар билан гўшангага кирадиган бокира қиздан  аёлга айландим. Тўйсиз, ҳеч нарсасиз...

“Энди нима бўлади” десам, Рустам менга “ҳеч нарса, сабр қилсанг, мен яқинда Россияга кетиб, ишлаб келаман. Ҳозир тўй қилишга пулим йўқ. Қайтиб келганимда тўй қиламиз” деди. Мен хурсанд бўлиб кетдим. Унинг гапларига ишондим. Ўйлаб кўрсам, биз бир ойча тез-тез учрашибмиз. Лекин кейинчалик Рустам борган сари жиддий, камгап, салга жаҳл қиладиган, аразлаб телефонини кўтармайдиган, ёки бутунлай ўчириб қўядиган одат чиқарди. Кейин бир, икки ҳафта, ҳатто бир ой, икки ойда бир кўришадиган бўлдик. Охирги пайтлар фақат ўзим қўнғироқ қилиб, хол-аҳвол сўрардим. У менга бефарқ бўлиб қолди. Топган баҳонаси “Мени Россияга кетишим аниқ бўлди, виза ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаб юрибман, ўйнаб юрганим йўқ” деган гаплар бўлди. Бир куни қўнғироқ қилиб, Россияга жўнаб кетаётгани, телефони ўчиқ бўлишини айтди. Шундай қилиб у кетди. Менга ҳаётнинг қизиғи қолмагандек эди ўша кунларда. Орамиздаги сир фақат иккаламизга аён эди. У Россияга кетганидан кейин бир марта қўнғироқ қилиб, совуқдан- совуқ қилиб, “Мен етиб келдим. Тинчмисан? Бу ердан телефон қилиш қиммат. Шунга энди камроқ гаплашиб турамиз. Майли яхши юр” деди. Бу охирги гаплашишимиз бўлди. Орадан икки ой ўтди. Рустамдан дарак бўлмади, уч тўрт ой... Шундан сўнг у мени ташлаб кетганига ишона бошладим.

Тошкент мен учун орзу эди...

Буёғига нима қилишим, қандай яшашим мумкинлигини ўйлаб сиқилардим. Озиб-тўзиб, асабий бўлиб қолдим. Кечалари оғзимни ёстиққа босиб, зор-зор йиғлаб чиқардим. Бир икки маротаба дугонам сезиб, “мазанг йўқми, сенга нима бўляпти” дея хавотир олиб сўради. Менга унга ҳеч нарса дея олмасдим. Гап-сўз тарқалиб кетишидан, уни онамга айтиб беришидан қўрқадим. Чунки у Рустамни танир эди. Дугонамнинг кўнглига шубҳа ораламаслиги учун, бошқа бир дугонамнинг уйига бориб яшаб юрдим.  Баъзида синглим қўнғироқ қилиб, менинг қаердалигимни сўрар, мен унга ишинг нима дея бақириб ташлардим. Кейин у ҳам бошқа қўнғироқ қилмай қўйди. Ўша пайтларда “одноклассники”да бир аёл билан танишиб қолдим. У опа билан кўришмаган бўлсак ҳам, бора-бора опа-сингилдек бўлиб қолдик. Унга бошимдан ўтган ҳамма нарсани айтиб бердим. У менга иш топиб беришини айтиб, мени Тошкентга чақирди. У аёл ўзи аслида Самарқандлик. Лекин Тошкентга анча аввал кўчиб келган экан. Йўлкира харажатини ўзи тўлайдиган бўлди. Мен ишлаб пул топсам, йўлкира учун олган қарзимни тўлашимни айтдим. Мен учун ўша пайтлар Тошкент орзу эди. Шунинг учун аёлнинг таклифини қабул қилдим. Бир икки кундан кейин Тошкентга йўл олдим. Йўлда онамга телефон қилдим ва “Она, мен Тошкентга кетяпман” деганимни биламан, онам жаҳли чиқиб мени қарғаб кетди. Телефонни ўчирдим.

Итдек ишлаб, кам пул олардим...

Тошкентга келиб, ҳалиги аёлнинг уйига жойлашдим. Уйи уч хонали эди, мен жойлашган хонада мендан ташқари яна иккита қиз кунига яшаш учун саккиз минг сўмдан пул тўлаб тураркан. Кейин у аёл менга Ипподром бозори ёнидаги кафега официантликка ишга жойлаштириб қўйди. Менга у ерда официантнинг вазифаларини ўргатишди. Ишга тезда ўрганиб, кўникиб кетдим. Фақат иш қийин эди. Бозор яқинидаги охшона бўлгани учун мижозлар кўп. Официантлар кун бўйи тик туриб, ишлаши керак, ўтириш мумкинмас. Оёқларимни пойабзалимни сиқиб, оғриғи жон-жонимдан ўтиб кетарди. Оёқ панжаларим орасида тошма чиқиб, икки бармоқларим орасини сиқар, юришга қийналардим. Бошлиқлар йўқ пайтда бир неча дақиқага стулга ўтириб дам олардим. Ҳатто ўтирган вақтимда ҳам оёқ панжаларим орасидаги тошма сиқиб, азоб берарди. Бизга кунига 30.000 сўмдан тўлашарди. Квартирада турганлигим учун, уй эгаси айтмаса ҳам, ҳижолат бўлиб, кунига саккиз минг сўмдан пул тўлаб турдим. Мижозларга хизмат қилиш учун ҳар доим кўринишимиз яхши бўлишини айтарди бошлиқлар. Кейин ўзим ҳам аёл бўлганимдан кейин ўзимга яхши қарашга ҳаракат қилардим. Топган пулимни йиғолмадим тўғриси, камлик қиларди. Йўлкира, кунига саккиз минг сўмдан яшаш жойига тўлаш керак. Баъзида кўнглингиз нималарнидир тусайди, егингиз келади. Хуллас топганимда барака бўлмади. Итдек ишлаб, оёқларимнинг томирлари чиқиб кетди. Лекин кам пул олаётганим алам қиларди. Бир икки марта сал кўпроқ пул беришларини сўрамоқчи бўлдим. Лекин официантлар бу гап фойдасиз эканлигини айтишганидан кейин индамадим. Яхши иш чиқса, бу ишдан кетаман деб ўйлардим.

Биттаси билан танишдим, хотини билиб қолди...

Ўша пайтларда биттаси билан танишиб қолдим. Телефон рақамимни сўради. Кейин биз тез-тез гаплашиб турдик. Муносабатларимиз яқинлашиб, уни хотини борлигини билдим. Шунда ҳам у билан учрашишда давом этдим. Бир куни унга бошимдан ўтган ҳамма гапни айтиб бердим. У жим эшитдида, мени агар тегсам, иккинчи хотин қилиб олишини айтди. Шундай қилди ҳам. Мени ишга жойлаштириб қўйган опага турмушга чиқаётганимни айтиб, нарсаларимни йиғиштириб уйидан чиқиб кетдим. У опа хайрон бўлиб қолган эди. Кейин ишдан ҳам бўшадим. Биз бир қанча вақт квартира ижарага олиб, бирга яшай бошладик. Озгина вақт ўтганидан кейин  уни хотини билиб қолди. Телефонинми билиб олган экан, оғзига келган гап билан сўкди. Мен сени йўқ қилиб юбораман деди. Бойваччани қизига уйланган экан. Тагидаги мошинаси ҳам хотининики экан. Хуллас у ҳам мендан ўзини олиб қочадиган бўлди.  Аввал кунора, кейин бир ҳафталарда келадиган, кейин умуман йўқолиб кетиб, беш ой деганда телеграмдан ёзяпти. Уни телеграмда «черный»га тиқиб қўйдим. Телефон қилди. Ичимдаги гапларимни айтиб олиб, орани уздим. Шу билан қораси ўчди. Кейин яна бошқаси билан танишдим. У билан ҳам никоҳсиз яшай бошладик. У уйланмаган йигит эди. Бир қанча вақт ўтгач, уни оила аъзолари уйлантиришга тушишди. Мен ноилож қолдим. Чунки уни  менга уйланмаслигини билардим. Мана шундай қилиб шу йўлга кириб қолдим.

Яхши яшашни, яхши кийиниб, еб-ичишни истайман...

Менга ҳаётнинг қизиғи қолмаган. Одамларга ўхшаб у бу кийим кечак ёки мева чева сотай десам, бунга ҳам пул керак. Қарз олай десам, биров бировга бир сўм пул бермайди ҳозир. Бир сўм олсанг ҳам икки сўм қилиб сўрайди. Жон куйдирганингга яраша пул бермаса, нима қиласан?  Мен яхши яшашни, яхши кийиниб, еб ичишни истайман. Лекин ҳалол йўл билан топадиган пулимга хоҳлаганимдек яшолмадим. Қишлоққа қайтиб борай десам, уйдаги жанжал-тўполонлар бировнинг қулоғига етса, сирларим очилиб, шарманда бўламан. Ёки биронта чолга узатиб юборишади, гап сўздан қутилиш учун. Қишлоқда гап сўз тез тарқалади, билсангиз... У ерларда шароит яхшимас, иссиқ сув тугул сувнинг ўзи йўқ бизда. Свет ўчгани ўчган. Газ йўқ, газ балон ишлатамиз. Шунинг учун боргим келмайди қишлоққа. Бу ерда яшаш шароити яхши.

Бир ўзим ишлайман. Менга буйруқ берадиганларни ёқтирмайман. “Клиент”  гаплашиб берадиганга ярим пулни бергандан кўра, ўзим чиққаним қулай. Қишлоқда яшаганимда ярим кечаси тўғриси хожатхонага чиқишга қўрқардим. Хожатхона бизда томорқани бир бурчагида бўлади. Ҳозир ярим кечаси ишлаб ўрганганим учун, балодан ҳам қўрқмайман. Аввалига ана шу “мост” тагига ишга чиқардим. Ҳозир бу ерда милициялар, гвардиячилар туришибди. Мардикор аёллар ҳам бор, тўғри ишига бориб, тўғри ишлаб пул топадиган.  Бизга ўхшаганлар уч, тўртта бўлиб туради. Милиция келганини сезмай қолсак,  “ишлагани, уборка қилгани чиқдик” деб тураверамиз. Улар ҳам қизиқ, фақат шу автобус “стоянка”сига туриб олишади. “Мост”ни ўраб ташлашдида. Сал бундоқ “мост”ни четроқларини ҳам айланиб кўришса,  шу атрофда юради ўзи эркакка ишлайдиганлар. Билдирмай юрадида...

Мактаб ўқувчилариям келиб туришади...

Мелисалардан қўрқиб, бекиниб юриш жонга тегди. Ҳозир онда сонда клиент йўқ куни буёққа келиб турибман. Кўпинча телефон қилиб келишади ёки ўзим уларни айтган жойига бораман. Асосан “обед”дан кейин  чиқаман ишга. Кечки соат 12-1:00 гача ишлайман. Телефоним 24 соат ишлайди, ўчмайди. Кунига олтмиш, саксон, юз минг сўм оламан. Бу бир марта биттаси билан бўлиш учун. Ҳар хили келиб туради. Ёшлар, ёши ўтганроқлари ҳам бор орасида. Бир куни бир қари амаки келибди, қизлар билан роса кулдик устидан. Сўкиб-сўкиб кетиб қолди. Отамиз қатори одам, маст эмасди. Ёш ўсмир болалар ҳам келиб қолишади. Ота-онаси қаёққа қараяпти уларни? Мактаб ўқувчиларини кўзи очилиб кетган. Интернет, телефон бузяпти уларни. Ўзимни жонимга теккан бундай яшаш. Қанча-қанчасини хотини бор, улар билан  жанжаллашавериб, жонга тегди.  Эрини йиғиштириб олишолмаса, кўнглини тополмаса, айб мендами?  Эри қолиб, менга ёпишади кўпчилиги, алам қиладигани...  

Бир куни синглим менга  қўнғироқ қилди. Официантлик қилиб юрганимни қаердандир эшитибди. Официантлик қилганимга шунча хавотир билан гаплашяпти синглим, мени ҳозир нима иш қилиб юрганимни билса, билмадим. Онам сўраяптими деб сўрасам, “онамга сиз ҳақингизда гапиришга қўрқаман” деди. Шундан тушундимки, онам охирги  жанжалимиздан кейин ҳалиям мени кўришга кўзи йўқ.

Гуноҳларим оғирлигини биламан...

 Бу менинг ҳаётим, ҳеч кимни айбламайман. Гуноҳларим оғирлигини, у дунёда жаҳаннам ўтида ёнишимни ҳам биламан. Аввалига шу йўл орқали пул ишлай бошлаганимда бу менга қаттиқ таъсир қиларди, юрагим оғрирди. Айниқса, озгина вақт сен билан бўлиб, “севиб”, кейин нафрат билан башарангга пул сочиб кетишлари, ҳар хил масхарали саволлар бериб, шахсиятимга тегишлари жон-жонимдан ўтиб кетган. Мен ҳам ҳамма қатори оилали бўлишни хоҳлаганман. Буни ҳозир ҳам хоҳлайман.

Лекин шу аҳволимда ҳам бир йилдан бери биттаси кетимдан қолмайди.  Ёши 37 да, менга уйланмоқчи. Кўринишидан анча ёш-у, юзини бир тарафида хунук чандиғи бор экан. Оиласи билан ажрашган. Болалалари билан кўришиб туради.  “Қачондир ниятинг маълум бўлади. Ишингни битириб, сен ҳам қорангни ўчирасан. Мени бошингга урармидинг” десам, “Тўғри йўлга киришни хоҳлайсанми ўзинг, бўлди айтганимни қил” дейди. Бир кўнглим унга ишонма деяпти, бир кўнглим балки алдамаётгандир дейди.  Чунки шу вақтгача ишонмайсиз, орамизда ҳеч қанақа интим муносабат бўлмаган, ҳатто ўзим хоҳлаганимда ҳам. Келади, еб ичишим учун у бу нарса олиб келиб, 1-2 соат ўтириб, насиҳат қилиб кетади. Кеча юз минг ташлаб кетди. “Фақат тўғри йўлга кирсанг сенга уйланаман” деяпти. Нега айнан мен, десам индамайди. “Сен айтганимни қил, бўлди” дейди. Лекин ҳозир ҳам шу ишимни қиляпман. Кунига бир марта, ёки икки уч кунда бир...  Буни у билмайди. Уни ваъдаларига ишонмаганим учун ҳам, ўша ишимни қилиб турибман. Ким билсин, балки ҳозирча, камчиликларимга қарашиб турибди. Бир куни жонига тегар, асл қиёфасини кўрсатар деб ўйлайман. Лекин ҳозир биров билан интим муносабатда бўлсам, айни ўша вақтда менга айтган гаплари эсимга келаверади. Яқинда қайсидир заводни айтаётганди, бирга ишга кирамиз деб. Билмадим, балки у ҳаётимга кириб келгани туфайлими, ёки камчиликларимни тўлдириб, эвазига ҳеч нарса сўрамаётгани учунми... виждоним қийналяпти, биров билан интим муносабатда бўлсам.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *