Махсус янгиликлар 0 Шархлар 1580 кўрилди

Андижонда бир неча кишини чув туширган фирибгарга суд ҳукми ўқилди

ноя 23 / 2018

alt

2018 йилнинг 20 сентябрида Жиноят ишлари бўйича Бўз туман суди томонидан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди (2016 йил 26 декабрь кунига қадар амалда бўлган) ҳамда 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилган Узаков Сайдулло Абдусаматовичга оид жиноят иши юзасидан ҳукм ўқилди.

Узаков Сайдулло Абдусаматович 2016 йил апрель ойида Андижон шаҳар Ёр-боши МФЙ ҳудудидаги “Жаҳон буюм бозори”да уяли алоқа воситаларини таъмирлаш ва уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро А. Фозиловнинг ишончига кириб, давомли равишда фирибгарлик йўли билан, унда мавжуд бўлган тўрт дона – ҳар бирининг нархи 80.000 сўмдан, жами 320 сўмни ташкил этган “NOKIA-5800” русумли уяли алоқа аппаратларини қўлга киритган. Пулларини тез кунда бераман, дея алдаб, бунинг устига 95.000 сўм пул маблағини ҳам олиб, ўзлаштириб юборган.

С. Узаков жиноий ишларини давом эттириб, ўзганинг мол-мулкини алдов йўли билан суиистеъмол қилишни ўзига касб қилиб олган. 2017 йил 17 ноябрь куни Андижон шаҳар Саноат МФЙ ҳудудида фуқаро Д. Азимовга тегишли бўлган “Газ 24-09” русумли давлат белгиси 14 G 25-62 бўлган автомашинасини 700 АҚШ долларига насия-савдо асосида сотиб олишини айтиб ишонтиради. Олдиндан 100 АҚШ долларини беради ва қолганини 2018 йил 18 февралга қадар беришга ваъда қилганича қайтиб қорасини кўрсатмайди.

 С. Узаков муқаддам судланиб, илгари қилган жиноий қилмишларидан тўғри хулоса чиқармаган. Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас, деганларидек, у фирибгарликдан ўзини тия олмай, 2018 йилнинг январида Андижон шаҳар Янгибозор деҳқон бозори атрофида уяли алоқа воситаларини таъмирлаш ва сотиш фаолияти билан шуғулланувчи А. Фозиловдан “PRESTIGO 37-67” русумли нархи 280.000 сўмлик планшетни хотинига кўрсатиб келиш баҳонаси билан олиб кетиб, қайтариб бермайди.

Бундан ташқари, 2018 йил 24 январда Андижон шаҳар 3-кичик даҳа ҳудудида буюртма билан уни Олтинкўл тумани ва бошқа жойларга “Ласетти” русумли автомашинасида олиб бориб келган М. Фозилжоновга тегишли “RED MI 4X” русумли, қиймати 1 200 000 сўмлик уяли алоқа аппаратини ҳам алдов йўли билан қўлга киритади. Оила аъзоларига қўнғироқ қилиб олишини айтиб, телефон аппаратини олади-ю, 3-кичик даҳасидаги кўп қаватли уйларнинг подъездига кириб кетганча жуфтакни ростлайди.

Шунингдек, 2018 йилнинг 8 апрелида Андижон шаҳар Ёр-боши МФЙ ҳудудидаги «Жаҳон буюм бозори»га савдо ишлари билан келган таниши М. Умаровага тегишли бўлган «I phone 4-C» русумли, қиймати 450 000 сўмлик уяли алоқа аппаратини бировга қўнғироқ қилиб олиш баҳонасида сўраб олади ва аста ғойиб бўлади. Худди ана шу телефон аппаратини 10 апрель куни Андижон вилояти Хўжаобод тумани ҳудудида Б. Турғуновга 250 000 сўмга сотиб юборади. Б. Тургуновга ушбу телефон турмуш ўртоғиники эканини, ҳозирда у шифохонадалиги ва унга дори-дармон учун пул зарур бўлгани сабабли телефонни сотишга мажбур бўлаётганини ишонарли тарзда ҳикоя қилади.

Фирибгарликда ўзига хос услуб яратган С. Узаков навбатдаги режасини ҳам муваффақиятли амалга оширган. 2018 йил 31 апрелда Андижон шаҳар 5-кичик даҳа ҳудудида буюртмага кўра уни Асака туманига «Дамас» русумли автомашинасида олиб бориб келган фуқаро Х. Абдуллаевни ҳам чув туширган. Х. Абдуллаевнинг «Samsung Galaxi A3/6» русумли, қиймати 1 500 000 сўмлик телефон аппаратини сўраб олиб, унда мавжуд бодринг-помидорларнинг суратларини гўёки Андижон вилояти кўп тармоқли шифохонада ётиб даволанаётган турмуш ўртоғига кўрсатиб чиқишини айтиб ишонтиради ва шифохона ичкарисига кириб кетганча қайтиб чиқмайди. Айнан ана шу телефон аппаратини 2018 йил 2 май куни Андижон шаҳар ҳудудида М. Холдоровга гўёки ўзининг телефонини сотиш истагида экани айтиб, 907 000 сўмга пуллаб юборади.

Суд, судланувчи С.Узаковга нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда, ЖКнинг 8-моддасидаги “Жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги” ҳақидаги нормаларга амал қилиб, шахсини, унинг оилавий шароитини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оиласини ягона боқувчиси эканлигини ҳисобга олди. Жиноят содир этиш мотив ва мақсадларини, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарлар қисман қопланганлигини инобатга олиб, унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, унинг ҳаракатлари талқин этилаётган ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди санкцияси доирасида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ миқдорда жазо тайинлашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблади.

С.Узаковни ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди (ЖКнинг 2016 йил 26 декабрь кунига қадар амалда бўлган) ҳамда 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топиб, ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми, 61 ва 60-моддалари талаблари асосида 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Суд, судланувчи С.Узаковдан жабрланувчи А.Фозиловга 695 000 сўм, жабрланувчи Б.Турғуновга 250 000 сўм, жабрланувчи М.Фозилжонов фойдасига 1 200 000 сўм, жабрланувчи М.Холдаров фойдасига 907 000 сўм, жабрланувчи Д.Азимов фойдасига 4 823 400 сўм миқдоридаги пуллар ундирилишини белгилаб ўтди.

Жабрланувчиларга етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарлар юзасидан фуқаролик суди тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

 

Жиноят ишлари бўйича

Бўз туман судининг девонхона мудири

Одилов Азизбек Арибжонович

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *