Махсус янгиликлар 0 Шархлар 796 кўрилди

18 январь — 52 ўзбекистонлик тириклайин ёнган машъум сана

янв 18 / 2019

alt

Бундан роппа-роса бир йил муқаддам 2018 йилнинг 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, Самара-Чимкент трассасида салонида 57 киши бўлган йўловчи автобуси ёниб кетганди. Ҳодиса оқибатида Қозоғистон орқали Россияга кетаётган 52 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. 3 нафар қозоғистонлик ҳайдовчи ва 2 нафар Ўзбекистон фуқароси фожиадан омон қолди. Автобуснинг ёниб кетишига расмий сабаб - техник носозлик ва хавфсизлик техникасига риоя қилмаслик экани маълум бўлди. 

Фожиа қурбонларининг 31 нафари Наманган, 16 нафари Фарғона ва 2 нафари Андижон вилоятидан. Шунингдек, улар орасида Тошкент ҳамда Сурхондарё вилоятлари фуқаролари ҳам бор эди.

Зудлик билан Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, Бош вазир раҳбарлигида махсус ҳукумат комиссияси тузилиб, уларнинг жасадлари ва жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди, оилаларига барча зарур бўлган ёрдамни кўрсатиш вазифаси юклатилди. Давлат раҳбари 52 нафар Ўзбекистон фуқароси оилаларининг барчасига бир марталик нафақа ажратиш тўғрисида топшириқ берди. Бундан ташқари ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам учун ташкил қилинган хайрия акциясида маблағ йиғилиб, тарқатилди. 

«Кечаги бўлган ҳалокат ҳам одамга кўп нарсадан далолат беради. Халқимиз олдида ҳали жуда-жуда қарзимиз кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрганлари, бу албатта, давлатчилик, давлат раҳбарияти нуқтаи назаридан, ҳамма тизимдаги раҳбарларга бу – энг катта хато ва камчиликларимизни ўз вақтида ҳал қилмаганимиздан далолат. Шунинг учун улар бегона юртларда сарсон-саргардон. Бечора, уларнинг ҳам умиди бор эди, не-не ниятлар билан боламни боқаман, отамга бир сўм олиб келаман, деб мана... Ёш-ёш йигитлар дейишяпти... Ҳаммаси ўзбекистонликлар... Албатта, жуда катта қайғудамиз, ота-оналарга ҳамдардлик юбордик».

Шавкат Мирзиёев.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида якунланган суд ишида автобус ҳайдовчиларига 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади, ҳалок бўлган 52 ўзбекистонликнинг оила аъзоларига 2 миллион тенге миқдорида (5300 доллар атрофида) товон пули тўланадиган бўлди.

Фожиадан сўнг  Президент қарори билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқаётган фуқароларга темир йўл ва авиачипталар нархларига чегирмалар тақдим этиш тизими жорий этилди. Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК 2018 йил 1 апрелдан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга чипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этиладиган бўлди. Шунингдек, мазкур харажатларни қисман қоплаш учун 300 минг сўм миқдорда беғараз тўлов бир йилда бир марта амалга оширилиши, банклар томонидан 1000 АҚШ доллари эквивалентида кредит ажратилиши белгиланди.

Афсуски, мудҳиш воқеадан сўнг ҳам ўтган йил давомида Ақтўбе ва ўзбекистонликлар номи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисида жуда кўплаб хабарлар тарқалди, уларда ҳам ўнлаб ҳамюртларимиз жабрланди, ҳалок бўлди. Бироқ фуқароларимиз нега кўрилган чоралар ва имтиёзлардан фойдаланмаётган(ёки фойдалана олмаётган)лиги, мудом ўз ҳаётини таҳликага қўяётганлиги ҳам тушунарсиз ҳам ачинарли ҳолат. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *