Жаҳон банкининг "Doing Business" рейтингида Ўзбекистоннинг қуйи ўринларда бораётгани сабаби айтилди

дек 02 / 2019

alt

Мамлакатимизда сўнгги йилларда бизнес юритиш ва тадбиркорлик қилиш учун қулай инвестицион муҳит яратилмоқда. Хусусан, хорижий инвестицияларни янада кенг жалб қилиш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлар қабул қилинди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги қарорига асосан 2019 йил 1 мартдан қурилиш монтаж ишларининг бошланиши ҳақида хабардор қилиш механизмини жорий этиш орқали уларни амалга ошириш учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинди.

Шундай бўлсада, қурилишга рухсат олиш соҳасида сунъий бюрократик тўсиқлар ҳалигача сақланиб қолаётганлиги сабабли Жаҳон банкининг “Doing Business” рейтингида Ўзбекистон айнан ушбу кўрсатгич бўйича энг пастги ўринлардан бирига (190 та давлат орасида 132-ўрин) лойиқ кўрилди.

Ҳозирги вақтда қурилиш монтаж ишларининг бошланиши ҳақида Қурилиш вазирлигининг қурилиш соҳасида назорат бўйича инспекцияларини тадбиркорлик субъектлари томонидан хабардор қилиш механизми жорий этилган бўлсада, ўтган давр мобайнида инспекция томонидан 1900 га яқин хабарномалар асоссиз равишда рад қилинган.

Ушбу ҳолатлар бўйича Давлат хизматлари агентлиги томонидан Қурилиш вазирлигининг қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекцияларининг 10 нафар масъул ходимларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2155-моддасига асосан маъмурий жарима жазолари қўлланилди, деб хабар қилади Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати.

Қабул қилинаётган қарорларнинг ўз вақтида ижро қилинмаслиги, нафақат аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузига салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *