Сингапур компанияси «Ўзбекистон» меҳмонхонасини сотиб олди

мая 28 / 2020
alt
Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхоналаридаги давлат улуши сотилган. Бу ҳақда Президент матбуот хизматининг 27 майдаги хабарида маълум қилинган. Кўп ўтмай Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзбекистон» меҳмонхонаси сотуви бўйича тафсилотларни очиқлади.
 
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги «Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 661-сон қарорига мувофиқ, «Otel Uzbekistan» МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши оммавий савдоларда сотилиши белгиланган.
 
Шунга мувофиқ, агентлик «Otel Uzbekistan» МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши дастлаб 33 млн долларга танлов савдолари орқали сотувга чиқарилган эди.
 
Мазкур давлат улушини сотиш шартлари этиб харид тўловини тўлашдан ташқари:
 
а) 2 йил муддатда 100 млрд. сўм инвестиция киритиш;
б) давлат улушини сотиб олгандан сўнг 10 йил давомида асосий фаолият турини (меҳмонхона хизматини кўрсатиш) сақлаш;
в) ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаш;
г) меҳмонхонани бошқаришга энг яхши менежерларни жалб қилиш белгиланганди.
 
Юқорида кўрсатилган нархда (33 млн. доллар) талабгорлардан мурожаат тушмагани сабабли, давлат улушининг бошланғич нархи президентнинг 2014 йил 3 июлдаги «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ–2200-сон қарорига асосан, 10 фоиздан босқичма-босқич 30 фоизгача пасайтирилган ҳолда 23,1 млн. доллар нархида танлов савдоларига чиқарилди.
 
«Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан салоҳиятли инвесторларни жалб этиш мақсадида меҳмонхона бизнеси ва туризм соҳасида фаолият юритаётган Буюк Британия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур давлатларининг бу соҳадаги таниқли кампаниялари билан музокаралар олиб борилди.
 
Музокаралар якуни бўйича якуний таклиф берган 6та компанияларнинг таклифлари ўрганиб чиқилди.
 
Ўрганиш натижалари бўйича, «Otel Uzbekistan» МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича «Bashan investment group pte ltd» (Сингапур) компаниясининг – 24 ой мобайнида 23,2 млн доллар тўлаш, 1,5 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиш ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш таклифи Давлат тендер комиссияси томонидан маъқулланди», – дейилади хабарда.
 
Ушбу қарорга асосан, агентлик ва Сингапур компанияси ўртасида шартнома имзоланган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *