Автомобилларнинг нархи нега оширилгани бўйича расмий изоҳ берилди

мар 11 / 2020
alt
UzAuto Motors компанияси нархларни қайта кўриб чиқиш қарори нархлар конъюнктураси, шунингдек, ички ва ташқи бозордаги умумий макроиқтисодий вазиятнинг ўзгариши билан боғлиқ эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда компания расмий баёнотида маълум қилинган.
 
Манбага кўра, 2020 йилнинг 4 мартига қадар шартнома имзолаган харидорлар учун шартномадаги барча шартлар сақлаб қолинади.
 
2017 йилнинг сентябрь ойида сўнги марта автомобиль нархлари ўзгарганидан буён долларнинг сўмга нисбатан айрибошлаш курси ўсди, хом ашё нархлари, коммунал хизматлар тарифлари, транспорт хизматлари нархлари ошди.
 
Бундан ташқари, аввал солиқ имтиёзларига эга бўлган UzAuto Motors компанияси 2019 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ солиқларни умумий асосларда, жумладан ҚҚС бўйича тўлашни бошлади. 2019 йилда компания 2,5 трлн. сўм солиқ тўлаган бўлса, жорий йил учун эса ушбу кўрсаткич 4,2 трлн. сўмни ташкил қилиши кутилмоқда.
 
Яқин келажакда компаниянинг ўзи учун белгилаган устувор йўналишлардан бири бу сўнги вақтда амалиётда кенг қўлланилаётган истеъмолчилар учун ажратиладиган автокредит ва муддатли тўлов тизимларини янада ривожлантиришдир. Ушбу йўналиш банклар билан яқин ҳамкорликни кўзда тутади. UzAuto Motors автомобиль кредитларини ривожлантиришга тайёр бўлган банклар билан ҳамкорлик учун доим очиқ. 
 
Айтиш жоизки 2019 йил давомида кредит дастурлари, муддатли тўлов ва бошқа махсус таклифлар натижасида истеъмолчиларга 52 мингдан ортиқ машина сотилди.
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *