"Қишлоқ қурилиш банк" ёшлар билан доимий мулоқотда

янв 08 / 2020

alt

Акциядорлик-тижорат
“Қишлоқ қурилиш банк” бошқаруви раиси Баҳодир Муллахонов банк тузилмаларида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ёш ходимлар билан учрашди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 декабрдаги ёшлар билан учрашувида белгиланган вазифалар ва уларнинг банк тизимидаги ижроси ҳақида сўз борди. Таъкидландики, “Қишлоқ қурилиш банк” тузилмаларида ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Банк тизимида фаолият кўрсатаётган 3100 нафардан ортиқ ходимларнинг 877 нафарини ёшлар ташкил қилади. Ҳар йили банк тузилмаларига олий ўқув юртларининг 100 нафардан ортиқ битирувчилари ишга қабул қилинмоқда. Банкнинг марказий идорасида ва 41 та филиалда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Етакчилар кенгаши фаолият юритмоқда. Биргина 2019 йилда банк томонидан 49 нафар ходим хорижий давлатларга малака оширишга юборилди.

Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтди ва банк раҳбари ёш ходимларнинг муаммолари, таклиф-мулоҳазалари билан қизиқди.  Ёшлар томонидан банк фаолиятини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш, ёш ходимларнинг билим ва малакаларини тизимли ошириб бориш ва уларни ижтимоий рағбатлантиришга доир қатор таклифлар ўртага ташланди.

- Биз ёшларда ғоялар ва фикрлар кўп, - дейди банк омонатлари билан ишлаш бошқармаси етакчи мутахассиси Беҳруз Муҳсинов. – Кўпдан бери ўйлаб юрган таклифларим бор эди. Бугунги тадбирда ўша таклифларимни раҳбариятга билдирдим. Масалан, банкнинг “QQB-mobile” мобил иловаси орқали  омонат амалиётларини бажариш  таклифим қўллаб-қувватланди. Расмиятчиликдан ҳоли бундай учрашувларда ёшларга минбар берилиши ўзимизга бўлган ишончимизни оширади ва биз банк жамоасининг тўлақонли аъзоси эканлигимизни чуқурроқ  англаймиз.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан билдирилган таклифларни банк фаолиятига татбиқ қилиш юзасидан тегишли тузилмалар раҳбарларига топшириқлар берилди ва бундай учрашувларни ҳар ойда камида бир марта ўтказиб боришга келишилди.

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *