Ucell Ўзбекистонда 5Gни синамоқда

сен 16 / 2019

alt

5G технологиясини татбиқ этишни тезлаштириш муҳим ва кераклилиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг апрел ойида Пекинда Huawei компаниясининг Тадқиқотлар ва инновациялар марказига ташрифи давомида айтиб ўтган.

Ўзбекистонда 5Gни татбиқ этиш бўйича Президент топшириғини бажариш учун “Coscom” МЧЖ (Ucell савдо белгиси) мобил алоқанинг бешинчи авлоди – 5Gни синаш жараёнини бошлади, бу технология ўзининг юқори тезликда маълумот узатиш имкониятлари билан чиндан ҳам инновацион ҳисобланади.

Замон технологик талабларига мос тарзда, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги операторлар, провайдерлар ҳамда Ўзбекистонга телекоммуникатсион қурилмаларни олиб келувчи мутахассисларни таклиф қилиб, мамлакатда 5G тармоғини татбиқ этиш бўйича таклифларни тақдим этишларини сўради.

Анъанавий тарзда Ўзбекистонда сўнгги технологияларни биринчилардан бўлиб татбиқ этувчи Ucell Компанияси таклифни қабул қилиб, сентябр ойида 5G тармоғини синаш учун рухсат олди.

Биринчи 5G тижорий тармоғини ривожлантириш учун Huawei компанияси томонидан тақдим этиладиган энг янги қурилмалар харид қилиниб, мамлакатга киритилди.

Шу кунларда Компания мутахассислари Компаниянинг Тошкентдаги бош офиси – Ucell Plaza’да биринчи 5G синовини ўтказди.

Реал шартларда қайд этилган максимал тезлик 1 Гбит/с.га яқин бўлди. SpeedTest сервиси ёрдамида амалга оширилган ўлчовлар 1 376 Мбит/с.гача юклаш тезлигини кўрсатди.

25-27-сентябр кунлари йиллик “ICT EXPO 2019” кўргазмаси доирасида Ucell иштирокчилар ҳамда меҳмонлар учун ёқимли сюрприз тайёрламоқда: синов режимида 5G қурилмасининг намойиши. Гап нафақат мумкин бўлган янги имкониятлар тақдимоти ҳақида, балки Компания стендида 5G технологиясининг афзалликларини синаш имконияти ҳақида кетмоқда.

Биринчи 5G тармоғининг тижорий қамрови шу йили Tashkent City Халқаро бизнес марказида Ucell компаниясининг мутахассислари томонидан жорий этилади.

Шундан кейин мобил тармоқнинг бешинчи авлоди кундан кунга янада кўпроқ ҳудудни қамраб боради ҳамда тез орада, HD-сифатида бир соатлик фильмни юклаб олиш учун сизга бир неча сония кифоя бўлади.

Дунё бўйлаб 5G татбиқ этганлиги ҳақида хабар берган давлатлар сони ошиб бормоқда.

Энди эса ушбу харитада Ўзбекистон ҳам бўлади.

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *