Тошкентда Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди

июл 20 / 2016

alt
Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо, сармоя, экспорт, нефть-газ, банк-молия, қишлоқ ва сув хўжалиги, авиаташув, фармацевтика, юқори технологиялар, сайёҳлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, кимё, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажмини янада ошириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Франция ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ва бизнес маслаҳатлашувлари ўтказилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарларни Францияга экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилди. 

Ҳукуматлараро комиссия мажлиси доирасида Ўзбекистонда асинхрон тортишли электр двигателлари ишлаб чиқариш, авиаташув ва фармацевтика соҳалардаги ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди. 

Франция делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида ҳам музокаралар ўтказди. 

Маълумот учун, савдо соҳасида Ўзбекистон билан Франция ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. 2015 йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 300 миллион доллардан ошди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ушбу кўрсаткич 150 миллион доллардан зиёдни ташкил қилди. Мамлакатимизда франциялик сармоядорлар иштирокида 15 корхона тузилган. Франциянинг 11 компанияси юртимизда ўз ваколатхонасини очган.