Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 4та эркин иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади

янв 14 / 2017

alt

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 январь куни «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги фармонини имзолади. Фармон матни ЎзАда эълон қилинди. 

Ҳужжатда белгиланишича, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ва Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари ташкил қилинади.Фаолият кўрсатиш муддати мобайнида «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режими амал қилади. 

Қуйидагилар «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланган: 

- ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш; 

- Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш; 

- мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш; 

- маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда эркин иқтисодий зоналар корхоналари ўртасида ва умуман республикада саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш; 

- ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг қарорлари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш. 

«Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ дирекциялари эркин иқтисодий зоналарнинг бутун фаолият кўрсатиш даврида солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни‚ Facebook‚ ҳамда‚ Telegram'да ҳам кузатиб боринг

  • Мехмон
    20 янвuary 2017, 17:05

    «Ҳазорасп» ЭИЗни «Питнак» ЭИЗ деб ўзгартириш керак эди, сабаби бу ЭИЗ Питнак шахрида ташкил қилинмоқда

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *