Сардоба тошқинида зарар кўрганларга 40 млн сўм берилади ва уйлар давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади

мая 15 / 2020
alt
Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба туманида маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашди. Президент сув омборида юз берган техноген авария жуда катта синов бўлганини, Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, тошқин оқибатларини бартараф этишга барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинганини яна бир бор қайд этди.
 
– Бу ишларни ташкил этиш ва Сирдарё халқидан хабар олиш учун бугун тўртинчи марта сизларнинг олдингизга келдим. Ҳар соат, ҳар дақиқа бу ердаги ишлар ҳолатини суриштириб турибман, телефон орқали ҳисобот оляпман, – деди давлатимиз раҳбари.
 
Аҳолининг турмуш шароитларини тиклаш асосий вазифа экани, зарарланган уйларни таъмирлаш ҳамда янги турар жойлар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилгани таъкидланди.
 
– Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади, – деди Президент.
 
Сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда.
 
Асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар хайрия маблағи ҳам шунга йўналтирилган. Сирдарё вилоятига кўмак учун ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда тадбиркорлар ҳам ёрдам кўрсатган.
 
Учрашувда қатнашган сардобаликларга тегишли сертификат ва банк карточкалари тарқатилди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *