«Ипотека-банк» 2020 йил охиригача хусусийлаштирилади

июн 27 / 2019

Похожее изображение

Ипотека-банк АТИБни ўзгартириш ва уни Халқаро молия корпорацияси иштирокида кейинчалик хусусийлаштириш режаси тасдиқланди.
 
Ипотека-банк ва ХМК томонидан ҳамкорлик дастури доирасида 2019 йил охиригача банкни ўзгартиришнинг кейинги босқичини амалга ошириш бўйича битимлар пакетини имзолаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ХМК Ипотека-банкка 35 млн АҚШ доллари эквиваленти миқдорида (Ўзбекистон сўмида) кредит тақдим этиб, чиқариладиган оддий акцияларга қўшимча равишда ушбу кредит бўйича қарздорликнинг жами суммаси ёки бир қисмини конвертация қилиш имконини беради.
 
Банкнинг мустақиллигини таъминлаш учун 2020 йил охиригача:
 
кузатув кенгаши ва бошқарув аъзолигига номзодлар давлат органлари ҳамда уларнинг раҳбарлари билан келишилмайди;
кузатув кенгашининг янги таркиби давлат органлари раҳбарларининг иштирокисиз шакллантирилади, мустақил директорлар сони 5 нафарга етказилади ҳамда кузатув кенгаши раиси улар орасидан сайланади;
кузатув кенгаши раҳбариятни (ижро этувчи органни) шакллантиради ва «Ипотека-банк»нинг бозор амалиёти стандартлари ва эҳтиёжлари асосида раис ва бошқарув аъзоларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини белгилайди;
банк лойиҳаларни бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда кредит билан таъминлаш ва молиялаштириш масалалари бўйича қарорларни мустақил қабул қилади;
банк маблағлари тижорат ташкилотлари устав капиталларига инвестиция ажратиш учун банк фаолиятига хос бўлмаган тарзда жалб қилинмайди.
 
Шунингдек, банк ўз инвестиция фаолияти натижасида ҳосил бўлган банк фаолиятига хос бўлмаган активларини сотади.
 
2 ой муддатда Ипотека-банкни хусусийлаштириш бўйича хусусийлаштириш жараёнининг асосий босқичлари ҳамда 2022 йил охиригача  томонлар мажбуриятини назарда тутувчи «Йўл харитаси» қабул қилинади. Бу пайтга келиб банк устав капиталида давлат улуши 50%дан камайтирилади. Хусусийлаштириш жараёнида Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг Ипотека-банк устав капиталига илгари киритган 50 млн АҚШ доллари эквивалентидаги улуши сотилади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *