Ўзбекистонда импорт ҳажми 10,8 фоизга пасайди. Бу борада Хитой етакчи

мая 23 / 2020
alt
Жорий йилнинг январ-апрел ойларида импорт ҳажми 6 млрд 406,3 млн. AҚШ долларини ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 89,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда давлат статистика қўмитаси хабар қилди. 
 
Товар ва хизматлар импорти динамикаси таҳлилига кўра, 2020 йилнинг дастлабки тўрт ойида импорт қилинган товарлар ҳажми 5 млрд 884,6 млн AҚШ доллари бўлса, хизматлар импорти эса 521,7 млн ни қайд этди.
Бу натижада импорт ҳажмининг 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 10,8 фоизга пасайганлигига тўғри келди.
 
Маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг январ-апрел ойлари якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси 128 давлат билан товарлар ва хизматлар импортини амалга оширган бўлса, улардан етти йирик ҳамкор давлатлар (Хитой, Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Қозоғистон, Туркия, Германия, Литва) жами импортнинг 72,0 фоизини қайд қилди, бу 4 млрд 611,6 млн. AҚШ долларига тенг.
 
Aлоҳида таъкидлаш лозимки, импорт бўйича ҳамкор давлатлар орасида Хитой Халқ Республикаси умумий ҳажмда 20,1 фоиз улуши билан (1млрд 287,1 млн) Россия Федерациясини (19,9%) ортда қолдирган ҳолда, биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга ғарб мамлакатлари ичида эса Германия ягона давлат бўлиб турибди.
 
Маълумот ўрнида, импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (36,3%), асосан материал турига қараб классификацияланган саноат товарлари (16,5%) ҳамда кимёвий воситалар (13,3%) ҳисобига тўғри келади.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *