Ўзбекистонда биринчи марта расмий секторда банд кишилар сони 300 мингдан ортди

июл 30 / 2019

alt

2019 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этди, бу 2018 йилнинг мос даври кўрсаткичига қараганда 0,2 фоизга камдир. Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида энг юқори ишсизлик даражаси қайд этилди – 9,4 фоиз, энг кам кўрсаткич эса - Тошкент шаҳрида (7,7 фоиз). Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба иқтисодиётнинг расмий секторида банд кишилар сони 300 мингдан ортди. Бу рақамлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг I яримйиллик якунларида келтирилди.
 
Ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1 342,6 минг шахсдан иборат бўлиб, ёшлар орасидаги (30 ёшгача) ишсизлик даражаси 15,1 фоизни, 15-25 ёшдагилар ўртасида – 16,8 фоизни, аёллар орасида эса 12,7 фоизни ташкил этди.
 
Меҳнат ресурслари сони 18 964 минг киши бўлиб, 2018 йилнинг январь-июнь ойлари кўрсаткичига нисбатан 1 фоизга ортган. Иқтисодий фаол аҳоли сони 2018 йил мос даври кўрсаткичларига қараганда 181,5 мингга ёки 1,2 фоизга ўсган. Иқтисодий нофаол аҳоли сони 4 213,0 кишини ташкил этди (0,1 фоизга ортган), бундай кўрсаткич ҳомиладорлик таътили, туғиш таътили ёки 2 ёшгача бўлган болалар парваришидаги аёллар сонининг 4,4 фоизга ошиши билан изоҳланади. Таъкидлаш жоизки, ўз хоҳишига кўра банд бўлмаганлар сони кескин камайиб, 805,6 мингдан 734 минг (8,9 фоиз)га тушган, бу эса аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллиги ортганлигини билдиради.
 
Бандлик тизимида иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони ўсгани ва норасмий сектордаги бандликнинг камайганлиги кузатилмоқда. Хусусан, иқтисодиёт соҳаларида банд бўлганларнинг умумий сони 13 408,4 минг кишига етди, бу 2018 йилнинг январь-июнь ойларидаги кўрсаткичга қараганда 1,4 фоизга кўпроқдир. Бунда иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони Ўзбекистон тарихида биринчи марта 326,3 минга ёки 6,2 фоизга ортиб, 5 593,6 минг кишига етди. Норасмий секторда банд бўлганлар сони эса аксинча, 137,7 минга ёки 1,7 фоизга камайиб, 7 814,8 мингни ташкил этди. Бу бевосита норасмий тадбиркорлик фаолияти ва иш ўринларини легаллаштириш чора-тадбирлари натижасидир.
 
Шунингдек, тадқиқот натижалари чет элга меҳнат миграциясига кетган шахслар сони 2018 йил мос даври билан қиёслаганда 1,9 фоизга, 2 644,1 мингдан 2 594,1 минга пасайганлигини кўрсатди.
 
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан биринчи маротаба ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича янги хизмат тури – Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан беғараз молиявий ёрдам кўринишидаги субсидия ва грантлар тақдим этиш жорий қилинди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *