Эксперт: Давлат ҳали ҳам "протекционизм бизни рақобатбардош қилади" деган бўлмағур ғояга ишоняпти

июл 02 / 2019
 
Картинки по запросу протекционизм
 
Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов Ўзбекистондаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан учрашуви чоғида улар қўллаб-қувватлаш учун импорт божларини, акцизларни оширишни сўрагани ҳақидаги репортаж юзасидан турли фикрлар билдирилмоқда. Улар орасида тадбиркорлар, иқтисодчилар ва муштарийлар ҳам бор: 
 
«Huggies Россияда ишлаб чиқарилади. 4 размердагисининг келиб тушиш нархи 900 сўмга тўғри келади, импорт билан бирга нархи шунақа. Kippers ички бозорга 1550 сўмдан сотади. Лекин сифат томонлама Huggies’га чой қуйиб беради. Нега энди истеъмолчи ҳам қиммат, ҳам нисбатан сифати пасроқ товар олиши керак?» — муштарий.
 
Бошқа муштарий яна бир қизиқ фикр билдирган:
 
«Импорт тайёр маҳсулот учун божларни оширишни сўрамасдан, импорт хомашё учун божларни бекор қилишни сўраса бўлмайдими жонкуяр ватанпарварларимиз».
 
Иқтисодиётчи Ботир Қобилов ёзяпти: 
 
«Исталган истеъмолчи шундай савол беришга ҳақли: давлатдан чегараларни ёпишда ёрдам сўраш ўрнига нега дастлаб самарали бўлишга, харажатларни қисқартиришга, сифатни яхшилашга, мижозлар талабини қондиришга, маркетинг билан шуғулланишга, бошқалар билан рақобатлашишга ва ҳоказоларга ҳаракат қилиб кўрмайсиз?
 
Маҳсулот Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганми ёки хорижда — бу истеъмолчиларни, айниқса улар камбағал бўлган бир вазиятда, кўп ҳам қизиқтирмайди. Истеъмолчиларга танлов имконияти берилиши керак. Ҳалол рақобат, бозордаги адолатли нарх ва яхши сифат ҳосиласи ўлароқ юзага келган танлов. Иккиламчи муаммолар эса — иккиламчи.
 
...Аввалги хатоларимиз шуни кўрсатмоқдаки, протекционизм (маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, ички бозорни ҳимоя қилиш) — бу ёмон ва ишламайди. Яна 2-3 йил протекционизмга чидаб туриш ҳақидаги илтимос эса такси ҳайдовчиси ёки бозордаги сотувчининг ‘озгина қўшинг’ деганидан ҳам ёмонроқ».
 
Иқтисодиётчи Беҳзод Ҳошимовнинг фикрлари:
 
«Ўзи божлар юқорилиги бўйича жаҳон чемпионимиз, импорт қилишга энг қийин бюрократия бўйича дунёда яққол пешқадаммиз... Лекин давлатимиз ҳали ҳам ‘протекционизм бизни рақобатбардош қилади’ деган бўлмағур ғояга ишоняпти. Яъни, шунча ҳимоя билан ҳам ҳеч нима ривожланмагани бизга сабоқ бўлмаяпти.
 
Ҳа, майли, нима ҳам қилардик. Халқ чидайверади-да. Чорак асрдан бери савдо учун чегараларимиз ҳеч очилмаган эди, яна чорак аср чидаб берамиз-да. Ундан кейин ўрганиб ҳам кетамиз. Қашшоқликка.
 
Вақтинчалик ҳимоя ҳақидаги гапни эса тарихни яхши билмайдиган инсон гапирганга ўхшайди. Божлар вақтинча бўлмайди. 4 йилдан кейин: «Бизда бу соҳада 10 минг одам ишлаяпти, энди божларни бекор қилсангиз, ҳаммаси кўчада қолади», деб келишади. Унда нима қиламиз?
 
Биласизми-йўқми, лекин бизда жуда кўп иқтисодиёт тармоқларига вақтинчалик ҳимоя қилиш Каримов ҳукумати даврида машҳур чора эди. Яъни, ‘ўзбек автомобиллари ҳам келажакда рақобатбардош бўлади, бу ҳимоя вақтинчалик чора’, дейишган эди. Тарихимизнинг деярли протекционист қарорлари ‘вақтинчалик’ эди. Ўхшамади-ку».
 
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ёмон кўрадиган Зафар Ҳошимовнинг фикрлари (улар Ҳошимовни чақирмай, унинг орқасидан роса гапиришганидан «Корзинка.уз»нинг асосчиси ва эгаси унчалик ҳам хурсанд эмас):
 
«Ҳа, биз хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импорти ва дистрибуцияси билан шуғулланамиз, аммо бу бизнесимизнинг бор-йўғи 20 фоизини ташкил этади. Савдоларимизнинг 80 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ташкил этади ва шу жиҳатдан сиз, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз, барча камчиликларда бошқаларни айблашдек болалар касаллигидан тезроқ даволанишингиз жуда муҳим аҳамиятга эга...
 
Давлатдан ҳимоя этиш талаби билан қилаётган ишингиз ўз истеъмолчиларингизга ўз маҳсулотингизни зўрлик ишлатиб, уларнинг хоҳишига ўлароқ, катта тарифлар орқали тиқиштиришдан бошқа нарса эмас. Бу уларнинг чўнтакларига бозор методлари эмас, балки очиқчасига маъмурий йўллар билан янада чуқурроқ кириб олиш истагидан бошқа нарса эмас».
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *