Давлат солиқ қўмитаси: Нарх-навони оширишга асос йўқ

янв 07 / 2019
Gaz zapravka.png
 
Давлат солиқ қўмитаси даромадлилик ва рентабеллик даражасини юқори миқдорларда сақлаш мақсадида айрим газ тўлдириш шохобчалари асоссиз равишда нархларни оширишга уринаётгани юзасидан ахборот берди.
 
Қўмита кузатувларига кўра, республиканинг айрим ҳудудларида автомобилларга хизмат кўрсатувчи  сиқилган ва суюлтирилган газ билан тўлдириш шохобчаларида ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан жорий йилнинг 4 январида 1 м3 метан газ нархи 1900 сўмдан 2200 сўмгача, яъни 300 сўмгача ҳамда 1 литр пропан газнинг нархи 200 сўмдан 500 сўмгача ошганлиги кузатилди. Айниқса, бундай ҳолат Тошкент шаҳри, Фарғона ва Тошкент вилоятларида кузатилган.
 
Давлат солиқ қўмитаси томонидан танлов асосида бир қанча метан газ қуйиш шохобчаларининг фаолияти таҳлил қилинганда, 2018 йилнинг 9 ойида 1 м3 метан газнинг ўртача нархи 1650 сўмдан сотилган бўлса, 4-чоракка келиб 1950 сўмгача оширилган. Жорий йилдан бошлаб эса ҳеч қандай асоссиз равишда 1900 сўмдан оширилиб, 2200 сўмгача сотилмоқда.
 
Натижада газ қуйиш шохобчаларининг рентабеллик даражаси 2018 йилнинг 9 ойлигидаги 20-29 фоиздан 45-60 фоизгача ошган. Агар ушбу шохобчанинг рентабеллик даражаси 30-36 фоиз миқдорида сақланган ҳолатда нарх 1800-1900 сўмдан ошмаслиги керак эди, дейилади ахборотда.
 
Давлат солиқ қўмитаси ҳисобида 2019 йилнинг 1 январидан амалдаги солиқ концепцияси доирасида 1 м3 метан газнинг нархи бор йўғи 210 сўмгача ошиши ҳам инобатга олинган. Жумладан, газ учун акциз солиғи киритилиши ҳисобига 55 сўм, ягона солиқ тўлов ўрнига қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк, ер солиғи ва фойда солиғи киритилиши натижасида 155 сўм ошиши мумкин эди.
 
Жорий йилнинг 1 январидан солиқ ўзгаришлари натижасида нархларни ўзгартирмасдан фаолият кўрсатилганида ҳам газ қуйиш шохобчаларининг рентабеллик даражаси 25-30 фоизни ташкил этади. Бу ўз навбатида, иқтисодиёт тармоғидаги рентабеллик даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирини ташкил этмоқда.
 
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан асоссиз равишда нархларни оширишга уринадиган “тадбиркорлар” фаолияти назорат қилиб борилади, дея таъкидланади қўмита ахборотида.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *