Автомобилда йўловчи ва юк ташиш лицензияси энди электрон шаклда расмийлаштирилади

дек 29 / 2019

alt

2020 йилнинг 3 январидан бошлаб автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини амалга ошриш учун лицензия ва лицензия карточкаларини электрон шаклда расмийлаштириш тизими тўлиқ ишга туширилади, деб хабар қилади Транспорт вазирлиги.

Энди юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар лицензия ва лицензия карточкаларини олиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган маъмурий регламенти соддалаштирилди. Ушбу маъмурий регламентга мувофиқ энди юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун фақат жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар. Аризачилар ва лицензияловчи орган ўртасидаги барча маълумотлар алмашинуви тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилади.

Ушбу жараён орқали лицензия талабгорларининг туманлардан вилоят марказларидаги транспорт бошқармаларига ва Тошкент шаҳрига келиб лицензия ва лицензия варақалари олиш учун мурожаат этишдаги ортиқча оворагарчилик ҳамда молиявий ҳаражатларнинг кескин қисқартирилишига эришилади.

Бундан ташқари лицензия ва лицензия варақалари энди QR-код билан ҳимояланган электрон кўринишга ўтказилди. Яъни лицензия ва лицензия варақаларини махсус бланкада бериш амалиётидан тўлиқ воз кечилди.

Ушбу тизимнинг йўлга қўйилиши билан аризачиларга шаффоф, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.


 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *