Қўқон Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилди

сен 14 / 2019

alt

Қўқон шаҳри Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилди. Бу ҳақда "Ўзбектуризм" қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

13 сентябрь куни Халқаро амалий санъат фестивали доирасида Бутунжаҳон ҳунармандларининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича кенгаши раҳбари Гада Каддуми хоним Қўқон ҳокими Маъруф Усмоновга шаҳарнинг Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига (ўймакорлик йўналиши бўйича) киритилгани тўғрисидаги сертификатни топширди.

Каддуми хоним ўз нутқида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга халқ-амалий санъатини қўллаб-қувватлаётганликлари ҳамда унга алоҳида эътибор қаратаётганликлари учун ташаккур изҳор қилди. 

"Халқ-амалий санъатининг Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланиши Бутунжаҳон ҳунармандларининг Осиё-Тинч океани минтақаси кенгаши фаолиятига бўлган эҳтиром ҳамда умумий мақсад ва вазифаларни эътироф этиш белгисидир”, - деди Каддуми хоним.

Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига 2014 йилда асос солинган ва бугунга келиб дунёнинг 36 шаҳри ундан ўрин олган. Таъкидлаш жоизки, Қўқон Марказий Осиё мамлакатлари кесимида Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилган биринчи шаҳар бўлди.

alt

Эслатиб ўтамиз,14 сентябрь куни Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали очилди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *