Таниқли шоир Азим Суюн вафот этди

мар 09 / 2020
alt
Узоқ давом этган хасталикдан сўнг машҳур шоир ва журналист Азим Суюн ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
 
Азим Суюн 1948 йил Самарқанд вилоятининг Накурт қишлоғида туғилган. 1977 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Журналистика факультетини битирган. У “Тошкент университети” газетасида адабий ходим, Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир, Ўзбекистон Матбуот давлат қўмитасида адабий маслаҳатчи, Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб, “Халқ сўзи” газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган. “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари бош муҳаррири вазифасида хизмат қилган. Ундан кейин “Гулистон” журналида ҳам бош муҳаррир бўлган.  
 
Азим Суюн Бутунжаҳон шоирлар конгресси аъзоси эди. У Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланганди. Шоирнинг шеърлари, шеърий туркумлари ва китоблари турк, инглиз, араб, рус, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман, қорақалпоқ, тува ва бошқа тилларда чоп этилган.
 
Азим Суюннинг “Сарбадорлар” трагедияси, “Замин тақдири”, “Ўзбекистон”, “Бир томчи сув денгизга айланган кеча ва ёки иморат” каби достонлари машҳур. “Эй дўст” номли туркум шеърлари халқ орасида севиб мутолаа қилинади.
 
Азим Суюн кенг қамровли драматург, публицист сифатида ҳам танилган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *